“Оқ эшак кимнинг қўлини ғажиган?” — Оққўрғон суди раисининг “қўл учида” ёзилган ҳукми устидан хизмат текшируви тайинланди
Хизмат текширувини Тошкент вилояти судлари судялари малака ҳайъати ўтказади. Судялар олий кенгашига кўра, хизмат текшируви Kun.uz’да эълон қилинган мақолада келтирилган ҳолат доирасида бўлиб, унда ҳукмнинг қонунийлиги кўриб чиқилмайди.
Жиноят ишлари бўйича Оққўрғон тумани суди раиси Санжар Исақуловнинг ҳукми устидан хизмат текшируви ўтказиладиган бўлди. Бу ҳақда Олий суд ҳамда Судялар олий кенгаши матбуот хизматлари маълум қилди.
Олий суд матбуот хизматига кўра, Тошкент вилояти судлари судялари малака ҳайъати раисининг 2024 йил 24 январдаги фармойишига мувофиқ Санжар Исақуловнинг ҳукмидаги хато ва ноаниқлик ҳолатлари бўйича хизмат текшируви ўтказиш белгиланган.
Судялар олий кенгаши матбуот хизматининг қўшимча қилишича, хизмат текшируви Kun.uz’да эълон қилинган мақолада келтирилган ҳолат доирасида бўлиб, унда ҳукмнинг қонунийлиги кўриб чиқилмайди.
“Тошкент вилоят судлари судялари малака ҳайъати томонидан ўтказиладиган хизмат текшируви мақолада баён қилинган ҳолат доирасида бўлиб, унда Р.Б. ва бошқаларга оид ҳукмнинг қонунийлиги кўриб чиқилмайди. Чунки қонунга мувофиқ, суд ҳужжатларига, тарафларнинг шикоятидан (протести) келиб чиқиб, фақат юқори суд инстанцияси томонидан ҳуқуқий баҳо берилади.
Тошкент вилояти судининг маълум қилишича, ҳукмга нисбатан (2024 йил 23 январ ҳолатига) шикоят (протест) келиб тушмаган”, дейилади кенгаш муносабатида.
Kun.uz олдинроқ жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман суди раиси Санжар Исақуловнинг ҳукмида сон-саноқсиз орфографик ва грамматик хатолар, мазмун жиҳатдан телба-тескари жумлалар ишлатилиб, одам тақдирига дахлдор ҳужжатга қўл учидаги муносабат қилинаётгани ҳақида мақола эълон қилган эди.
Мақолада С.Исақулов раислигида кўрилган ишлардан бири – икки эркакнинг “жин чиқариш” пайтида 42 ёшли аёлни ўлдириб қўйиши билан боғлиқ жиноят иши ҳукмидан мисоллар келтирилганди.
Жумладан, ҳукмда судланувчининг кўрсатмаси шундай ўринлар бор:
“Судланувчи Р.Балтабаев суд мажлисида айбига қисман иқрор бўлиб, Мен 2022 йил баҳор ойларида ухлаган вақтларимда мени кўзига номаълум махлуқлар кўриниб, кўзини бир нималар уриб кетганга ўхшаб, оғирликлар сеза бошлаган. Шу вақтларда кечаси бир туш кўрдим, тушида оқ рангли эшак ўнг қўлини тишлаб ғажиб ташлади. Ушбу тушдан қўрқиб уйғониб кетдим. Уйғонганимда тишлари билан ўзини ўнг қўлини тишлаётган экан”.
Жумлани ўқиган кишида 2022 йилнинг баҳор ойларида ким ухлаган вақтларида кўзига махлуқ кўрингани, кечаси билан ким туш кўргани, оқ рангли эшак кимнинг қўлини ғажигани ҳамда ким ўзининг қўлини ўзи тишлагани ҳақида саволлар туғилади. Ҳукмда бу каби мисоллар жуда кўп.
Маълумот учун, “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 74-моддасига кўра, судя суд ишини ташкил этишда бепарволиги ёки интизомсизлиги оқибатида йўл қўйган камчиликлари учун фақат тегишли судялар малака ҳайъати қарорига биноан интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Шу қонуннинг 76-моддасига кўра, судяга огоҳлантириш, ҳайфсан, ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима, малака даражасини бир поғонага пасайтириш ҳамда ваколатларини муддатидан илгари тугатиш каби интизомий жазо чораларидан бири қўлланилиши мумкин.
Мавзуга оид
17:48
Жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланди
11:25 / 21.11.2024
2024 йилда 30 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар туҳмат ва ҳақорат қилгани учун судланди
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024