Иқтисодиёт | 16:19 / 25.01.2024
11949
2 дақиқада ўқилади

“Давлат кафолатисиз ташқи қарз жалб қилиш кенгайишини кутяпмиз” — Мамаризо Нурмуродов

Марказий банк раисига кўра, 2024 йил ўрталарига бориб жаҳонда қарз олиш ставкалари пасайиши ва шунинг ҳисобига давлат кафолатисиз ташқи қарз жалб қилиш кенгайиши кутиляпти. “6 фоиз иқтисодий ўсишни фақат ички ресурс ва жамғармаларга таянган ҳолда амалга оширишимиз қийин бўлади”, – деди у.

Архив фото: Kun.uz

Марказий банк бошқаруви 2024 йилдаги илк йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилди. Йиғилишдан кейин МБ бошқарув раиси Мамаризо Нурмуродов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Нурмуродов, ташқи қарзлар ҳақидаги саволга жавоб бераркан, 2024 йилда Ўзбекистон ҳукумати 5 млрд доллар миқдорида ташқи қарз олишни режалаштирганини қайд этди.

“Бундан ташқари, давлат томонидан кафолатланмаган ташқи қарз бор. Бу – тадбиркорлик субъектлари, тармоқлар, банклар [жалб қиладиган қарзларни] ташкил этади. Ташқи бозорлардаги шароитларнинг қатъийлашуви фонида бу [2023] йил олдинги йилга нисбатан маълум камайиш кузатилди. Келгуси [2024] йилдан фоизлар пасайиши ҳисобига ташқи қарзларни давлат кафолатисиз жалб қилиш тизими янада кенгайишини кутяпмиз. 6 фоиз иқтисодий ўсишни фақат ички ресурс ва жамғармаларга таянган ҳолда амалга оширишимиз қийин бўлади. Шунинг учун ҳам биз ташқи бозорлардан маблағлар жалб қилишимиз фақат иқтисодий ўсишимизга замин яратади”, деди у.

Регулятор раҳбарининг қўшимча қилишича, 2023 йилда банк сектори учун 14 млрд доллар қарз жалб қилинган бўлса, йил давомида қарзларга хизмат кўрсатиш харажатлари 12 млрд долларни ташкил этган.

Маълумот учун, ҳукумат режаларига кўра, 2024 йилда олинадиган 5 млрд долларлик давлат ташқи қарзининг 2,5 миллиарди давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга, 2,5 миллиарди инвестиция лойиҳаларига йўналтирилади. Ўзбекистон Республикаси номидан 25 трлн сўмлик давлат қимматли қоғозлари чиқарилиши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил октябр ойида Ўзбекистон 8,125 фоиз ставкада 660 млн долларлик суверен евробонд чиқарган эди. Шунингдек, ўшанда ҳукумат илк марта миллий валютада 4,25 трлн сўмлик “яшил” суверен халқаро облигацияларни ҳам Лондон фонд биржасига жойлаганди.

Мавзуга оид