Ҳорливка атрофидаги дронлар ротаси ва фронтдаги «кошмаромобил». Уруш суратлари
Украинада урушнинг 696-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Россия 2024 йил ёзида Украина навбатдаги кенг кўламли ҳужум уюштиришни режалаштирмоқда, бу ҳақда украиналик мулозимларга таяниб Financial Times хабар берган.
- Прокурор «военкор» Владлен Татарскийнинг ўлимида айбланган Даря Трепова учун 28 йил қамоқ жазоси сўради.
- «Кўпинча бу можаро музлатилишига олиб келади». Зеленскийнинг офиси раҳбари Украина қўшини мудофаага ўтишига қарши.
- Словакия Россия ва Беларус билан маданий ҳамкорликка қўйилган тақиқни бекор қилди, бундай тақиқ Россиянинг Украинага босқини бошланганида, олдинги ҳукумат томонидан жорий этилганди.
- Сафарбар этилганларнинг турмуш ўртоқлари Путиннинг сайловолди штабига келишди ва у қачон демобилизация тўғрисидаги фармонини имзолашини сўрашди. Қабулхона ходими эса урушга фақат кўнгиллилар кетгани, боришни истамаганлар мамлакатни тарк этганини айтган.
- Камчаткада суд Украинада жанг қилишдан бош тортган шартнома асосида хизмат қилувчи етти ҳарбийни колонияга юборди.
- «Коммерсант» хабарига кўра, Россияда суд илк бор Украинадаги уруш иштирокчиси бўлган ва ўз қуролдошини ўлдирган шахсни оқлади.
- Армия тўғрисидаги «фейк» ва бошқа қатор жиноий моддалар бўйича айбланганларнинг мол-мулкини мусодара қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Давлат думаси кўриб чиқиши учун 22 январ куни киритилади.
- Америка ва ғарбдаги бошқа мамлакатларнинг разведка хизматлари ҳисоблашича, Украинадаги уруш камида яна икки йил давом этади.
- НАТО ҳарбий қўмитаси раҳбари алянс мамлакатларини келгуси 20 йиллик ичида Россия билан уруш чиқишига тайёр бўлишга чақирган.
- Болтиқбўйи мамлакатлари Россия билан чегарада «мудофаа линияси» қуришга келишиб олди.
Кун кадри. Краматорск бозорида бомбапанагоҳ
Донецк областида фронт бўйидаги Краматорск шаҳри — муҳим транспорт тугуни ҳисобланади. Украина ҚК жангчилари яқинлари билан кўришиш учун фронт чизиғидан шу ерга келишади.
Россиянинг кенг кўламли босқинига қадар Краматорскда 250 минг атрофида одам яшаган. 2022 йил ёзида эвакуация бошлангач, шаҳар аҳолиси 50 минггача қисқарди, аммо кейин яна аста-секин оша бошлади. Ҳарбийлар ва уларнинг қариндошлари тўпланиши туфайли Краматорскда савдо ривожланмоқда ва қаҳвахоналар очилмоқда, деб ёзган Украинадаги Liga.net нашри 2023 йил ноябрда.
Шу билан бирга, россияликлар ракетаси учирилганидан бир дақиқадан кам вақт ичида шаҳарга етиб келади. Краматорскликларнинг айримлари тўғридан тўғри бомбапанагоҳ олдида савдо қилади.
Ҳорливка яқинида FPV-дрон ишлатаётган украин ҳарбийлари
2022 йил охири — 2023 йил бошида Украинадаги урушда «дронлар инқилоби» рўй берганди: икки армияда ҳам амалда ҳар бир бўлинмада тижорий разведка дронлари пайдо бўлди. Кейинроқ улар граната ва бошқа ўқ-дорилар ташиш ва ташлашга мослаштирилди. 2023 йилда аввалига Украина ҚК, кейин эса РФ қуролли кучлари ҳам минглаб камикадзе дронлар (FPV-дронлар) қабул қилиб олди. Бу эса фронт чизиғи ва унинг ортидаги ҳудудлар икки армия разведкаси учун ҳам «кўриниб туриши»га олиб келди. Аниқланган нишонларга дронлар орқали дарҳол зарба бериш мумкин — ёки улар ҳақидаги маълумотлар артиллерияга юборилади ва улар оператив тарзда ўт очиб, объектларни йўқ қилади.
Донецк областида Украина ҚК ярадор жангчилари эвакуацияси
Оккупация остидаги Ҳорливка ўққа тутилиши оқибатлари
Донецк областининг Ҳорливка шаҳри 2014 йил апрелидан буён «ДХР» кучлари томонидан назорат қилинади. Шу билан бирга, у қўшинларнинг туташув чизиғидан бир неча ўн километр масофада бўлиб, кенг кўламли босқин бошлангач унинг интенсив ўққа тутилиши кескин ортган. 20 январга ўтар кечаси йўлланган навбатдаги зарбалардан кейин тинч аҳоли вакиллари бўлган тўққиз киши, жумладан тез тиббий ёрдам ходими жароҳатланган, деб хабар берган маҳаллий расмийлар.
Қўлбола баравар ўт очиш реактив тизимидан фойдаланаётган украин артиллериячилари
Бу ҳафта Украина қуролли кучлари «кошмаромобил»ни намойиш этишди — бу 56-алоҳида мотопиёдалар бригадаси жангчилари кўнгиллилар билан биргаликда ясаган мобил баравар ўт очиш реактив қурилмасидир. «Кошмаромобил»да снарядлар отувчи қисм «Град» тизимидан олинган ва пикап устига ўрнатилган.
«„Кошмаромобил“ фавқулодда мобил ва ихчам бўлиб, душман дронларига деярли тутқич бермайди, аниқ разведка маълумотларига эга бўлганида эса душманнинг жонли куч ва техникалари томон самарали ракета зарбалари йўллай олади», — дейилади 56-бригада матбуот хизмати хабарида.
Эммануэл Макрон Украинага жўнатиш учун тайёрланган гаубицаларни кўздан кечирмоқда
18 январ куни Украина мудофаа вазири Рустем Умеров Франция Украинага яқин ҳафталарда Caesar русумли олтита ўзиюрар артиллерия қурилмаси юбориши ва йил охиригача яна 72 та қўшимча қурилма тайёрлаб беришини маълум қилди.
«Ўқ-дори тақчиллиги — қуролли кучларимиз дуч келаётган ниҳоятда долзарб муаммо. Артиллерия коалицияси бу муаммоларни ҳал этишга аҳд қилган», — дея қўшимча қилган Умеров.
RFI нашри ёзишича, Франция ва АҚШ раҳбарлигидаги «артиллерия коалицияси» — «Рамштайн» формати сифатида маълум бўлган Украина мудофааси бўйича контакт гуруҳининг муҳим компонентларидан биридир. Бу гуруҳ 50 дан ортиқ мамлакатни ўз ичига олиб, Украина қуролли кучларини қурол-яроғ билан таъминлаш учун тузилган.
Аннексия қилинган ҳудудларда бут ювиш байрамига тўпланган россиялик ҳарбийлар
Мавзуга оид
21:05 / 10.11.2024
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
20:11 / 10.11.2024
Россия Курск областига ҳужум учун 50 минг кишилик қўшин тўплади — NYT
19:02 / 10.11.2024
The Guardian: Буюк Британия ҳукумат алмашганидан кейин Украинага ракеталар етказишни тўхтатди
13:30 / 10.11.2024