Иқтисодиёт | 11:24 / 22.01.2024
13484
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда камбағаллик чегараси янгиланди

Ўзбекистонда 2024 йил учун минимал истеъмол харажатлари миқдори киши бошига 1 ойга 621 минг сўм деб белгиланди. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 9,3 фоизга юқори.  

Фото: Kun.uz

2023 йилдаги йиллик инфляция даражасидан келиб чиқиб, 2024 йил учун ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари қиймати бир ойда киши бошига 621 минг сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Статистика агентлиги хабар берди.

Маълумот учун, Ўзбекистондаги минимал истеъмол харажатлари миқдори 2021 йилда 440 минг сўмни ташкил этган, 2022 йил январидан бошлаб эса 498 минг сўм деб белгиланганди. Сўнгги марта бу миқдор 2023 йил июл ойида 498 минг сўмдан 568 минг сўмгача оширилганди.

Жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатларидан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланиш кенг тарқалган бўлиб, мазкур кўрсаткичдан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

  • давлатнинг моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларига муҳтож аҳолининг мақсадли (таргет) гуруҳини аниқлаш;
  • мамлакатнинг камбағаллик чегарасини белгилашда фойдаланиш ва бунда таргет гуруҳдаги аҳолининг реал истеъмол хусусиятлари ва талабларини инобатга олиш;
  • камбағалликка қарши курашиш стратегияси ва дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирларнинг натижадорлиги ҳамда манзиллилигини ошириш, шунингдек, уларнинг доимий мониторингини юритиш;
  • пенсиялар ва нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилаш, шунингдек, камбағал оилаларга бериладиган бошқа турдаги моддий кўмакларни кўрсатишда мезон сифатида.

Мавзуга оид