Ўзбекистон | 11:21 / 29.01.2024
16101
2 дақиқада ўқилади

Ҳисоб палатасига янги раис тайинланди

Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Адиз Бобоев Ҳисоб палатаси раиси лавозимига, палата раиси ўринбосари Меҳриддин Абдуллаев палата раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Палата раиси лавозими қарийб 5 йилдан бери бўш қолаётганди.

Адиз Музаффарович Бобоев Ҳисоб палатаси раиси лавозимига, Меҳриддин Раззоқович Абдуллаев эса палата раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Президент раислигида бўлиб ўтаётган уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология соҳаларида амалга оширилган ишлар ва устувор вазифалар юзасидан йиғилишда маълум қилинди.

Адиз Бобоев

Адиз Бобоев (1972 йилда туғилган) Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган (1993). Бухоро вилояти молия бошқармасида 1-тоифали иқтисодчи, монополияга қарши ва нарх сиёсати бўлими етакчи иқтисодчиси бўлиб, шунингдек, бошқа лавозимларда ишлаган (1993−2007). Шунингдек, Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси Ижроия бошқармаси даромадларни прогнозлаш бошқармаси бошлиғи (2008−2010), Давлат бюджети бош бошқармасининг жамланма бюджет даромадларини режалаштириш ва таҳлил қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари (2010−2012) ва Молия вазирлиги тузилмасидаги бошқа лавозимларда ишлаган.

Тайинловга қадар Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

Меҳриддин Абдуллаев (1969 йилда туғилган) — Тошкент давлат иқтисодиёт университети (1993) ва Тошкент давлат юридик институти (2005) битирувчиси.

Меҳриддин Абдуллаев

У турли йилларда Бухоро вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси ижрочи директори сифатида фаолият кўрсатган.

Аввал ҳам ҳисоб палатасида ишлаган, 2017-2020 йилларда палата раиси ўринбосари ва биринчи ўринбосари бўлган.

2020 йил январидан бошлаб уч йил давомида «Ўзбекнефтгаз» АЖга раҳбарлик қилган, 2022 йил декабрида эса энергетика инқирози сабаб бошқа масъуллар қаторида ҳайфсан олган, 2023 йил мартида ишдан кетганди.   

2023 йил мартидан Ҳисоб палатасига қайтиб, раис ўринбосари лавозимида иашлаб келаётган эди.

  • Маълумот учун, охирги марта Ҳисоб палатаси раиси лавозимида 2017-2019 йилларда Музраф Икромов ишлаган. 2019 йил март ойидан бери бу жой вакант эди.

Мавзуга оид