Ўзбекистон | 16:56 / 26.01.2024
13400
9 дақиқада ўқилади

“Бу нормага жамият ва қонунчиликда эҳтиёж йўқ” — фаоллар ИИО ходимларини тасвирга олиб тарқатишни чеклашга оид қонун ҳақида

Ҳуқуқ-тартибот орган ходимларини сурат ёки видеога олиб, тармоқларда обрўсизлантириш мақсадида тарқатишга жавобгарлик белгиланишига на жамиятнинг, на қонунчиликнинг эҳтиёжи йўқ. Янги қонуннинг бу нормаси очиқлик сиёсати, адолатлилик принципига зид. У одамларни қўрқув остида ушлаб туриш мақсадида қабул қилинмоқда, бу давлат ходими ва халқ ўртасида жарлик пайдо қилишига олиб келади. Kun.uz'нинг ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ва депутат Дониёр Ғаниев билан бўлган суҳбатида шулар ҳақда сўз боради.

Шу кунларда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини суратга ёки видеога олиб, уларни обрўсизлантириш мақсадида интернетда эълон қилишга жавобгарлик белгиланаётгани муҳокамалар марказида бўлиб турибди.

Қонун Сенатнинг тегишли қўмитасида муҳокама қилинаётган бўлса-да, ўтган ҳафтадаги ялпи мажлис кун тартибидан жой олмади.

Kun.uz бундай жавобгарлик киритилишини қўллаётган Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов, ИИВ академияси кафедраси бошлиғи Бахтиёржон Муродов ва Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодировни бу моддага қарши фаоллар билан очиқ мулоқотга таклиф қилди, лекин улар турли сабаблар туфайли келмаслигини билдирди.

Натижада суҳбат Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев билан бўлиб ўтди.

Дастлаб нима сабаб бу қонун кўпчилик томонидан муҳокама қилинаётганини сўрамоқчиман. Хушнудбек ака, Дониёр ака, биламан, сизлар қонуннинг айнан сурат ёки видеони эълон қилиш билан боғлиқ бандининг қабул қилинишига қаршисизлар. Сенатнинг қўмитасидаги йиғилишда бу қонун қабул қилиниши кераклигини асослай олишдими?

Хушнудбек Худойбердиев: Битта жойини тўлдириб кетиш керак. Ўзи бу суҳбат қилайлик деган ташаббусни мен билдирган эдим. [Kun.uz'га] таклиф билан чиқдим. Айниқса, Отабек Бакиров ва маиший техника ишлаб чиқарувчилар билан бўлган онлайн дебатдан кейин яна бир муҳокама учун мавзу бор, мен тайёрман, Алишер Қодировни чақирайлик дедим. Нимага Алишер Қодировни? Чунки ўзларининг каналларида бу қонунни қўллаб-қувватлаб, хуллас, айбни халққа тўнкагандек мазмундаги, яъни “сизлар ўзи ҳаммасини булғаяпсизлар, видеони олсанглар, интернетга чиқармасдан шикоят қилинглар”, – дегандек фикр билдирди. Айтдимки, бўлди, агар шу қонунни Алишер Қодиров хоҳлаётган экан, тўғри деб ҳисоблар экан, марҳамат, икки қутб ўзаро гаплашайлик, муҳокама қилайлик, қуруқ интернетда ёзиш бошқа, юзма-юз кўришиб гаплашиш бошқа дедим.

Ёки мабодо келолмаса, келишни рад этса, ИИВ академиясининг ўша куни [Сенатнинг қўмита йиғилишидаги қонун муҳокамасида] гапирган профессор-ўқитувчилари, доцент, олимлар келсин, марҳамат, улар билан гаплашишга тайёрман дедим. Ёки ҳатто, Сенатнинг қўмита раиси, фарқи йўқ, бу қонунни ким қўллаб-қувватлаётган бўлса, келсин, бир гаплашайлик деб хоҳлагандим, лекин бирортаси келишмади.

