Ўзбекистон | 15:43 / 01.02.2024
45991
4 дақиқада ўқилади

Ортиқхўжаев 7 та компаниясини сотганини маълум қилди. Улар орасида Magic City ҳам бор

Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими, тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаев Crafers, Mediapark, Akfa Lighting ва Magic City каби 7 та йирик активини сотганини маълум қилди.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги

Тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаев бугун, 1 феврал куни Термиз шаҳрида тажрибали ишбилармонлар ва ёш тадбиркорлар иштирокида бўлиб ўтган “Бизнес марафон”да иштирок этди.

Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими берилган саволлардан бирига жавоб бераркан, ўзининг 7 та катта активи, хусусан пойтахт марказидаги Magic City мажмуасини сотганини айтди.

“Яна битта яхши практикамни айтиб бераман, рухсат берсанглар. Кўпчиликка айтмагандим, майли, айтвораман. Туркларда “ўзингни тўпорилавол” деган нарса бор, яъни ўзингни йиғиштириб ол. Мен эса ҳар 5 йилда ўзимни йиғиштириб, “тозалаб” олишга ҳаракат қиламан. Мен 7 та компаниямни сотдим.

Crafers'ни сотдим, чунки бу соҳада обрў қозона олмадим, озиқ-овқат ишлаб чиқаришни эплай олмайдим. Mediapark'ни ҳамма магазинлари билан сотдим – ким ишлаётган бўлса, ўшанга сотдим. Ecobozor'нинг биттасини сотдим. Akfa Lighting'ни сотдим. Magic City'ни сотдим. Basalt'ни ҳам немисларга – Knauf'га сотдим. Айтмоқчиманки, 5 йилда ўзимни ўзим бир “тозалаб” оламан. Керак эмасми, унга қизиқмаяпманми, унга пул тикмаяпманми – сотаман. Ва яна бошқа очавераман. Яхшисини олиб қолиб ривожлантираман, қолганларини тозалаб ташлайвераман.

Масалан, Akfa Lighting'га 15 йил вақтим кетди, умрим кетди, лекин бундан кейин мен лампочка билан, “включател” билан шуғулланмоқчи эмасман, шунчаки хоҳламайман холос. Керак эмас нарсадан қутулиб туриш керак”, – деди Ортиқхўжаев.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи 2017 йил сентябр ойида янги боғ қуриш учун ёпилган, 2021 йил ўрталарига келиб бу ерда Magic City мажмуаси очилганди.

“Интеллектуал мулк” ахборот-қидирув тизимидаги маълумотларга кўра, “Magic City” савдо белгисини 2020 йил 27 сентябрда Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли “J-United Group” МЧЖ рўйхатдан ўтказган. Айни пайтда бу савдо белгисига нисбатан ҳуқуқлар “Stargate Systems” МЧЖга тегишли.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 сентябрдаги қарори билан, Миллий боғнинг 20,79 гектар ҳудуди ўша вақтда Ортиқхўжаевнинг AKFA компаниялари гуруҳи таркибига кирган “Stargate Systems” МЧЖга 49 йил муддатга ижарага берилиши белгиланган. Компания ўз маблағлари ёки хорижий банкларнинг кредит маблағлари ҳисобидан 60 млн доллар инвестиция киритиб, замонавий парк қуриш лойиҳасини амалга ошириши кўзда тутилган бўлиб, 49 йиллик муддат лойиҳанинг барча босқичлари якунига етказилган вақтдан бошлаб ҳисобланади.

Корхона ва ташкилотлар реестрига кўра, 2024 йилнинг 1 феврал ҳолатига Stargate Systems'нинг 86,20 фоиз улуши “Tashkent Aquarium” МЧЖга, 13,80 фоизи эса Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг куёви Абдувоҳидов Алишер Абдужабборовичга тегишли. Алишер Абдувоҳидов – Tashkent Aquarium'нинг ҳам 100 фоиз улушдори. Маълумот учун, Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва президентнинг собиқ маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов ўзаро қуда ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳар ҳокими лавозимида 2018 йил апрелидан 2023 йил 16 январгача ишлади.

Мавзуга оид