Иқтисодиёт | 20:15 / 22.01.2024
9235
3 дақиқада ўқилади

Маиший техника импортига антидемпинг божи ўрнатиш режалаштирилмаган — “Ўзэлтехсаноат”

Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев раислигидаги ҳукумат комиссиясига электротехника корхоналарини қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар кўриш ваколати берилди. Аввалроқ бу комиссия маиший техника импортига антидемпинг божлари жорий этиш бўйича таклиф киритиш топшириғини берганди. “Ўзэлтехсаноат”нинг маълум қилишича, ўрганиш хулосаларига кўра янги турдаги божни киритиш режа қилинмаган.

Фото: ClimStore

Ўзбекистонда хорижан маиший техника товарлари олиб келишда антидемпинг божлари ўрнатиш режалаштирилмаяпти. Бу ҳақда “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси маълум қилди.

Аввалроқ хабар берилганидек, бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилигидаги Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича ҳукумат комиссиясининг 25 декабрдаги 118-сонли баённомасига кўра, масъул ташкилотларга маиший техника импортида антидемпинг божлари жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топшириғи берилган.

“Бугунги кунга келиб, антидемпинг божини жорий этиш масаласини ўрганиш хулосаларига кўра, уни жорий этиш режалаштирилмаган.

Ушбу баёнда кўрсатилган баъзи таклифларгина 2024 йил 10 январ куни қабул қилинган президент қарорида акс этди.

Масалан, солиқ имтиёзларини 2027 йил 1 январга қадар узайтириш таклифи бунга мисол бўла олади. Лекин ушбу солиқ имтиёзларидан кўзланган асосий мақсад шундаки, солиқ имтиёзидан келадиган фойда тадбиркорлар учун дивиденд кўринишида эмас, балки янги ишлаб чиқариш қувватларини, иш ўринларини яратиш ва мавжуд имкониятларни модернизация қилишга йўналтирилади”, – дейилади “Ўзэлтехсаноат”нинг 22 январ кунги баёнотида.

Уюшма комиссия баённомасидан ўрин олган бошқа масалаларга тўхталмаган. Хусусан баённомада электротехника саноатидаги маҳаллий корхоналарга экспортда валюта курсини ҳедж қилиш хизматларидан фойдаланиш ва хомашё импортидаги транспорт харажатларини қоплаб бериш ҳам кўзда тутилган эди.

Таъкидлаш лозим, 10 январдаги президент қарори билан, бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев раислигидаги ҳукумат комиссиясига 2027 йил 1 январга қадар электротехника соҳаси корхоналарини қўшимча қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар кўриш ваколати берилган. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги комиссия қарорларига асосан электротехника соҳаси корхоналарини қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари учун зарур маблағлар ажратиб бориши керак.

Шунингдек, қарорга биноан:

  • 2024 йил 1 февралдан эътиборан Ўзбекистонга дазмол, микротўлқинли печ, кир ювиш машинаси, кондиционер каби бир қатор маиший техникаларни олиб киришда ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили мавжуд бўлиши талаби киритилди (Адлия вазирлигига кўра, қарор лойиҳасининг ҳуқуқий экспертиза учун вазирликка тақдим этилган вариантида бу банд бўлмаган);
  • 2027 йил 1 январгача электротехника маҳсулотларини сотишдан тушган тушуми миқдори умумий тушумининг 80 фоизидан кам бўлмаган электротехника тармоғи корхоналарига фойда солиғи ва мол-мулк солиғи бўйича ставкалар 50 фоизга камайтирилди;
  • электротехника саноатида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун 2024-2026 йилларда тадбиркорларга 3 йиллик имтиёзли давр билан 10 йил муддатга йиллик 7 фоиз ставкада жами 100 млн доллар кредитлар ажратилади.

Маълумот учун, антидемпинг божи – ишлаб чиқарувчи мамлакатнинг ички нархларидан паст нархларда, яъни демпингдан фойдаланган ҳолда импорт қилинадиган товарлар учун қўшимча бож.

Мавзуга оид