Хуллас, шу қонунни ким қўллаб-қувватлаётган бўлса, қонун ташаббускорлари, фарқи йўқ, қайси ташкилот бўлишидан қатъи назар, бирорта вакил беринглар, кўришиб гаплашайлик. Мен тайёрман, очиқман. Ҳақиқат баҳсларда туғилади, аргументингларни айтинглар, нима учун бу қонунни қўллаб-қувватлаяпсизлар. Фарқи лавозимидан, қайси поғонада эканидан тортиб, неча киши келсанглар ҳам фарқи йўқ, мақсад шу. Чунки Дониёр ака билан бу қонунни муҳокама қилганмиз, ҳозир бир-биримизни эшитиб, жуда тўғри айтяпсиз деб ўтираверамиз.

Дониёр Ғаниев: Келишдан олдин мен ҳам шуни ўйлагандим. Маъқуллаб овоз берган қонун тарафдорлари фикрини эшитиш жуда муҳим деб ўйлайман. Чунки қонун лойиҳа бизга кирганда, ўтган йили биринчи марта кирди, унда ҳам кўп баҳслар бўлди. Кейин ҳукумат қайта ишлаймиз деб қайтариб олди, яна кирганида ҳам жараён жуда тез бўлди. Фракциядаги баҳсдан бир кун ўтди, холос. Лекин шу бир куннинг ичида ҳам жуда кўп ўзгариш бўлди.

Бир кун аввал фракциялардаги муҳокамаларда кўп депутат бу нормага қарши эди. Лекин эртасига муҳокамалар бўлганида саноқли депутатгина бунга қарши бўлди, холос. Биринчи ўқишда атиги 5 нафар депутат қарши овоз берган. Бир нечта депутат яна бетараф ёки овоз бермаган, қўлламаган. 10 нафар атрофидаги депутат бу қонунни маъқуллашмаган. Кейин менда бир тасаввур пайдо бўлдики, жуда ҳам катта қисм бир кун ичида улар билан ўша қонун тарафдорлари, қонун муаллифлари юзма-юз кўришиб, балки уларни ишонтира олишгандир. Профилактик суҳбат демай мен. Норманинг заруриятини қандайдир мисоллар, фактлар билан ишонтира олишгандир, лекин мени ишонтира олишмади. Шунинг учун ҳам қонун лойиҳасини маъқуллаган, айниқса, агар уни олиб чиққан қўмита(суд-ҳуқуқ юристи улар) вакиллари баҳсда иккинчи тараф бўлишганда эди, балки бизни ҳам ишонтира олишарди. Уларни норманинг кераклигига ишонтирган улардаги бор маълумотларни, фактларни, фикрларни ўртага ташлашса, балки биз ҳам ишонармиз. Балки, жамоатчилик ҳам ишонар. Унга ишониш учун эса биз ўтириб эшитишимиз керак. Шу нуқтаи назарида мен ҳам қўллардимки, мана шу тарафдорлар кўпроқ чиқсин, афсуски кўп платформаларда бир томон бўлиб қоляпти. Иккинчи томон бўлмаяпти.

Аслида бу қонун тарафдорларига ёмон, бу биз томондан чиқаётган фикрлар жамоатчиликни бузаётган бўлиши мумкин. Қайсидир маънода, уларда бор фикрларни тўсиб, ўзимиз томонга оғдираётган бўлиши мумкин. Шунинг учун кўпроқ бу нарсани ўзлари гапиришса, менимча, ўзлари учун ҳам яхши бўларди.

Хушнудбек Худойбердиев: Энди гапирмасдан қабул қилиш осонроқ-да, гапириб қабул қилгандан кўра, ҳеч қандай маълумот бермасдан, бир амаллаб ўтказиб юбориш Ўзбекистонда бор тажриба ва бу норма ҳолат. Бу тинчроқ ҳам, бошни оғритиб нима қилади, дебат қилиб, муҳокама қилиб, ўзларининг қай даражада асосли эканликларини гапириб қўйиб.

