Жаҳон | 11:47 / 20.01.2024
4957
3 дақиқада ўқилади

Шолц ва Сунак Украинани қўллаб-қувватлаш масаласини муҳокама қилди

Лондон ва Берлин Киевни «катта ва барқарор» қўллаб-қувватлашда давом этади, деди Шолц Сунак билан суҳбатдан сўнг.

Фото: Reuters

Германия канцлери Олаф Шолц ва Британия бош вазири Риши Сунак Украинадаги вазият ҳақида телефон орқали мулоқот қилди – бу ҳақда Шолц 19 январ, жума куни X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида хабар берди. Лондон ва Берлин Россия Федерацияси томонидан бошланган урушда «Украинага жиддий ва барқарор ёрдам беришда давом этиши керак», деб таъкидлади канцлер постда

Суҳбат фактини Британия бош вазирининг идораси тасдиқлади. Унга кўра, Сунак Шолц билан яқинда Киевга амалга оширган ташрифини муҳокама қилган, у ва Украина президенти Володимир Зеленский икки давлат учун хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги битимни имзолаган. Бундан ташқари, Лондон Берлинга 2024 йилда Киевга ҳарбий ёрдам учун камида 2,5 миллиард фунт стерлинг (тахминан 2,9 миллиард евро) ажратиши ҳақида маълум қилди. 

Шолц ва Сунак, шунингдек, Германия ва Британия ўртасида мудофаа ва ҳаво мудофааси, Яқин Шарқда минтақавий барқарорликни қўллаб-қувватлаш, Европада миграция инқирози соҳасидаги «кенгроқ ҳамкорлик» масаласини кўриб чиқди, деб ёзади Даунинг-стритдаги офис. Мамлакат раҳбарлари «одам контрабандаси билан шуғулланувчи жиноятчилар тўдаларига қарши курашиш учун бутун қитъада қатъий, биргаликда ҳаракат қилиш муҳимлигини» қайд этди. 

Германия 2024 йилда Киевга ҳарбий ёрдам учун 7 млрд евро ажратади

Аввалроқ Германия ҳукумати матбуот хизмати Берлин 2024 йилда Украинага ҳарбий ёрдам учун ажратмоқчи бўлган маблағни деярли икки баравар оширишини маълум қилганди. 2023 йил охирида Германия бюджетини ишлаб чиқишда ушбу мақсадлар учун 4 миллиард евро ажратилган, аммо ҳукумат кейинчалик режаларни ўзгартирди.

Энди Германия, бошқа нарсалар қатори, мудофаа харажатларини ЯИМнинг 2,1 фоизигача оширади - буни НАТО стандартлари талаб қилади. Берлиннинг Киевни қўллаб-қувватлаши ҳам Россия-Украина уруши бошланганидан бери энг кенг кўламли бўлади - 2022 йил 22 февралдан 2023 йил декабригача Германия Киевга тахминан 6 миллиард евро миқдорида ҳарбий ёрдам кўрсатди. 

Европа АҚШдан ёрдам билан боғлиқ муаммолар фонида Украинани қўллаб-қувватламоқда

Европа давлатлари Киевни қўллаб-қувватлаётган бир пайтда, Украина АҚШдан ҳарбий ёрдам олишда муаммога дуч келмоқда. Сентябр ойида АҚШ Конгрессидаги Республикачилар партияси вакиллари Оқ уйнинг Киевга 61,3 миллиард доллар ажратиш режасини қўллаб-қувватламаган эди. Республикачилар ички муаммоларни ҳал этиш - мамлакатнинг Мексика билан чегарасини мустаҳкамлаш ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш учун ҳам қўшимча маблағ ажратишни талаб қилмоқда. 

Декабр ойи охирида Қўшма Штатлар Конгресс томонидан маъқулланган сўнгги траншни Киевга ўтказди. Шу фонда The New York Times газетасининг ёзишича, Киевга яқин орада Вашингтондан Patriot тизими учун ракеталар етказиб бериш тўхтатилади. 

Мавзуга оид