Ноодатий маркетинг: навоийлик ошпаз рекламанинг илмга рағбатлантирувчи усулидан фойдаланмоқда
Ош марказида ўтказилаётган “Заковат” услубидаги интеллектуал ўйин қисқа муддатда оммалашиб кетди. Ошпаз бу ўйин орқали аввало мижозларни илм олишга ундашни мақсад қилган, бироқ бу иши ўзига хос рекламага айланиб кетган.
Навоий шаҳридаги ош марказида маркетингнинг ўзгача усули ўйлаб топилди: ижтимоий тармоқда ташкил этилган гуруҳда “Заковат” услубидаги интеллектуал ўйин ўтказилиб, ғолиб бўлганларга совға сифатида ош тақдим этилмоқда. Ошпаз Акбар Ахматовнинг маълум қилишича, қисқа муддатда ўйинга қизиқувчилар сони кескин ортган.
“Ўзи ўқитувчиман. Ошпазлик бу ҳунарим. Яқинда собиқ ўқувчим Фирдавс Истамов Навоий шаҳрида ош маркази ташкил қилиш таклифини билдириб қолди. Ишни 2023 йил 30 август куни 5 кг ош дамлашдан бошладик. Ижтимоий тармоқда “Ошга марҳамат” гуруҳини ташкил қилиб, ўз хизматимизни реклама қилиб бордик.
Ўтган йилнинг декабр ойида гуруҳимизда “Заковат” ўйинини ўтказиш фикри келиб қолди. Ўзим ҳам бу интеллектуал ўйинга жуда қизиқаман. Мақсадимиз аввало мижозларни илм олишга ундаш эди. Аммо бу ишимиз қайсидир маънода реклама вазифасини ҳам бажарди: қисқа фурсатда гуруҳимиз обуначилари сони кескин ошди. Ўйин иштирокчилари орасида турли ёшли обуначиларимиз бор”, дейди Акбар Ахматов.
Ошпазнинг таъкидлашича, ўйин қуйидаги шаклда ўтказилади: кун давомида гуруҳда 2 та бир кишилик ҳамда битта тўрт кишилик ош саволи ўйналади. Ғолиб бўлганлар ош марказига келиб, бепул овқатланиб кетиши мумкин.
Акбар Ахматовнинг қўшимча қилишича, саволлар аниқ манбалар асосида турли соҳалардан тузилади. Ҳозирда “Заковат оши”ни янада ривожлантириш, совринли саволлар сонини ошириш режалаштирилмоқда.
Мавзуга оид
13:31
Бухоро ва Навоийда саксовулларни синдирганларга 43 млн сўм жарима белгиланди
14:11 / 11.11.2024
Навоийда Nexia ва Exeed тўқнашиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди
12:32 / 06.11.2024
Миср Навоийдаги мис конида бурғилаш ишларини бошлади
13:10 / 02.11.2024