Миллий қонунчилик нормалари ЖСТ битимларига уйғунлаштириляпти
Сенат қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида “Айрим қонун ҳужжатларига миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қонунда интеллектуал мулк, реклама ва давлат божи билан боғлиқ бўлган миллий қонунчиликнинг қатор нормаларини Жаҳон савдо ташкилотининг талабларига уйғунлаштириш мақсадида “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги, “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги, “Реклама тўғрисида”ги, “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги ва “Давлат божи тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилган.
“Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгартириш йиллар давомида саноат ишлаб чиқаришга жорий қилинмаган ихтироларни ёки фойдали моделларни амалиётга жорий қилинишини таъминлашга, янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ва бозорни тўлдиришга хизмат қилади.
“Реклама тўғрисида”ги қонун Жаҳон савдо ташкилотининг Хизматлар савдоси бўйича бош битимида назарда тутилган меъёрлар билан ўзаро мувофиқлаштирилиб, эркин рақобат муҳитининг яратилиши кўзда тутилган.
“Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунга ҳам Жаҳон савдо ташкилоти битимларидан келиб чиқиб, қўшимча меъёрлар киритилаётган бўлиб, унга кўра фармацевтика соҳасига клиник тадқиқотлардан олдинги ва клиник тадқиқотлар натижалари бўйича олинган маълумотларни самарали ҳимоя қилиш механизмини жорий қилиш орқали оригинал дори воситалар ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқи ҳимоя қилинмоқда.
“Давлат божи тўғрисида”ги қонунга хорижий инвестицияга эга ҳамда маҳаллий корхоналарга бир хилда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга қаратилган ўзгартиришлар киритилмоқда. Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божи ставкаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 1 баробаригача туширилмоқда.
Қонунда ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналарини ҳуқуқий муҳофаза қилиш учун патент беришга, расмий экспертиза ўтказишга ва маълумотларни эълон қилишга талабнома бериш учун давлат божлари миқдорлари Интеллектуал мулкнинг савдо жиҳатлари бўйича ЖСТ битими талабларига уйғунлаштирилмоқда.
Муҳокамадан сўнг сенаторлар ушбу қонунни маъқуллади.
Мавзуга оид
14:35 / 04.11.2024
АҚШ Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини қўллаб-қувватлади
20:26 / 09.10.2024
“ЖСТга аъзоликдан кейин йирик корхоналарга 2-3 йиллик ўтиш даври берилади” – Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари
07:50 / 25.09.2024
Икки ойда 3,1 млрд сўмлик давлат харидлари қонунчиликка зид тарзда ўтказилишининг олди олинди
11:52 / 14.09.2024