Иқтисодиёт | 20:56 / 25.01.2024
13920
7 дақиқада ўқилади

МБ раҳбарлари – пул ўтказмалари географиясининг кенгайиши, девалвация ва терминаллар интеграцияси ҳақида

2023 йилда Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари камайган, лекин бошқа давлатлардан ўтказмалар сезиларли ошган. Ўтган йили сўм 9,8 фоизга қадрсизланган. Исломий банк очиш бўйича Марказий банкка ҳали бирорта мурожаат бўлмаган. Uzcard ва Humo терминалларини бирлаштириш ишлари яқин 2 ой ичида охирига етказилиши айтилмоқда.

25 январ куни Марказий банк бошқаруви асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди. Бу қарор қабул қилинган йиғилишдан кейин бошқарув раиси Мамаризо Нурмуродов, унинг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайдуллаев ва ўринбосари Беҳзод Ҳамраев матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берди.

Россияни ҳисобга олмаганда, бошқа давлатлардан пул ўтказмалари 15 фоизга ошди

2023 йилда Ўзбекистонга 11,4 млрд долларлик пул ўтказмалари кириб келган. Бу – 2022 йилга нисбатан 33 фоизга кам, 2021 йилга нисбатан эса қарийб 42 фоизга кўп. Аҳолининг реал даромадлари ҳам ўтган йилда 4,6 фоизга ўсган. Пул ўтказмалари ялпи талабни қўллаб-қувватловчи асосий драйверлардан бири бўлган. 2024 йилда реал иқтисодий ўсиш 5,5-6 фоиз оралиғида шаклланиши прогноз қилинмоқда.

“Тадқиқотларимизга кўра, Россияга ишлаш учун борганлар сони 12 фоизга камайган. Иккинчи томондан олиб қарайдиган бўлсак, меҳнат миграциясининг географияси кенгаяётган бўлиши мумкин. Пул ўтказмалари борасида 2024 йилда камайиш эмас, аксинча 5-6 фоиз ўсиш кутяпмиз. Иккинчи томондан, умумий пул ўтказмалари 33 фоизга камайган бўлса, Россиядан ўтказмалар 39 фоизга қисқарди. Албатта, маълум бир жиҳатдан бунинг таъсири бўлди. Ўз навбатида, бошқа давлатлардан келадиган пул ўтказмалари 15 фоизга ошди”, деди Мамаризо Нурмуродов.

2023 йилда сўмнинг қадрсизланиши 9,8 фоизни ташкил қилган

Сўм 2023 йилда 9,8 фоизга қадрсизланган. Курснинг девалвация даври йилнинг иккинчи ярмига тўғри келиб, асосий савдо ҳамкор давлатлар валюта курсидаги ўзгаришлар ва ташқи савдо балансидаги шаклланган ҳолат алмашув курсига маълум даражада босимни кучайтириб, девалвацияни тезлаштирган.

“Жорий иқтисодий тенденциялар ва кутилмаларни инобатга олиб, келгуси ойларда сўмнинг реал алмашув курсига юқори босимлар кузатилмаслигини кутяпмиз. Марказий банк ҳеч қачон курс бўйича прогноз бермайди. Фақат кутилаётган кутилмалар ва уларнинг қанақа таъсирлари бўлишини айтиб кетамиз”, деди МБ раиси.

Мамаризо Нурмуродов маълумотларига кўра, сўмдаги банк депозитлари юқори фоиз ставкасида шаклланяпти, бу эса банк депозитлари ўсиш суръатини 2023 йилда ҳам сақлаб қолиш имконини берган. Инфляцияни таргетлаш стратегиясининг асосий мақсадларидан бири – одамларнинг сўмдаги омонатларини оширишдан иборат.

“Бу борадаги ишлар кўринмаётган бўлса ҳам, баъзи рақамларни келтириб ўтсам. 2019 йилда аҳолининг омонатлари 2 млрд доллар эквивалентига тенг бўлган бўлса, 2023 йил якунига мазкур кўрсаткич 7 млрд долларга етди. Охирги 3 йилда миллий валютадаги депозитларнинг ўсиши йилига 1,5 баробардан кам бўлаётгани йўқ”, деди у.

Автокредит бозори “қизиб кетган”

Автокредит ва микроқарзлар борасидаги тенденциялар кутилгандан юқори даражада хатарларни пайдо қилган. Бу борадаги рисклар, макропруденциал чоралар қўлланган бўлса-да, ҳалигача тўлиқ бартараф этилмаган. 2024 йил давомида ҳам бу борадаги ишлар давом эттирилади.

