Жаҳон | 18:11 / 21.01.2024
46534
4 дақиқада ўқилади

Афғонистон устида йўқолган самолёт йўловчилари ҳақида маълумот берилди

Шанба куни кечқурун Афғонистоннинг Тожикистон билан чегараси яқинида Falcon 10 русумли хусусий самолёт қулаган. Манбаларга кўра, борт йўловчилари Анатолий ва Анна Евсюкова бўлишган. Анатолий Евсюков — Ростов областидан бўлган йирик тадбиркор эди.

Фото: Видеодан кадр

Falcon 10 самолёти маҳаллий вақт билан 20 январ куни соат 19 атрофида, Тожикистондаги Кўлоб шаҳридаги аэропортга қўниш учун йўл олганида радарлардан йўқолган. Манбаларга кўра, тахминан соат 19:05 да экипаж ёнилғи тугаётгани билан боғлиқ фавқулодда ҳолат ва Кўлобдаги аэропортга режадан ташқари қўнишга қарор қилгани ҳақида эълон қилган. Кейинроқ экипаж биринчи двигател, кейин эса иккинчи двигател ҳам ишдан чиққанини хабар қилган. 

Ҳалокат Афғонистоннинг чекка ҳудудида, мамлакатнинг энг шимолий нуқтасида рўй берган. Reuters манбасига кўра, қутқарув гуруҳи ҳалокат жойига етиб бориши учун 12 соатдан ортиқ вақт талаб этилади.

Росавиация маълумотига кўра, самолёт Ҳиндистоннинг Гая шаҳридан Москва областидаги Жуковский аэропорти томон учган, ёнилғи қуйиш учун Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида тўхташи керак бўлган. 

Аввалига самолёт «Газпромавиа» компаниясига тегишли экани ҳақида хабар тарқалди. Аммо Росавиация рўйхат рақами RA-09011 бўлган ушбу борт эгаси «Атлетик групп» МЧЖ ва «хусусий шахс» экани ҳақида хабар қилди. «Атлетик групп» бош директори Екатерина Агапова RT учун берган изоҳида компания ҳозирда бу маълумотни текшираётгани ҳақида айтган.

Россияда кучишлатар идораларга яқин бўлган телеграм-каналлар ҳалокат вақтида бортда экипажнинг тўрт аъзосидан ташқари Анатолий ва Анна Евсюковалар бўлгани ҳақида ёзди.

Ростов областидаги нашрлар бир неча бор волгодонсклик тадбиркор Анатолий Евсюков ҳақида ёзишган. Сиздирилган маълумотлар Анна Евсюкова тадбиркорнинг қариндоши ҳисобланишини тасдиқлаган (у қандай қариндош экани ҳақида маълумот топилмаган). «Агентство» тадбиркорнинг ўғли Дмитрий Евсюков билан боғланишга ҳаракат қилган, аммо у қўнғироқ ва хабарларга жавоб бермаган.

ОАВда Евсюков Волгодонскдаги «Машенка», «Атлант» ва «Авангард» бозорлари эгаси сифатида келтирилган. Маҳаллий нашрлар маълумотига кўра, у шунингдек шаҳар марказидаги 4,5 минг квадрат метр майдонга эга йирик савдо мажмуаси қурилишида буюртмачи бўлган.

«Известия» газетаси ҳалокатга учраган самолёт ҳақидаги хабарига ушбу тадбиркорнинг фотосуратини жойлаштирган ва уни ҳамда Анна Евсюковни «эр-хотин» деб таништирган.

aviation-safety.net сайти маълумотига кўра, серия рақами 128 бўлган Dassault Falcon 10 самолёти Россияга фақат 2023 йил октябрида олиб келинган ва RA-09011 рақами билан рўйхатдан ўтказилган. 2008 йилдан 2022 йилга қадар ушбу бизнес-жет CN-TKN борт рақами билан учган. 

Flightradar24 сервисига кўра бизнес-жет Ҳиндистондан эмас, Таиланднинг У-Тапао аэропортидан (Паттайядаги рейсларга хизмат кўрсатади) парвоз қилган. Ҳиндистонда (Гая аэропортида) самолёт ёнилғи қуйдирган. Кейинги тўхташ Тошкентда амалга оширилиши керак эди. Охирги манзил сифатида эса Москва областидаги «Жуковский» аэропорти этиб белгиланганди.

«Известия» маълумотига кўра, Евсюковлар Таиландга 2023 йил декабрида оилавий бўлиб боришганди, кейин эса Анна касалликка чалинган ва шу вақтга қадар Паттайядаги шифохонада даволанган. Маҳаллий шифокорлар у номаълум инфекцияга чалингани ташхисини қўйишган ва сунъий нафас олдириш аппаратига улаб, даволаниш учун Россияга қайтишни тавсия этишганди.

Мавзуга оид