Ўзбекистон | 10:22 / 23.01.2024
6366
4 дақиқада ўқилади

«Шарқ» нашриёти бинолари Моддий маданий мерос объектлари рўйхатидан чиқарилди

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 январдаги қарори билан Тошкент шаҳар Буюк Турон кўчаси 41-уйда жойлашган «Шарқ» нашриёт-матбаа корхонаси бинолари Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатидан чиқарилди.

Фото: Kun.uz

«Шарқ» нашриёт-матбаа корхонасининг Буюк Турон кўчаси, 41-уй манзилида жойлашган бинолари Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатидан чиқарилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Қонунчилик маълумотлари миллий базаси — «Lex.uz»даги Миллий рўйхатга киритилган ўзгартишларга таяниб, Gazeta.uz хабар берди.

Ўзбекистонда моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхати Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги қарори билан шакллантирилган. Қарорнинг иловасининг аввалги таҳририда Тошкент шаҳридаги моддий маданий мерос объектлари рўйхатида 87-рақам остида 1927 йилда қурилган «Илгариги «Правда Востока» газетаси босмахонаси биноси», 88-рақам остида эса ХХ аср давомида шаклланган «Шарқ» нашриёти матбаа корхонаси бинолари» кўрсатиб ўтилган эди.

Қарор иловасига Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 январдаги 28-сонли янги қарори асосида ўзгартириш киритилган. Янгиланган қарор иловасида Тошкент шаҳридаги моддий-маданий мерос объектлари рўйхатида 87 ва 88-объектлар йўқ, рўйхатда 86-объектдан кейин 89-объект келади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 январдаги 28-сонли қарори очиқ эълон қилинмаган, «Lex.uz» базасида ҳам унга жонли ҳавола берилмаган.

Амалга ошмай қолган хусусийлаштириш

Ўтган йилнинг сентябр ойида Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан ЎзА ва «Шарқ» нашриётига тегишли Тошкентдаги бинолар (умумий ер майдони 3,02 гектар, бино майдони 56,5 минг кв.м.) яхлит комплекс сифатида хусусийлаштиш учун оммавий аукционга қўйилгани маълум қилинганди. Шундан сўнг, Маданий мерос агентлиги ҳар иккала бино Ўзбекистон моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилганини эслатиб, уларни аукциондан олиб ташлаш бўйича огоҳлантириш берганди.

«Шарқ» нашриёти матбаа корхонаси АЖ бинолари (Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Буюк Турон кўчаси, 41-уй манзилида жойлашган) Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги қарори билан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига маданий мерос объекти сифатида киритилган. Объект 1979-1983 йилларда қурилган жами 14 та бино, 2 та бино қисми ҳамда 5 та иншоотдан иборат бўлиб, умумий майдони 60 736 м2 ни ташкил этади.

“Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддасига мувофиқ, давлат мулкида турган моддий маданий мерос объектлари давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши мумкин эмаслиги белгиланган”, – дейилганди Маданий мерос агентлигининг расмий хабарида.

Аввалроқ, «Шарқ» Учтепа туманидаги Катта Хирмонтепа кўчасида жойлашган манзилга(ушбу манзилда Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли компаниялар жойлашган), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) шаҳарнинг Миробод тумани Матбуотчилар кўчасида жойлашган Матбуот уйига кўчирилиши хабар қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, Буюк турон кўчасида жойлашган собиқ МХХ биноси ҳам хусусийлаштирилган эди. Бино сотувга қўйилган пайтда маданий мерос объектлари рўйхатида турган. Таъсисчиси собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли бўлган Metropol гуруҳи ушбу давлат мулкини сотиб олгани 2021 йил 17 июнда эълон қилинган, худди шу кундан эътиборан бино ҳукумат қарори билан маданий мерос объектлари рўйхатидан ўчирилган. Бино 2023 йил ёзида бузиб ташланди, ўрнида йирик меҳмонхона қурилиши кўзда тутилган.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид