Ўзбекистон | 10:16 / 27.01.2024
17285
2 дақиқада ўқилади

Қотиллик ва босқинчилик учун 13 йил қидирувда бўлган эркакка ҳукм ўқилди

2010 йил ноябр ойида танишининг уйида босқинчилик содир этиб, уни ўлдирган шахс Россия Федерациясига қочиб кетади. 13 йил давомида қидирувда бўлган эркак 2023 йилнинг 22 март куни икки мамлакат махсус хизматлари томонидан ўтказилган операцияда қўлга олинган ва Ўзбекистонга олиб келинган.

Маълум бўлишича, 1982 йилда туғилган судланувчи 2010 йил сентябрь ойида Тошкент шаҳридаги Сергели автомобил бозорида ишловчи 1976 йилда туғилган Н.Шодмонова билан танишади. Кейин улар ишқий муносабатларда бўлиб, Чилонзор туманидаги Шодмоновага тегишли хонадонда бирга яшай бошлайди. Шундан кейин улар биргаликда автомобил олди-сотдиси билан шуғулланади. Бу вақт давомида судланувчида Шодмонованинг пул маблағларини жиноий йўл билан эгаллаш нияти пайдо бўлади.

Судланувчи 2010 йил 15 ноябрь куни соат тахминан 23:00 ларда аёлни ётоқхонасида бўйин қисмини тирсагининг ички қисми билан бўғиб ўлдиради ва 7 минг АҚШ доллари ҳамда 5 млн сўм (жами 16 млн 403 минг сўм) пул маблағларини олиб, воқеа жойидан яширинади.

Суд-тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, марҳуманинг ўлими “бўйин қисмини қаттиқ жисм билан бўғиш оқибатида юзага келган механик асфиксия натижасида юзага келган”лиги аниқланган.

2023 йилнинг 22 март куни Россия Федерациясида ҳамкорликда тегишли орган ходимлари томонидан эркакни қўлга олиш бўйича махсус тадбир ташкил этилади. Натижада ўта оғир жиноят содир этгани учун 13 йилдан буён қидирувда бўлган эркак қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинади.

Шу йил 26 январ куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида бўлиб ўтган суд мажлисида судланувчи Жиноят кодексининг 97-модда иккинчи қисми “и” банди (тамагирлик ниятида қасддан одам ўлдириш) ва 164-модда биринчи қисмида (босқинчилик) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.

Унга 17 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Мавзуга оид