Иқтисодиёт | 19:33 / 03.02.2024
56085
11 дақиқада ўқилади

Қандай қилиб помидорни телевизорга айлантириш мумкин? Беҳзод Ҳошимов билан суҳбат

Савдо бу – бир товардан иккинчисини ҳосил қилиш технологиясидир. Ўзбекистонликлар ўзлари самарали бўлган соҳа, масалан помидор ишлаб чиқариш орқали уни чет элда сотяпти ва тушган валюта эвазига масалан хорижда ишлаб чиқарилган телевизор сотиб оляпти. Яъни халқаро савдо орқали помидор телевизорга айлантириляпти, дея тушунтиради иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов.

Ўзбекистонга автомобил йўллари орқали кириб келаётган фуқаролар божхона тўловлари тўламасдан олиб кириши мумкин бўлган товарларнинг максимал қиймати 300 доллардан 100 долларгача камайтирилиши мумкин.

Kun.uz мухбири айни пайтда кўриб чиқилаётган бу ўзгаришнинг иқтисодий таъсири қандай бўлиши борасида иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов билан суҳбатлашди.

“Савдо йўлларидан узоқда жойлашганимиз етмагандек, ўзимиз савдога сунъий тўсиқларни ҳам ўйлаб топганмиз”

— Савдога тўсиқлар ва савдо сиёсатидаги масалалар – мени доим ташвишга солиб келадиган масалалардан бири. Бунинг сабаби, Ўзбекистон дунёда уникал давлатлардан бири: кўп логистик нуқталардан узоқда жойлашган, яъни географик жойлашув жиҳатдан биз артаркик мамлакатмиз. Иккинчидан, шу географик жиҳатдан савдо йўлларидан узоқда жойлашганимизга қарамай, унинг устига ўзимиз савдога сунъий чеклов ва тўсиқларни ўйлаб топганмиз. Бу – божхона божлари, нотариф тўсиқлар, ҳужжатлар билан боғлиқ чекловлар.

Шу сабабларга кўра Ўзбекистонда кўп нарсалар қўшни мамлакатлар ва бошқа давлатлардан қимматроқ, бу – кийим-кечак бўладими, электроника, уй жиҳозлари, қурилиш материаллари бўладими, рўйхатни узоқ давом эттирсак бўлади. Шу сабабли ўзбекистонликлар четга чиқса, чет элдан товарларни ўзлари билан олиб келишади. Ёки бирор бошқа мақсад билан хорижга чиққанда ҳам, ўзлари билан нарса олиб келишади. Ўзбекистоннинг Қозоғистон ёки Қирғизистон билан чегарадош шаҳарларига борсангиз, чегаранинг ёнида бир қанча чакана ва улгуржи бозорлар бор. Уларнинг асосий мақсади – ўзбекистонликларга товарларни сотиш, чунки чегарадан ўтишингиз билан нарх тушади. Ўзбекистонда божлар баланд ва уларни расман олиб кирсангиз, қимматга тушади.

Олдинлари, 2011 йилларда Дубайдан Ўзбекистонга келардим, ҳар бир рейсда юк туширадиган жойда ҳар иккинчи йўловчида телевизор бўларди. Чунки Ўзбекистонда телевизор ниҳоятда қиммат эди. Мен телевизорсиз келсам, турган одамлар “сизда телевизор йўқ экан, меникини ўзингизнинг номингизга олиб ўта оласизми?” деб сўрашарди.

Пиёда ёки автомобил чегарасига келсак, Тошкент яқинида Ғишткўприк чегара пункти бор, у ерда ҳам кўрсангиз бўлади, Қозоғистондан келаётган одамлар Ўзбекистонда нима қиммат бўлса, қўлларига олиб олади.

“Одамлар чўнтагида товар олиб кириши – ҳаммамизга уйғониш учун сигнал бўлиши керак”

— 2018 йил бўлса керак, кўп озиқ-овқат маҳсулотларига катта божлар бор эди, Ўзбекистон–Қозоғистон чегарасини кузатгандим: одамлар чўнтагига 2 литр ёғ ёки қанақадир озиқ-овқат солиб ўтишарди. Ёши катта кишилар “сизда ҳеч нарса йўқ экан, менинг икки пакет нарсамни олиб ўтиб беринг” дейишарди.

