Тошкентнинг учта туманидаги 160 та корхона чангни ушлаб қолувчи филтрлар ўрнатишга муҳтожлиги маълум бўлди
Экология вазирлиги Чилонзор, Сергели ва Янгиҳаёт туманларида жойлашган, атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифаларига мансуб 160 та корхонага чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш ҳақида огоҳлантириш берди.
Ўзбекистон Экология вазирлиги Тошкент шаҳридаги атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи корхоналарда мониторинг ўтказилгани ҳақида хабар берди.
Мониторинг натижаларига кўра, Чилонзор туманидаги атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифасига мансуб 70 та корхонага, жумладан, бетон, ун маҳсулотлари, керамика ва кафел, мато-газлама ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган корхоналарга чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш тўғрисида огоҳлантириш хатлари берилган.
Худди шундай хатлар Сергели туманида 68 та корхонага, Янгиҳаёт туманидаги 22 та корхонага ҳам жўнатилган.
Вазирлик хабарида айтилишича, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасига асосан, 2024 йил 12 январ ҳолатига Тошкент шаҳрида жойлашган 42 та корхона томонидан чора-тадбирлар режаси тақдим этилган. Шундан атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича 75 та тадбир белгиланган.
Ҳар чоракда корхоналар томонидан амалга оширилган ишлар, жумладан 1517 та атроф-муҳитга таъсирни кўриб чиқиш, 221 та атроф-муҳитга таъсир оқибатларини меъёрлаштириш, 371 та атмосфера ҳавосига ташланадиган ташламаларни меъёрлаштириш, 651 та чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши ва жойлаштирилишини меъёрлаштириш ва 3 та очиқ сув ҳавзаларига ташланадиган оқоваларни меъёрлаштириш тўғрисида маълумот бериб борилади.
Қайд этилишича, юқоридаги лойиҳа ҳужжатларидан 2392 тасига ижобий хулоса берилган. 321 таси қайта кўриб чиқиш учун қайтарилган ва 50 тасига салбий хулоса берилган. 189 та объект кўрсатилган камчиликларни бартараф этганидан кейин экологик экспертизанинг ижобий хулосаси берилган.
“2022 йилда 2460 та ҳужжатга экологик хулосалар берилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 303 тага кўпайди. Жумладан, Чилонзор, Янгиҳаёт ва Сергели туманларидаги корхоналар ҳудудида ўрганиш ишлари ўтказилиб, экологик норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш юзасидан мажбурий кўрсатмалар берилди”, – дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Экология вазирлиги ўтказган матбуот анжуманида журналистлар Тошкент шаҳри ва вилоятида ҳавони ифлослантирувчи нечта корхона борлиги, уларнинг атмосферага ташланмаларни тозаловчи филтрлар билан жиҳозланганлик ҳолати, улардан қанчаси белгиланган талабларга жавоб бермаслигини сўраган эди. Вазирлик вакиллари қўлларида аниқ статистика йўқлигини, бу маълумотни Kun.uz'га тез орада тақдим этишларини маълум қилганди. Бироқ бу сўровга ҳали жавоб берилганича йўқ.
Мавзуга оид
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024
“Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналарнинг 60 фоизи кўмир, резина шиналар ёқяпти” – Экологик партия
20:44 / 06.11.2024