Пекинда «Лазги. Муҳаббат ва қалб рақси» балет спектакли намойиши бўлиб ўтди
Пекинда машҳур «Лазги. Муҳаббат ва қалб рақси» балет спектакли намойиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева маълум қилди.
Ушбу премера Хитой миллий опера театри саҳнасида Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кўмагида ташкил этилди.
Уч йиллик гастрол сафарлари давомида «Лазги. Муҳаббат ва қалб рақси» спектакли Дубай, Истанбул, Бурса, Дортмунд, Москва, Париж ва Санкт-Петербургда томошабинлар олқишларига сазовор бўлган. Хореограф Раимондо Ребекнинг юксак маҳорати ҳамда Ўзбекистон Миллий балети труппасининг ҳиссиётларга бой ижроси сабабли қадимги рақс янги талқинда ёғду сочди.
«Хоразм заминида минг йиллар давомида қадр топган лазги рақси халқ ижодкорлигининг чексиз имкониятидан ҳикоя қилувчи ўзига хос достондир. Лазги – ижрочининг ҳар бир ҳаракати, ҳар бир имо-ишораси, ўтли нигоҳи ўзбек маданиятининг бой тарихи ва бемисл гўзаллигига, қолаверса, аждодларга эҳтиром тимсоли сифатида намоён бўладиган лаҳзалардир», дейди Саида Мирзиёева.
Пекинда намойиш этилган спектакл Хитой Халқ Республикасида Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида тақдим этилди.
«Юқори даражада ташкил этилган ушбу бадиий байрам учун чуқур миннатдорлигимни билдираман», дея маълум қилди Саида Мирзиёева.
Мавзуга оид
07:03 / 16.11.2024
Саида Мирзиёева талабалар билан учрашди
23:45 / 08.11.2024
“Агар журналист ҳақ бўлса, биз уни тан олишимиз керак” – президент
18:37 / 30.10.2024
Саида Мирзиёева Fashion Trust Arabia тақдирлаш маросимида иштирок этди
20:53 / 28.10.2024