Халқаро суднинг Исроил устидан вақтинчалик қарори, Вашингтонга бош кўтарган Техас ва иш бераётган бойкот — кун дайжести
Сўнгги бир кун ичида жаҳонда содир бўлган янгиликлар, воқеа-ҳодисалар, баёнотларнинг кундалик шарҳи билан одатдагидек дайжестимиз орқали таништирамиз.
Исроил устидан суд
БМТ Халқаро суди Ғазодаги фаластинликларни ҳимоя қилиш учун Исроилни чоралар кўришга мажбурловчи муваққат қарор чиқарди. Лекин суд ҳозирча Ғазодаги ҳарбий операцияни тўхтатишга чақирмаган.
«Исроил Геноцид тўғрисидаги конвенция остига тушувчи барча ҳаракатларнинг олдини олиш учун зарур чоралар кўриш керак», — деган суд раиси Жоан Доноҳю Жанубий Африка Республикасининг Исроилга нисбатан даъво аризаси бўйича қарорни ўқир экан.
Ҳаагадаги БМТ Халқаро суди Исроилнинг «ишни тугатиш» тўғрисидаги илтимосномасини рад этган ва геноцид тўғрисидаги ишни мазмунан кўриб чиқишга киришиш тўғрисида ҳам қарор чиқарган.
«Суд Жанубий Африканинг айрим талаблари конвенция моддалари остига тушади, деб ҳисоблайди. Исроил илтимосномаси рад этилади. Иш мазмунан кўриб чиқилади», – деган Доноҳю.
Судда Жанубий Африка томонидан илгари сурилган айбловларга баҳо берилади.
«Исроил томонига геноцидда айбловлар асосли равишда ўз исботини топган. Бироқ геноцид рўй берган-бермагани тўғрисидаги сўнгги қарор кейинроқ эълон қилинади», — дейилади муваққат суд қарорида.
ЖАРнинг вақтинчалик суд тақиқи ўрнатиш талабномаси кўриб чиқилган ва ижрога қаратилган. Суд Исроилга ҳуманитар ёрдам етказишни таъминлаш учун самарали чоралар қўллашга буйруқ берган. Қарорлар 15 та ёқлов, 2 та қарши овоз билан қабул қилинган. Исроил бир ой ичида Халқаро судга қабул қилинган қарорларнинг жойида бажарилаётгани ҳақида ҳисобот тақдим этиши керак.
Фаластин ташқи ишлар вазири Риёз ал-Маликий Ҳаагадаги БМТ халқаро суди томонидан чиқарилган қарорлардан қониққанини айтган.
«Судялар фактлар ва қонунларга кўра иш тутишди. Улар халқаро қоидалар ва инсонпарварликни ёқлаб қарор чиқаришди», – деган вазир.
Техас бош кўтарди
АҚШнинг Техас штати губернатори Грег Эббот Мексика билан чегарадаги тўсиқлар олиб ташланиши талаби туфайли АҚШ федерал ҳокимияти билан келиб чиқиши мумкин бўлган потенциал қарама-қаршиликка тайёр эканини маълум қилган.
«Бу эҳтимоли жуда паст воқеа рўй берадиган бўлса, сўнгги ойда нима билан машғул бўлган бўлсак, ўша иш — айнан тўсиқларни ўрнатаверишда давом этамиз», — деган Эббот.
Грэг Эбботт АҚШ конституциясининг 3-параграфи 10-пункти 1-моддасини ишга туширган. Унга кўра, федерал ҳокимиятга қарамасдан штатда ҳарбий ҳолат жорий этиш мумкин.
Техас губернаторининг ўринбосари Дэн Патрик президент Жо Байдендан техаслик кучишлатарлар билан зиддиятга бормасликка чақирган. Сиёсатчи Байденни «йўлдан қочиб туриш»га чақирган ва штат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига ўз ишини бажаришга — яъни чегарани мигрантлар оқимидан ҳимоя қилишга қўйиб беришни сўраган.
Штат ҳокимияти ноқонуний миграцияга қарши «Ёлғиз юлдуз» операцияси ўтказилишини эълон қилган. Штатнинг Мексика билан чегарасида тиканли симлардан қўшимча тўсиқ ўрнатилади.
Байден ва расмий Вашингтон зудлик билан тўсиқлар олиб ташланиб, мигрантларни Америкага киритишни талаб қилмоқда, штат миллий гвардиясини федераллаштириб, Техасга «кескин жавоб қайтариш» билан таҳдид қилмоқда.