“Автокредит бозорида “қизиш” юз берган. Июл-августда ойига 4 трлн сўмгача автокредит берилган. Кўрилган макропруденциал чоралар натижасида ҳозир бир ойда 800 млрд сўмгача автокредит молиялаштирилмоқда. Марказий банк автокредит ажратишни чекламаган”, деди МБ раиси.

Кредит учун картадан автоматик пул ечиб олиш тақиқланмаган

Аввалроқ Марказий банк тижорат банкларига фуқароларнинг розилигисиз уларнинг банк карталаридан маблағларни кредит тўловлари учун ечиб олишни тақиқлаган эди. Нурмуродовнинг изоҳлашича, банк ва мижоз ўртасидаги шартномада мижоз кредит бўйича тўловларнинг банк картасидан ечиб олинишига розилик берган ҳолатлар бу тақиққа алоқадор эмас.

“Агар кредит олган жисмоний шахс банк билан қилган шартномасида кредитни қайтариш манбайи сифатида ўзининг карта маълумотларини берган бўлса, ўша картадан маблағ ечиш автоматик равишда давом этаверади. Шартномада қайд этилмаган ҳолатлар бўйича, масалан, мен кредит олган бўлсам, бунинг учун менинг оиламнинг картасидан қайтариб олиш тақиқланган. Агар мен бу картани ҳам кредитни қайтариш манбайи сифатида кўрсатган бўлса, банкда пул ечиб олиш ваколати бўлади”, – дея киритилган янги ўзгаришларни изоҳлади регулятор раҳбари.

Исломий банк очиш бўйича Марказий банкка ҳали бирорта мурожаат бўлмаган

“Исломий банк очиш бўйича бизга ҳали мурожаат бўлгани йўқ. Давлат раҳбарининг топшириғи билан қилиниши керак бўлган ишлар лойиҳасини ҳукуматга киритганмиз. Яъни қумдон ташкил қилиб, бу борада ишни бошламоқчимиз. Ислом молиясининг бевосита бўлмаса ҳам, билвосита иқтисодий ўсишимизга таъсири бўлади. Бу орқали харид қилинган ёки кўрсатилган хизмат қўшилган қиймат орқали ялпи ички маҳсулотимиз ўсишига ҳисса қўшади”, – деди Мамаризо Нурмуродов.

Uzcard ва Humo терминалларини бирлаштириш биринчи чорак охиригача якунига етади

“2023 йилнинг май ойидан бошлаб Uzcard ва Humo банкоматлари бирлаштирилганидан кейин, йил охиригача терминаллар ҳам интеграциялашиши керак эди. Шу пайтгача бу тўлов операторлари ҳар хил soft'дан фойдаланиб келган. Терминалларни бирлаштиришнинг кечга қолиши техник жараён ҳисобланади. Йил бошида 3 та банк: Trastbank, Infinbank ва Apexbank'да синовлар ўтказилди. Биринчи чорак охиригача интеграция жараёни якунига етади”, дея маълум қилди Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайдуллаев.

Нега расмий ва сезилган инфляция ўртасидаги фарқ кенгайиб бормоқда?

Бу саволга Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамраев жавоб бериб, ўртадаги фарқ методология билан боғлиқлигини айтди.

“Расмий инфляция ва сезилган инфляция ҳар хил методология бўйича иккита ташкилот томонидан тузилади. Расмий статистикага маълумотлар ойнинг 10-20-кунлари оралиғидаги муддатда йиғилади, сезилган инфляция эса ой давомидаги сўровнома натижасида тўпланган маълумотлар асосида эълон қилинади. Бу ерда нозик ҳолатлар асосан байрамлар арафасида юз беради. Масалан, янги йил байрами олдидан бўлган ажиотаж расмий статистикага тушмаган бўлиши мумкин. Аммо сўровномада қатнашаётган одам нарх ўзгариши сезган бўлади.

Бундан ташқари, олинган маҳсулотларнинг турига ҳам боғлиқ. 510 та товар олинганда ўртача инфляция чиқарилади. Айтайлик, ун ва ёғ нархи сезиларли ошган бўлса, қурилиш моллари баҳоси камроқ ошган ёки арзонлаган бўлиши мумкин. Якундан умумий ўртача кўрсаткич олинади. Расмий статистикада шу жиҳатларга ҳам эътибор берилади”, –деди Беҳзод Ҳамраев.

Мавзуга оид