Ўзбекистон | 14:19 / 20.01.2024
3227
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда яйловларнинг 50 фоизидан ортиғи турли даражада инқирозга учраган – Сенат

Республикада 11 млн гектар яйловнинг табиий равишда ем-хашак ҳосил қилиш салоҳияти пасайиб, яроқсиз ҳолатга келиб қолган.

Сенат яйловлар деградациясининг озиқ-овқат хавфсизлигига, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ҳамда атроф-муҳитга салбий таъсири юзасидан Ҳукуматга парламент сўрови юборади.

Сенат ялпи мажлисида таъкидланишича, яйловлар ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлиб, минтақада экологик мувозанатни сақлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, чорвачиликни ривожлантириш ҳамда аҳолининг турмуш даражасини яхшилашда асосий табиий манбалардан бири ҳисобланади. Шу сабабли яйловларнинг табиий шароити, контурлари, тупроғи, улардаги ўсимликлар хилма-хиллиги, миқдори ва сув билан таъминланиш даражасини яхшилаш талаб этилмоқда.

Бугунги кунда 4,2 млн гектар яйловда геоботаник тадқиқотлар ўтказилиб, деградацияга учраган майдонларнинг хариталари тайёрланган ҳамда 420 минг гектар деградацияга учраган яйловларни қайта тиклаш ва яхшилаш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Сув билан таъминланмаган 144 минг гектар яйловда чорва молларини боқиш имконияти яратилган. 2022–2023-йилларда шахтали ва тик қудуқлар қазиш, насос станцияларини янгидан қуриш ҳамда реконструкция қилишга 40 млрд сўм миқдорида субсидия маблағлари ажратилган.

Бироқ олиб борилаётган ишлар билан бир қаторда яйлов ерларидан самарали фойдаланиш, уларни назорат қилиш ва деградацияга қарши курашиш бўйича айрим ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар долзарблигича қолмоқда.

Жумладан, республиканинг 21 млн гектар майдонини (умумий ер майдонининг 47 фоизини) эгаллаган яйловларнинг 50 фоизидан ортиғи турли даражада инқирозга учраганлиги, 11 млн гектар яйловнинг табиий равишда ем-хашак ҳосил қилиш салоҳияти пасайиб, яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Яйловларда чорва молларини алмашлаб боқиш тизими етарли даражада жорий этилмаганлиги ва чорва моллари сонининг кескин ортганлиги боис яйлов ерлари катта босим остида қолган. Бунинг оқибатида озуқабоп ем-хашак ўсимлик турлари сийраклашиб, йўқолиб кетиш даражасига етган.

Шунингдек, яйловлардаги ўсимликлар қопламининг ҳозирги ҳолати ва деградация жараёнларини, яйловларнинг хўжалик имкониятларини ўрганиш ва шу асосда яйловлардан оқилона фойдаланиш тизимини ишлаб чиқиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилмаяпти. Соҳада мутахассислар тайёрлаш тизими йўлга қўйилмаганлиги боис кадрлар етишмовчилиги юзага келган. Чўл ва ярим чўл ҳудудларида ихота дарахтзорларини барпо этиш, инқирозга учраган яйлов майдонларини қайта тиклаш ишлари амалга оширилмаганлиги туфайли шамол таъсирида тупроқ эрозияси кучайиб, чанг-тўзонларнинг ҳосил бўлиш жадаллиги ортиб бормоқда.

Сенаторлар томонидан ушбу масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида Ҳукуматга парламент сўровини юбориш тўғрисида Сенат қарори қабул қилинди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид