Жаҳон | 15:51 / 24.01.2024
10784
6 дақиқада ўқилади

“Кўмирдан фойдаланиш сезиларли даражада тезроқ камайиши керак” – Халқаро энергетика агентлиги

Агентликнинг 2023 йиллик ҳисоботида Осиё мамлакатларида кўмирдан фойдаланиш салкам 10 фоизга ошгани, Евроиттифоқ ва АҚШда эса бу кўрсаткич 20 фоизга камайгани келтирилган. 2026 йилгача бутун дунёда кўмирнинг глобал истеъмоли камайиши прогноз қилиниб, шу билан бирга қайта тикланувчи энергия қувватлари кенгайиши муҳимлиги эслатилмоқда.

Фото: AP

Халқаро энергетика агентлигининг (IEA) йиллик кўмир бозори бўйича ҳисоботига кўра, 2023 йилда кўмир истеъмоли энг юқори кўрсаткичга чиққан. Аммо бу йилги ҳисоботда биринчи марта рақамлар камайишига оид прогнозлар берилмоқда. Унга кўра, кўмирга бўлган талаб 2026 йилга қадар камайиши мумкин.

Маълумотлар ўтган йил давомида бутун дунё миқёсида кўмирга бўлган глобал талаб 1,4 фоизга ўсиб, биринчи марта 8,5 миллиард тоннадан ошганини кўрсатди. Бироқ ҳар минтақада бу рақамлар турлича тақсимланган, ҳатто баъзи ҳудудларда кўмир истеъмоли камайган.

Агентлик тақдим қилган ахборотда 2023 йилда Европа Иттифоқи мамлакатлари ва АҚШда кўмирга бўлган талаб рекорд даражада – 20 фоизга пасайгани келтирилган. Ривожланган ва ривожланаётган иқтисодга эга мамлакатларда бу ҳодиса қайта тикланувчи энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш билан боғлиқ. Электр энергиясига бўлган талаби етарли, аммо гидроэнергетикаси заиф бўлган Ҳиндистон ва Хитойда бу рақамлар мос равишда 8 ва 5 фоизга ошган.

Ҳисоботга кўра, жаҳон мамлакатлари кучлироқ тоза энергия ва иқлим сиёсатини эълон қилмаса ва амалга оширмаса ҳам, 2026 йилга бориб, 2023 йил даражасига нисбатан глобал кўмирга бўлган талаб 2,3 фоизга камайиши кутилмоқда. Лекин бу жараён уч йил ичида қайта тикланадиган энергия қувватларининг сезиларли даражада кенгайиши билан боғлиқ.

Ҳозирда дунёда кўмирга бўлган талабнинг ярмидан кўпи Хитойнинг ҳиссасига тўғри келади. Шу сабабли ҳам глобал қайта тикланадиган қувватни кенгайтириш кўпроқ шу мамлакатда амалга оширилиши лозим. Шунда Хитойнинг кўмирга бўлган талаби 2024 йилдан пасайишни бошлайди.

Кўмирдан фойдаланишни камайтириш бўйича кучлироқ чоралар кўрилиши керак”

Ҳозирги вақтда энергия, пўлат ва цемент ишлаб чиқариш ҳамда инсон фаолияти натижасида карбонат ангидрид (CО2) чиқиндиларининг энг катта манбаи бўлган кўмирга глобал талабнинг прогноз қилинаётган пасайиши тарихий бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин. Бироқ бозор ҳисоботига кўра, глобал истеъмол 2026 йилгача 8 миллиард тоннадан анча юқори бўлиши кутилмоқда. Париж келишуви мақсадларига мос келадиган тезликда чиқиндиларни камайтириш учун кўмирдан фойдаланиш сезиларли даражада тезроқ камайиши керак.

Агентлик халқаро иқлим мақсадларига эришиш йўлида талабнинг кескин пасайишига эришиш учун кучлироқ чоралар кўриш зарурлигини айтмоқда.

Биз кўмирга бўлган глобал талабнинг бир неча бор пасайганини кўрдик, аммо бу қисқа муддатли бўлди ва Совет Иттифоқининг қулаши ёки Covid-19 инқирози каби экстремал ҳодисалар туфайли юзага келди. Бу сафар вазият бошқача кўринади, чунки таназзул янада тизимли бўлиб, тоза энергия технологияларининг улкан ва барқарор кенгайиши билан изоҳланади.