Нимага буларни айтяпман? Нега одамлар бундай қиляпти деган саволни беришимиз керак. Ўзбекистонда, қандайдир сабабга кўра, товарларни улгуржи олиб киргандан кўра, Қозоғистондаги дўкондан чакана нархда харид олиб, олиб киргани арзонроққа тушяпти. Бу муаммони Ўзбекистоннинг савдо сиёсатига масъул одамларнинг ўзи сунъий равишда ташкил қилган. Одамлар бунга реакция қилган, яъни Ўзбекистонда телевизор қиммат, шунинг учун улар қўлда олиб киришяпти. Энди савдо сиёсатига масъуллар айтяптики, қўлда олиб киришни чегараламасак бўлмайди деб, ўзлари ташкил қилган муаммони жиддийлаштиришяпти. Бу муҳокамада мен 100 долларми, 300 ёки 30 минг доллар деган масалани эмас, ўзи нега бу муаммога келиб қолдик, деган нарсага эътибор қаратиш лозим деб биламан.

Агар ҳозир лимитни 300 доллардан 100 долларга туширсак, қайсидир товарларнинг нархлари қимматлашади. Чегарадан товар олиб ўтадиган одамлар ҳам тирикчилик қиляпти, ҳам бизга қайсидир товарларнинг нархини арзонроқ сотиб олишга ёрдам беришяпти. Қанақадир товарни олиб кираётгани – истеъмолчиларнинг сотиб олиш имкониятини кенгайтиряпти.

Ўзи, чегаралараро чакана савдонинг мавжудлиги, менимча, ҳаммамизга уйғониш учун сигнал бўлиши керак. Қандай қилиб чакана савдо орқали кириб келаётган нарсалар “оптом” келадиган нарсалардан арзонроқ?

Нимага буни қайта қайта айтяпман, тасаввур қилинг, сиз Ўзбекистонга Хитой ёки Япониядан 100 мингта чойнак олиб келсангиз, сизга берадиган нархи бошқача, дўкон пештахтасидаги нарх бошқача. Ваҳоланки, Ўзбекистонга улгуржи олиб келгандан кўра, чакана олиб кириш арзонроққа тушяпти. Демак, Ўзбекистон шу қадар катта бож қўйяптики, бу – Ўзбекистонга одамлар ўз қўли билан товарларни олиб келишга мажбур қиляпти.

Шундай сиёсат олиб борилиши керакки, чет элдан жисмоний шахслар қўлида олиб келадиган нарса нарх жиҳатдан жозибадор бўлиши керак эмас. Акс ҳолда, бу – савдо сиёсатида катта хато борлигидан далолат беради. Францияда француз пишлоғи АҚШдан арзонроқдир балки, лекин Франциядан пишлоқ сотиб олиб бориб АҚШда сотсангиз, АҚШдагидан кўра арзонга сота олмайсиз. Чунки кимдир ўша пишлоқни катта контейнерда олиб келяпти, табиийки, у билан нарх борасида рақобатлаша олмайсиз. Бизда эса шу даражада фарқ каттаки, айрим товарларда фойда 50-100 фоизгача бўлиши мумкин, шуни инобатга олганда ҳам Ўзбекистонда нарсалар шунчалик қиммат.

Қозоғистонда бир статистика бор эди, унга кўра, мамлакатнинг жанубидаги вилоятлар айрим нарсаларни бошқа ҳудудлардан кўра 2 баробар кўпроқ истеъмол қилади. Табиийки, бу нарсалар Қозоғистонда истеъмол қилинмаяпти, Ўзбекистонга олиб кириляпти. Яъни бизда одамлар товарларни қўлда олиб киряпти.

Нега Ўзбекистонга учадиган ҳар бир рейсда ўзбекистонликларнинг қўлида iPhone бор? Нотўғри савдо тартиботларимиз одамларни шундай қилишга мажбур бўляпти. Агар нормал савдо сиёсати бўлганида, ҳукумат 100 долларми ёки 300 доллар деган дискуссияда бўлмасди. Чунки жисмоний шахслар катта корхоналар билан рақобатлаша олмайди. Apple'нинг ўзи Ўзбекистонга iPhone олиб кирганида эди, сиз ёки менга ўхшаган одамлар Дубайдан қариндошларимизга iPhone кўтариб кирмасдик. Тошкентга келаётганимни кимдир эшитса, менга битта iPhone олиб кел дейишади. Эътиборни шунга мажбур қилган савдо сиёсатига қаратишимиз керак.

“Муаммонинг сабаби эмас, оқибати билан курашиш керак”

— Дейлик, одамларга пул бериб, чегарадан товар олиб ўтиб сотадиганлар борлигини айтаётган масъуллар ҳақ дейлик, аммо бу – ўзлари ўйлаб топган муаммонинг оқибати-ку. 5-6 йил олдин Ўзбекистонда конвертация муаммо эди, валютафурушлар бор эди, лекин уларнинг фаолияти ноқонуний эди. Ваҳоланки, валютафурушларни ихтиро қилган механизм конвертация эди.