Дониёр Ғаниев: Бу – ҳам нормал ҳолат, тўғри. Лекин одатда бундай бўлмаслигининг сабаби асосан ўзи қабул қилинаётган қонунлар, нормаларда жамоатчиликнинг эътиборини тортадиган, жамоатчиликнинг муҳокамасига сабаб бўладиган нормалар бўлмайди. Шунинг учун қайсидир маънода, бу кўпинча нормал бўлиши мумкин. Чунки қачон дебат бўлади? Қачонки, бунга эҳтиёж бўлса, жамоатчиликда фикр пайдо бўлса. Лекин айнан бу қонунни бу тарзда айланиб ўтиб қабул қилиш ҳатто қабул қилингандан кейин ҳам унинг қўлланишида доимий легитимлигини савол остига олади.

Ҳамма шуни айтадики, бу қабул қилингунча, жуда ҳам кўп савол бўлган, норозилик бўлган, лекин барибир қабул қилишди дейди. Нафақат ўша нормани, балки умуман бундан кейин ҳам ҳуқуқ-тартибот органларининг фаолиятидаги очиқликка оид қисмини доимий савол остига оламиз. Оқибати ўзларига ёмон бўлади.

Нима учун бу нормага қарши эканингизни тушунтириб берсангиз.

Хушнудбек Худойбердиев: Менимча, кўпчилик тушуниб бўлди. Биринчидан, бу қонунни қабул қилиш учун ҳеч қандай зарурият йўқ. Яъни ҳар қандай қонунни қабул қилаётганда, менинг ўйлашимча, 2 та асосий фактор бўлади.

Биринчиси – жамиятда бунга эҳтиёж бўлиши керак. Жамиятда қандайдир ижтимоий муносабат шаклланади ва унинг оқибатлари салбий бўлади ва давлат шунинг олдини олиши керак бўлади. Иккинчиси – қонунда бўшлиқ бўлиши керак. Яъни жамиятда маълум бир ижтимоий муносабат илдиз отиб кетяпти-да, лекин давлат уни тартибга соламан деса, қараса, қонунлари, ҳужжатларида буни тартибга соладиган бирорта норма йўқ. Кейин айтадики, “ўртоқлар, буни тартибга солишимиз керак, лекин биз тартибга солайлик десак, қонунчилигимизда бўшлиқ бор, бунга бирорта модда, норма йўқ экан, шуни қўшсак нима дейсизлар” – дейилади ва бу қонун ишлаб чиқилади. Ўзи бу қонун – давлат ва халқ ўртасидаги ўзаро шартнома. Яъни халқ ўзининг вакилларини сайлаб қўйган, халқнинг вакиллари туради-да, ўша қонун чиқарувчи, ваколатли инсонлар билан кераклиги ёки керакмаслиги бўйича музокаралар олиб боради. Бизни сайлаган электорат учун бу қанчалик фойда ва ҳоказо.

Ва шундай қилиб, давлат ва жамият ўртасида ўзаро шартнома пайдо бўлади. Шартнома қонун кўринишига айланади. Мана шу шартнома учун биринчидан, ҳозир эҳтиёж йўқ. Яъни йилига 51 та деган статистика бор, у ҳам бўлса, ЙПХ ходимлари ҳақида. Қонун эса бутун бошли орган тизими ходимлари ҳақида кетяпти. Бирорта шундай эпизодларимиз борми, ДХХ ходимларини видеога олиб чиқариб, уларни обрўсизлантиришга сабаб бўлаётган. Ундай қилаётгани йўқ. Ёки Прокуратура ходимлари ҳақида [шундай видеоларни] кўрдингларми, нечта кўрдинглар?

Интервюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов.
Монтаж устаси – Муҳиддин Қурбонов.

Мавзуга оид