Кўмир учун бурилиш нуқтаси аниқ савол остида. Бу Осиё мамлакатларининг қайта тикланадиган энергияни кенгайтириши ва унинг суръати билан боғлиқ. Халқаро иқлим мақсадларига эришиш учун кўпроқ ҳаракат қилиш керак”, – дейди Халқаро энергетика агентлигининг энергия бозорлари ва хавфсизлик бўйича директори Кейсуке Садамори.

2026 йилда ҳам Осиё минтақасида кўмир истеъмоли камаймаслиги мумкин

Ҳисоботда кўмирга бўлган талаб ва уни ишлаб чиқариш Осиёда тезлашаётгани қайд этилган. 2023 йилда кўмирга бўлган глобал истеъмолнинг тўртдан уч қисми Хитой, Ҳиндистон ва Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ҳиссасига тўғри келган. 1990 йилда бу кўрсаткич тўртдан бирни ташкил этганди. Халқаро ташкилотга кўра, 2026 йилга келиб Ҳиндистон ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида кўмир истеъмоли сезиларли даражада ўсиши кутилаётган ягона минтақа ҳисобланади. Иқтисодиётлари ривожланган мамлакатларда электр энергиясига талабнинг заиф ўсиши шароитида қайта тикланадиган энергия манбаларининг кенгайиши кўмир истеъмолининг таркибий пасайишига олиб келган.

Айни пайтда, Хитой, Ҳиндистон ва Индонезия – дунёдаги учта энг йирик кўмир ишлаб чиқарувчидир. Бу давлатлар 2023 йилда ишлаб чиқариш рекордини янгилаши кутилмоқда, бу эса 2023 йилда глобал ишлаб чиқаришни янги энг юқори даражага кўтаради. Ҳозирда бу уч мамлакат дунёда кўмир қазиб олиш борасида 70% дан ортиқ улушни эгаллаган.

Келгуси йилларда талабнинг пасайиши туфайли глобал кўмир савдоси қисқариши мумкин. Лекин 2023 йилги ҳисоботларда кўмир савдоси Осиёдаги кучли ўсиш туфайли янги юқори даражага етиши мумкин. Хитой импорти 450 миллион тоннага етади, бу 2013 йилда мамлакат томонидан ўрнатилган олдинги глобал рекорддан 100 миллион тоннадан кўпроқдир. Индонезиянинг экспорти эса 2023 йилда 500 миллион тоннага яқин бўлади – бу ҳам глобал рекорд ҳисобланади.

Энергетикада кўмир ечим эмас”

12 январ санасида Экология вазирлигида ўтган матбуот анжуманида вазирликнинг экологик сиёсат бошқармаси бошлиғи Фаррух Сатторов Ўзбекистоннинг кўмир сиёсатини олиб бораётганини 2023 йилдан бошлаб дунёда, хусусан, Ғарб давлатларида ҳам энергетик кризис кузатилгани, улар кўмирга ўтгани билан изоҳлаганди.

Европа давлатлари ҳам энергетик ресурслар камайгани ҳисобига кўмирга ўтишни бошлади. Ва бу тенденция фақат Ўзбекистонда эмас, ҳамма жойда бўляпти. Мисол учун Хитойни гапираётган бўлсангиз, кўмир станциялари 1-2 йил олдин ёпилган бўлса, ҳозирги кунга келиб яна очиляпти”, – деганди у.

Бироқ юқорида Халқаро энергетика агентлигининг ҳисоботи бутун дунёда кўмир истеъмоли ортмагани, ҳатто баъзи ҳудудларда камайганини исботлаб турибди. Агентлик дунё мамлакатларини иқлим шартномаларига амал қилишга ҳамда қайта тикланувчи энергия ресурсларидан фойдаланишга чақирмоқда.

Германиядаги ўзбек энергетиги Равшан Хўжанов ҳам Kun.uzʼга берган интервюсида узоқ йиллик режада кўмир станцияларига ўтиш нотўғри эканини, соҳа учун бу вақтинчалик ечимлигини айтганди. У ҳам анъанавий энергия берувчи манбалардан воз кечиш кераклигини қайта эслатганди.

Дилшода Шомирзаева
Тайёрлаган Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид