Ўзбекистон | 19:50 / 30.01.2024
2970
2 дақиқада ўқилади

“Қисқа муддатда қозонхоналарга филтр ўрнатиш масаласини кўриб чиқамиз” – Экология вазири

“Тадбиркорлар билан ишлаб, қисқа муддатда қозонхоналарга филтрлар ўрнатмасак, Тошкентдаги атмосфера даражаси доимий равишда қизил рўйхатга тушишининг олдини ололмаймиз. Шунинг учун бу масалада биргаликда ишлашга тайёрмиз”, – деди Азиз Абдуҳакимов Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги мажлисда.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 30 январ куни ўтган мажлисида депутат Мавлуда Аҳмаджонова Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовдан Тошкент шаҳри ва атрофидаги қозонхона ва иссиқхоналар заҳарини камайтириш учун нима иш қилинаётганини сўради.

"Тошкент шаҳри атрофидаги мингдан ортиқ иссиқхоналар, 25 минг овқатланиш шохобчалари мавжуд. Уларнинг аксарияти кўмир ва бошқа ёқилғилардан фойдаланади. Бироқ ачинарлиси шундаки, иссиқхоналарни иситиш учун ишлатилган автомобил шинасидан ҳам фойдаланилмоқда. Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналар ва қозонхоналарнинг ҳавони ифлослантиришига чек қўйиш учун қандай чора кўриляпти ва бу бўйича аниқ таклифлар борми?” – деб савол берди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Адҳамжонова.

Азиз Абдуҳакимовнинг жавоб беришича, вазирлик ходимлари экоинспекторлар билан биргаликда иссиқхоналар қаерда жойлашганини бирма-бир 1,5 ой давомида ўрганиб чиққан.

Буни ўзимизнинг харитамизда белгилаб чиқдик ва уни шаҳар атрофида заррачаларнинг яшил белбоғи эмас, кулранг белбоғи деб атадик. Шу нарса бизни жуда қийнаяпти”, – деди Абдуҳакимов.

Вазирнинг қўшимча қилишича, тадбиркорлар билан ишлаб, қисқа муддатда қозонхоналарга филтрлар ўрнатиш масаласи кўриб чиқилади.

Шундай қилинмаса, Тошкентдаги атмосфера даражасининг доимий равишда қизил рўйхатга тушиши олдини ололмаймиз. Шунинг учун бу масалада биргаликда ишлашга тайёрмиз”, – деди Экология вазири.

Мавзуга оид