Жаҳон | 20:17 / 20.01.2024
11052
5 дақиқада ўқилади

Фюрерга менгзалган Нетаняҳу, суғуртаси 10 баробар ошган кемачилик ва кўкнорини тақиқлаган «Толибон» — кун дайжести

Сўнгги кун ичида дунёда содир бўлаётган аҳамиятли янгиликлар, воқеа-ҳодисалар ва баёнотларнинг қисқача шарҳи билан кун дайжестида таништирамиз.

Фаластиндаги вазият

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни замонавий фюрер деб атаб, ғарбнинг иккиюзламачилигига ишора қилди

«Улар замонавий фюрер Нетаняҳу ва унинг жамоасининг Фаластин халқига нисбатан қон ва адоватга йўғрилган, геноцидга тенг ваҳшийлигига индамасдан қараб туришибди», — деган Эрдўған.

Эрдўғаннинг айтишича, «инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига нисбатан доим панд-насиҳат қилиб келадиганлар 105 кундан буён гўдаклар, болалар ва аёлларнинг ўлдиришини кўриб кўрмасликка олишмоқда».

БМТ ҳам Жанубий Африка Республикасининг Исроилга нисбатан халқаро суддаги даъво аризасини қўллади. БМТнинг Фаластин масаласи бўйича махсус докладчиси Франческа Албанезе Ғазода геноцид амалга оширилаётгани эҳтимоли жуда катталигини таъкидлаган.

«Мен ЖАРнинг дастлабки чоралар кўриш тўғрисидаги аризасини қатъий қўллаб-қувватлайман, чунки Ғазода геноцид амалга оширилаётгани эҳтимоли катта, деб ҳисоблайман. Уч ойлик бомбалашлар оқибатларига қаранг. Аҳоли зич жойлашган ҳудудларда қўлланиши тақиқланган қуроллардан ҳам фойдаланилган», – деган Албанезе.

Қизил денгиздаги вазият

Ҳусийчилар Исроил билан боғлиқ бўлмаган кемаларга ҳужум қилмасликни ваъда қилишди. «Ансуоруллоҳ» вакили Муҳаммад ал Буҳайтий Яман атрофидаги сувлар маълум бир давлатлар, жумладан Исроил билан боғлиқ бўлмаган бошқа давлатларнинг кемалари учун хавфсизлигини айтди.

«Қолган давлатлар, жумладан, Россия ва Хитой кемалари учун минтақада ҳеч қандай таҳдид йўқ. Биз уларнинг кемалари Қизил денгиздан эсон-омон ўтиб олишини таъминлаймиз, чунки кемачилик мамлакатимиз учун катта аҳамиятга эга», — деган ҳусийчилар вакили.

Бунақа таҳдидлардан сўнг жаҳондаги суғурта компаниялари Қизил денгиз орқали сузувчи АҚШ, Британия ва Исроил кемаларини суғурталашдан бош тортмоқда.

Нуфузли Marsh суғурта компанияси вакили Маркус Бейкернинг сўзларига кўра, суғуртачилар нафақат Вашингтон, Лондон ва Тел-Авивга тўғридан туғри тегишли бўлган, ҳаттоки бироз алоқаси бўлган кемаларни ҳам суғурталашни рад этишмоқда. Қизил денгиздаги таранглик туфайли суғурта нархлари ҳам кескин, 10 мартага ошган. У сўнгги 10 йил ичида илк марта юк ортган кема қийматининг 0,1 фоизидан 1 фоизигача кўтарилган. Масалан, 100 млн долларлик юк ортиб кетаётган кема 1 млн доллар суғурта бадали тўлаши керак.

Эрон-Покистон қарама-қаршилиги

Покистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Эрон билан дипломатик муносабатларни тўлиқ тиклашга қарор қилди, деб ёзди Reuters ўз манбасига таяниб.

Ҳар иккала давлат бир-бирининг ҳудудига ракета зарбасини берганидан сўнг муносабатларда кескинлик ортган эди.

Бундан сал олдин Покистон ва Эрон ташқи ишлар вазирлари Жалил Аббос Жилоний ва Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён телефон орқали гаплашиб, хавфсизлик чораларини муҳокама қилган. Покистон Ташқи ишлар вазирлигининг хабар беришича, суҳбат чоғида вазирлар терроризмга қарши курашда ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олган.

Reuters хабарига кўра, дипломатик муносабатларни тиклаш доирасида аввал чақириб олинган элчилар Исломобод ва Теҳронга қайтади.

Ўртадаги таранглик 16 январ куни Эрон ҳарбийлари Покистондаги «Жайшул-Адл» балуж террорчилик гуруҳи қароргоҳига ракета ҳужумларини уюштирганидан бошланган эди. Орадан 2 кун ўтиб Покистон Эроннинг Сеистон ва Балужистон вилоятида жойлашган «балуж террорчилари бошпаналари»га ракеталар ва дронлар билан ҳужум қилган ва камида тўққиз киши ҳалок бўлганди.

Гиёҳвандликка қарши «толибон»

Толиблар ҳокимияти остида Афғонистон дунёдаги энг йирик наркотик моддалар учун хомашё етиштириб берувчи давлат мақомидан халос бўлди.

БМТнинг наркотик ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг аэрофотосуратларга қараб қилган ҳисоб-китобларига кўра, Афғонистонда кўкнори етиштириш 95 фоизга ёки 330 тоннагача камайган.

2022 йилда бу кўрсаткич 350-580 тоннани ташкил этган. Бунча миқдордан 24-38 тонна героин тайёрлаш мумкин.

БМТ маълумотларига кўра, бу борада етакчиликни Мянма ўз қўлига олган. Бу давлат 1080 тонна кўкнори етиштирган. 2020 йилда Афғонистонда жаҳондаги қорадорининг 70 фоизи етиштирилган. АҚШ қўшинлари чиқиб кетгач, толиблар кўкнори етиштиришни тақиқлай бошлаган.

Мавзуга оид