Чегарадаги савдо ҳам худди шунақа – тадбиркорлар одамларга пул бериб, товар олиб киряпти-да, солиқ ҳам тўламаяпти, дейлик. Лекин шунинг сабаби билан курашиш ўрнига, оқибат билан курашишяпти. Ўша пайтда ҳам валютчикларни милиция келиб қамаб турарди, лекин улар касб сифатида йўқ бўлиб қолмади ва энг катта коррупцион схемага олиб келди. Мана, конвертация очилганидан кейин долларни сўмга, сўмни долларга ёруғ, ҳамманинг олдида банкка келиб алмаштирамиз. Ўша банк ҳам солиқ тўлайди, бошқа қилади. Агар савдо сиёсати нормал бўлганида, тадбиркорларга юзлаб одамларни Қозоғистонга жўнатиб, чўнтагингларда 4 тадан iPhone'га қувватлагич олиб келинглар дейиш жозибадор бўлмасди. Контейнерда катта ҳажмда юк олиб кириш арзонга тушарди. Қонуний йўл қиммат бўляпти-да, ноқонуний йўл арзон бўляпти.

Ноқонуний йўлни қийинлаштириш кераклиги ўйлаш эмас, нима қилиб қилиб қўйдикки, бизнинг халқ ноқонуний йўл билан шуни қилишга мажбур бўляпти деб ўйлаш керак.

“Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаш учун бож киритиш ғалати мантиқ”

— Ортимда Японияда ишлаб чиқарилган Sony телевизори турибди. Ҳозир АҚШда турибман, Японияга бориб телевизор олиб келиб АҚШда сотаман десам, АҚШдаги дўкондан кўра қимматга тушади. Шунинг учун Токиодан Лос-Анжелесга учадиган йўловчиларнинг қўлида телевизор йўқ, лекин Дубай–Тошкент рейси йўловчиларида бўларди. Сабаби – контейнерда юз минглаб олиб келиш бирма-бир қўлда ташигандан арзон тушади.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаш учун бож киритиш – ғалати мантиқ. Дейлик, Япония ҳукумати Ўзбекистонга миллионта компьютер совға қилса, ўзбекистонликлар уни олиши керакми-йўқми? Кўпчилик ҳа дейди. Энди, Япония совға сифатида эмас, 10 фоизлик чегирма билан берса-чи?

Ҳозирги савдо сиёсати шундай қилинганки, биз кўп нарсани самарадор ишлаб чиқармаймиз, шунинг учун биздаги нархлар чет элдан қиммат. Савдо сиёсатига масъуллар “биз самарадорлигимиз паст бўлгани учун сунъий тўсиқлар қиламиз-да, бизнинг самарасиз ишлаб чиқаришимизни ўзбекистонликлар молиялаштирсин” деб ҳисоблайди. Биз ўзбекистонликлар самарасиз ишлаб чиқарувчиларни молиялаштиришга мажбур бўлишимизни хоҳлашяпти. Шу – асосий муаммо. Улар ўйлашадики, ўзбекистонлик маиший техника ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатчиси япониялик ёки кореялик ишлаб чиқарувчилар деб, лекин аслида уларнинг рақобатчиси – рақобатли товар ишлаб чиқарадиганлар.

Қандай қилиб помидорни телевизорга айлантириш мумкин?

“Мирзачўл мерседеси” деган мақола ёзгандим Gazeta.uz'гa. Ўзи савдо нима экани ҳақида айтишим керак. Савдо – қайсидир товардан бошқа товар ишлаб чиқариш технологияси. Ўзбекистонликлар яхши помидор ишлаб чиқаряпти ва уни Россияда сотяпти. Ўша помидордан телевизор яратишяпти. Қандай қилиб деган саволингизга халқаро савдо орқали дейман.

Биз помидорларни чет эл валютасига сотиб, чет элда ишлаб чиқариладиган телевизор сотиб оляпмиз. Яъни бизда помидордан телевизор яратиш мўъжизаси бор.

Ички бозор деган аргумент – иқтисодий хато. Савдони чеклашдан ички бозор иштирокчилари оладиган ютуқ ўзбекистонликларнинг ютқизиғидан кўра камроқ.

  • Интервюни Kun.uz'нинг You Tube саҳифасида кўришингиз мумкин.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Монтажчи – Муҳиддин Қурбонов.

Мавзуга оид