БМТ суди Исроилга Ғазода геноциднинг олдини олиш учун барча чораларни кўришни буюрди
Ҳаагадаги Халқаро суд Жанубий Африканинг Исроилга қарши даъвоси бўйича биринчи қарорини чиқарди.
26 январ куни Халқаро суд Жанубий Африканинг Исроилга қарши даъвоси бўйича дастлабки қарорни қабул қилиб, Исроилга Ғазо секторидаги геноцид ҳаракатларининг олдини олиш, унда иштирок этганларни жазолаш ва гуманитар вазиятни яхшилаш учун барча чораларни кўриш бўйича кўрсатма берди.
Суд ҳайъати аъзолари Жанубий Африка томонидан сўралган деярли барча чораларни ёқлаб овоз беришди, лекин Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётини зудлик билан тўхтатиш чораси учун эмас.
Декабр ойида Жанубий Африка Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатлари фаластинликларга қарши геноцид эканини даъво қилиб, Халқаро судга мурожаат этган ва урушни тўхтатиш учун шошилинч халқаро аралашувни талаб қилган эди.
26 январ куни Жанубий Африканинг фақат Фаластин тинч аҳолисини ҳимоя қилиш учун Исроилга зудлик билан босим ўтказиш талаби кўриб чиқилди, геноцид бўйича якуний ҳукмни чиқариш учун эса йиллар талаб қилиниши мумкин.
Халқаро суднинг ушбу босқичда Жанубий Африкани қўллаб-қувватлаши Исроилга қарши халқаро санкцияларга олиб келиши мумкин.
Исроил барча айбловларни рад этмоқда ва суддан ишни бутунлай рад этишни сўради.
Ҳаагада жойлашган Халқаро суд БМТ олий суд инстанцияси ҳисобланади. У Исроилга Ғазодаги ҳарбий амалиётни тўхтатишни буюриши мумкин. Бироқ, бу Исроил суднинг талабларини албатта бажаради, дегани эмас.
7 октябр куни ҲАМАС ва бошқа кичик гуруҳлар аъзолари Исроил жанубига бостириб кириб, 1300 кишини, асосан тинч аҳоли вакилларини ўлдирган ва 240 га яқин кишини гаровга олганди.
Шундан сўнг, Ғазодаги соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроилнинг жавоб зарбалари оқибатида 25 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган.
Таҳлил: Исроилга урушга муносабатини ўзгартириш буюрилди
Судя Исроилга урушга бўлган муносабатини ўзгартиришни буюрди. Бу эса жанубий африкалик адвокатлар ғалаба қозонгани, исроилликлар эса мағлуб бўлганини англатади, деб ҳисобламоқда BBC.
Судя «Ўт очишни тўхтатишингиз керак» демади, чунки халқаро гуманитар ҳуқуққа кўра, мавжуд шароитда уруш қонунийдир ва Исроил ҳужумга учраган.
Аммо судя Исроилнинг уруш олиб бориш усулини тубдан ўзгартириши кераклигини айтди.
Исроил доимий равишда уруш қонунларига риоя қилишини таъкидлаб келмоқда. Аммо судянинг сўзлари суднинг бу даъволарга рози эмаслигини кўрсатади.
BBC нашри таъкидлашича, исроилликлар бу қарордан ғазабланади, жанубий африкаликлар эса хурсанд бўлади, чунки уларнинг даъвоси рад этилмади ва энди иш янада олдинга силжиши мумкин.
Томонларнинг суд қарорига муносабати
Исроилни судга берган Жанубий Африка томони фикрига кўра, Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлари Холокост такрорланмаслиги учун 1948 йилда имзоланган БМТ геноцид конвенциясига зиддир.
Жанубий Африка адвокатларининг айтишича, Исроил томонидан уюштирилган бомбардимонлар ўзининг улкан гуманитар таъсири билан «фаластинликлар ҳаётини йўқ қилиш»га тенгдир.
Исроил расмийлари бу айбловларни рад қилиб, уларни қўпол тарзда бўрттирилганини ва 7 октябрдаги ҳужумдан кейин давлат ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эканини таъкидламоқда.
Судда Исроилни ҳимоя қилаётган адвокат Тал Беккер суд мажлисида ҲАМАС жангарилари «болаларни ота-онаси кўз ўнгида қийноққа солгани, одамларни ёқиб юборгани, мунтазам равишда зўрлаган ва жароҳатлагани»ни айтди ва ўз даъволарини фотосуратлар билан тасдиқлади.
Исроилнинг ҳарбий ҳаракатлари бутун Фаластин халқига қарши эмас, балки ҲАМАСга қарши қаратилган, деди у.
Жанубий Африка қандай фавқулодда чораларни талаб қилди?
БМТ геноцид ҳақидаги конвенциясини бузганликда айбланган Исроилга шошилинч кўрсатма бериш ҳақидаги қарор 17 нафар судя томонидан қабул қилинди.
У Жанубий Африка томонидан таклиф қилинган тўққизта фавқулодда чораларни кўриб чиқди, уларга ўт очишни тўхтатиш, гуманитар ёрдам, кўчирилган одамларнинг уйларига қайтиши, Ғазода халқаро текширувларга тўсқинлик қилмаслик ва белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши бўйича мунтазам ҳисоботларни тақдим этиш киради.
Шу билан бирга, суд Жанубий Африка томонидан талаб этилганидан фарқланадиган ўз чораларини таклиф қилиши ҳам мумкин эди.
Вақтинчалик чоралар зўравонликка барҳам бериш учун биринчи қадам бўлиши керак, деди инсон ҳуқуқлари бўйича адвокат ва Вашингтонда жойлашган Яқин Шарқ сиёсати институти ижрочи директори Май Эл-Садани.
Аммо Жанубий Африка томонидан таклиф қилинган чораларга рози бўлиш орқали суд Исроилни ҳарбий амалиётини тўхтатишга мажбур қила олмайди, деди BBC халқаро масалалар бўйича муҳаррири Жереми Боуэн.
«Аммо сиёсий жиҳатдан урушни давом эттириш қийинлашади. Америкаликлар ва инглизлар учун уни қўллаб-қувватлаш қийинроқ бўлади», деди Боуэн.
Кўпчилик экспертлар фикрича, геноцид ишини тўлиқ кўриб чиқиш узоқ йилларга чўзилиши мумкин.
«Бу узоқ давом этадиган ҳуқуқий кураш бўлишини кутинг ва бошқа давлатлар ҳам, Жанубий Африка ёки Исроил томонида қатнашишга ҳаракат қилишади», деди адвокат Май Эл-Садани.
Аммо бугунги қарор суд Исроилга қарши геноцид айбловларини асосли деб ҳисоблайдими ёки йўқми, агар асосли бўлса, вақтинчалик чоралар кўриш мақсадга мувофиқми ёки йўқлигини кўрсатиши керак, деб ёзди BBC дипломатия бўйича мухбири Пол Адамс.
Мавзуга оид
15:25 / 27.11.2024
«Тинч аҳоли уйини бомбалаш ғалаба дейилмайди» – оятуллоҳ Нетаняҳуни қатл этишга чақирди
07:31 / 27.11.2024
Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўт очишни тўхтатишга келишиб олди
21:41 / 26.11.2024
Нетаняҳуни қамаш буюрилди. Бу Исроилга қурол етказилишига тўсиқ бўла оладими?
14:17 / 26.11.2024