Ўзбекистон | 10:15 / 29.01.2024
5292
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ва Сирдарё вилоятларида электр энергияси ҳамда табиий газ тармоғига ноқонуний уланганларга жиноят ишлари қўзғатилди

 Жами етказилган зарар қарийб 700 млн сўмни ташкил этган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг ҳудудий бўлимлари томонидан Тошкент ва Сирдарё вилоятининг бир нечта ҳудудида электр энергияси ҳамда табиий газ тармоғига ноқонуний уланганлар аниқланган.

Жумладан, департаментнинг Гулистон, Сайхунобод тумани ҳамда Гулистон шаҳар бўлимлари томонидан “Ўзенергоинспекция” ва ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда терговга қадар текширувлар ўтказилган.

Текширувларда “E.O.” хусусий корхонаси, “M.S.”, “S.U.” МЧЖ масъул шахслари умумий овқатланиш шохобчаси ва савдо дўконини ҳеч қандай ҳужжатсиз умумий фойдаланишдаги электр тармоғига улаб, электр трансформаторига ўрнатилган электр энергиясини ҳисоблаш ускунасига қасддан ташқи таъсир ўтказиб, жами 335,6 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Департаментнинг Бўстонлиқ ва Бекобод тумани бўлимлари томонидан ИИБ ва ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувларда фуқаролар Ж.А., Ш.У. яшаш хонадонларидаги иссиқхона, чилангарлик устахонаси ва дала ҳовлини ҳеч қандай ҳужжатсиз умумий фойдаланишдаги электр тармоғига улаб, жами 166 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Департаментнинг Мирзаобод туман бўлими томонидан туман “Ўзэнергоинспекция” Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда эса, “T.G.” МЧЖ масъул шахслари анор шарбати ишлаб чиқариш корхонасини тижорат мақсадида ҳеч қандай ҳужжатсиз умумий фойдаланишдаги газ тармоғига улаб, жами 167,2 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатли ўтказилмоқда.

Мавзуга оид