АҚШнинг 25 та штати Техасни қўллаб-қувватлашини эълон қилиб бўлди.
Экспертларнинг фикрича, Техас ва федерал ҳокимият ўртасидаги можаро мамлакат бутунлигига дарз етказмайди, бироқ Трампга ёрдам бериши мумкин. Демократларнинг жанубий штатлардаги муаммоларни ҳал қилиш истаги йўқлиги Трампга ёрдам бериши ва унинг атрофида оқ танли америкаликларни бирлаштириши мумкин.
АҚШ Вакиллар палатаси спикери демократ Майк Жонсон ҳам мамлакатнинг жанубий чегаралардаги хавфсизлик чоралари тўғрисидаги шартнома ҳозирги кўринишида «барбод бўлиши аниқ»лигини айтган.
Аввалроқ Трамп республикачи конгрессменларни Украинага қўшимча ёрдам берилишини маъқуллаш эвазига чегарадаги назорат кучайтирилишини боғловчи шартномани қўллаб-қувватламасликка чақирган эди.
Жой Байден администрацияси Техас штати губернаторининг АҚШ чегарасини ҳимоя қилиш борасидаги хатти-ҳаракатларини «хавфли» деб атаган.
Қизил денгиздаги вазият
Хитой Эрондан Яманнинг қонуний сунний ҳукуматига қарши бош кўтарган исёнчи шиа ҳусийчиларни Қизил денгиздаги ҳужумлардан қайтаришни сўраган. Бу ҳақда Reuters Эрондаги тўрт манбасига ҳамда вазиятдан хабардор дипломатга асосланиб ёзмоқда.
Ҳусийчиларнинг ўзлари Ғазо секторидаги фаластинликларни қўллаб-қувватлаш учун дея иддао қилаётган ҳужумлари Осиё ва Европа ўртасидаги денгиз орқали юк етказиш ва суғурта баҳоларнинг кескин ошишига олиб келган. Бу йўлдан Хитойнинг кемалари ҳам кенг фойдаланади.
Хитой расмийлари расмий Теҳронни агар ХХР билан боғлиқ кемаларга ҳужум қилинса ёки мамлакат манфаатларига қандайдир йўллар билан зиён етказилса, ниҳоятда ғазабланишини тушунтириб қўйишган.
Хитойга жўнатилаётган тасвирлар
Украина бўйлаб ўрнатилган ва Хитойда ишлаб чиқарилган кузатув камералари олинган маълумотларни ишлаб чиқарувчиларнинг серверларига ёки Хитой давлат операторига узатаётгани маълум бўлган.
Гап Хитойда ишлаб чиқарилган ва Украинада кенг тарқалган Dahua ва Hikvision камералари ҳақида бормоқда. Бундай камераларга Россия жосуслари ҳам уланиши мумкинлиги қайд этилган.
Украина хавфсизлик хизмати мамлакат бўйлаб бундай камераларнинг 10 мингдан зиёдини блоклашга муваффақ бўлган. Бироқ яна юз мингдан зиёд камералар ишлаб турибди.
Бойкот иш бермоқда
Туркияда Coca-Cola компанияси маҳсулотларига қарши бойкотнинг расмий натижалари маълум қилинди. Исроилнинг Ғазога ҳужумидан сўнг кўплаб давлатларда Исроилга ён босувчи компанияларнинг маҳсулотларига бойкот эълон қилинган, уларнинг орасида Coca-Cola компанияси ҳам бор.
Газланган ичимликлар ишлаб чиқарувчи корпорациялар ўзларининг 2023 йилдаги даромадлари хусусида ҳисоботларни тақдим эта бошлагач, оммавий бойкотнинг натижалари яққол кўзга ташлана бошлади. Туркияда Coca-Cola дистрибюторининг савдолари 2023 йилнинг IV чорагида 22 фоизга пасайган, деб хабар беради Bloomberg.
Мавзуга оид
14:38
АҚШ ветосидан норози Ҳамас, Исроилда конституциявий инқироз хавфи ва Россия банкларига қарши санкциялар — кун дайжести
13:50 / 22.11.2024
Ғазодаги мисли йўқ зулм, Нетаняҳу ҳибси учун ордер ва Путиннинг таҳдидли чиқиши — кун дайжести
13:54 / 21.11.2024
Ғазо масаласига вето қўйган АҚШ, Байденнинг рухсатини маъқулламаган Эрдўған ва Storm Shadowʼлар билан Россияга илк зарба — кун дайжести
13:54 / 20.11.2024