Жаҳон | 08:41 / 27.01.2024
4245
3 дақиқада ўқилади

Шарл Мишел Еврокенгаш раҳбари лавозимини тарк этиш ҳақидаги фикрини ўзгартирди

Европа кенгаши раиси тўсатдан Европарламентга сайловларда қатнашмаслик тўғрисида қарор қабул қилди, бу эса унинг муддатидан олдин истеъфога чиқишига сабаб бўлаётганди. Энди бу лавозимда Венгрия бош вазири Орбан иш бошлаши бўйича хавотирлар йўққа чиқди.

Фото: Reuters

Европа кенгаши раиси Шарл Мишел 2024 йилнинг июн ойида Европа парламентига бўлиб ўтадиган сайловлардан ўз номзодини қайтариб олди. Сиёсатчи ўз қарорини 26 январ, жума куни Facebook саҳифасида маълум қилди

«Менинг танловим оммавий ахборот воситаларининг жиддий эътиборига ва спекуляциясига сабаб бўлди. Ёндашувнинг мисли кўрилмаган хусусиятини ҳисобга олган ҳолда, бу - мен олдиндан кўра билган нарса. Лекин у кучли реакцияга олиб келди - Европа кенгаши доирасида эмас, балки ундан ташқарида», - деб ёзган Мишел ўзининг Белгиядан Европа парламентига номзод бўлиш борасидаги олдинги қарорини шарҳлар экан. 

Унинг сўзларига кўра, Европа кенгаши раиси лавозимида қолиш қарори айнан муддатидан олдин истеъфога чиқиши эҳтимоли бўйича келиб чиққан кескин муносабат туфайли қабул қилинди ва у ўз кетишидан Европа кенгашини парчалаш учун фойдаланишга йўл қўймоқчи эмас, дея аниқлик киритди Мишел.

Шарл Мишел 2019 йилда Европа кенгаши раиси лавозимида полшалик сиёсатчи Доналд Туск ўрнига келган. Европа кенгаши раиси лавозимининг ўзи Лиссабон шартномасига мувофиқ, тахминан 15 йил аввал таъсис этилган. Мишелнинг Европа кенгаши раиси сифатидаги ваколати 2024 йилнинг ноябрида тугайди. 

ЕИ энди Мишелни зудлик билан алмаштиришга муҳтож эмас 

7 январ куни Шарл Мишел Белгия газеталарига берган интервюсида ёзги Европа сайловларида Белгия либераллари вакили сифатида иштирок этиш ниятида эканини айтди. Агар Мишел сайланса, у Европа кенгаши раҳбари лавозимини ва Европа парламентарийси ўрнини бирлаштира олмайди. Бундай можарога йўл қўймаслик учун ЕИга аъзо давлатлар раҳбарлари Мишел ўрнига ворис номзодини олдиндан келишиб олиши керак эди.

Бу Венгрия бош вазири Виктор Орбан учун вақтинчалик ЕИ кенгашига раислик қилиш имкониятини очарди, чунки Венгрия 2024 йилнинг июлидан декабригача ЕИ кенгашига раислик қилиши керак. Орбан кўпинча Европа Иттифоқининг умумий сиёсатига қарши чиқади. Шу тариқа, декабр ойида Венгрия Украинага 2027 йилгача 50 миллиард евро миқдорида макромолиявий ёрдам ажратишни блоклаб, ушбу қарорга вето қўйишга муваффақ бўлди.

Мавзуга оид