Иқтисодиёт | 09:46 / 23.01.2024
5870
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони автомобилсозликда янги лойиҳани амалга ошириши мумкин 

Ар-Риёд шаҳрида қўшма сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Фото: «Дунё» АА

Ўзбекистон элчихонаси кўмагида мамлакатдаги Orient Motors компанияси вакиллари ва Саудия Арабистони Инвестиция вазирлиги хорижий инвестицияларни жалб этиш департаменти масъул вакили Фаиз Абдуллоҳ ўртасида учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ишбилармон доира вакиллари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини жадаллаштириш, хорижий инвестициялар алмашувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Orient Motors компанияси вакиллари режалаштирилган бизнес лойиҳани тақдим этди. Хусусан, автомобилсозлик соҳасидаги янги инвестициявий лойиҳани биргаликда амалга ошириш таклифи илгари сурилди.

Саудия вакили ўзбек томонининг таклифлари ҳамкорлик учун муҳим йўналишлардан бири эканлигини таъкидлаган ҳолда ушбу лойиҳани амалга оширишдан манфаатдорлигини билдирди.

Учрашув якунида компания вакиллари ва Саудия Арабистони Инвестиция вазирлиги инвестицияларни жалб қилиш бўйича департаменти мутахассислари ўртасида навбатдаги учрашувни ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди.

Мавзуга оид