Ўзбекистон | 18:17 / 02.02.2024
15359
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ИЭС мазут ёқиб ҳавони ифлослантиргани учун 1 млрд сўм тўлайдиган бўлди

Тошкент иссиқлик электр станциясида газдан ташқари, мазут ёқилгани аниқланди. Станцияга атроф-муҳитни ифлослантиргани учун 1 млрд 23 млн сўм компенсация белгиланди, деб маълумот берди Экология вазирлиги.

Фото: Kun.uz

Ижтимоий тармоқларда Тошкент ИЭСдан чиқаётган қора тутун Тошкент шаҳрига кириб келаётгани видеоси тарқалганди. Экология, атроф-муҳитни муҳоза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳолатни ўргангани маълум қилди.

23–31 январ кунлари Экология вазирлиги томонидан Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Салар шаҳарчасида жойлашган “Тошкент ИЭС” (иссиқлик электр станцияси) фаолияти текширилган. Аниқланишича, текширув давомида корхонада газ асосий ёқилғи ҳисоблангани, шунингдек, қўшимча ёқилғи сифатда мазутдан фойдаланилган. Шу сабабли Тошкент шаҳри ҳавосини тутун қоплаган.

Текширув натижаларига кўра, иссиқлик электр станциясига атроф-муҳитни ифлослантиргани учун 1 млрд 23 млн сўм (атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун 759 млн, нефт маҳсулотлари билан ерни ифлослантирганлик учун 264 млн) миқдорида компенсация белгиланган.

Бундан ташқари, ИЭСга аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан 16 банддан иборат мажбурий кўрсатмалар берилди. Айни дамда тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқбузарликка йўл қўйган ИЭС мансабдор шахсларига тегишли чора кўриш мақсадида суд органларига юборилмоқда”, – дейилади вазирлик расмий хабарида.

Экологлар Тошкент ИЭС яқинида ҳаво сифатини ўлчамоқда / Фото: Экология вазирлиги

Маълумот учун, вазирлик 2018 йилда Тошкент ИЭСда 118,9 минг тонна мазут сарфлангани ва 2023 йилда бу кўрсаткич 270 минг тоннадан ошганини (ўсиш 2,3 баробар) маълум қилганди.

Мавзуга оид