Ўзбекистон | 09:50 / 03.02.2024
18008
2 дақиқада ўқилади

Қимор ўйнагани учун ишдан олинган маҳалла раиси 1 йил ўтиб лавозимига қайтгани маълум бўлди

Паст Дарғом туманидаги Қозоқ Найман маҳалласи раиси Аҳрор Арслонов қимор ўйнаётгани акс этган суратлар тармоқларда тарқалиши ортидан 2022 йил ноябр ойида лавозимидан озод этилганди.

Қимор ўйнагани учун ишдан олинган Паст Дарғом туманидаги Қозоқ Найман маҳалласи раиси Аҳрор Арслонов 2023 йил декабр ойида маҳалла раислигига қайтган. Бу ҳақда маҳалланинг Telegram’даги янгиликлар каналида маълум қилинган.

Қадрли Қозоқ Найман маҳалласи сардори Ахрор Жамолович! Сизни Қозоқ Найман маҳалласи раиси лавозимига сайланганингиз билан чин қалбимдан табриклайман. Доимо ҳозиргидек эларвар ва фидойи маҳалла отаси бўлиб, ҳамма ўйлаган ниятларингизга етиб юринг”, дейилади ҳудуддаги 56-ИДУМ жамоаси табригида.

Аҳрор Арслонов 2016 йилдан бери Қозоқ Найман маҳалласида раислик қилиб келган. 2022 йилги сайловларда раисликка қайта сайланган. 2022 йилнинг 21 ноябр куни унинг қимор ўйнаётгани акс этган суратлар ижтимоий тармоқларда тарқалгач, раислик ваколати “Қозоқ Найман” МФЙ вакиллар кенгаши қарори билан муддатидан олдин тугатилганди.

Раиснинг қимор ўйнаётгани акс этган суратлар ижтимоий тармоқларда тарқалгач, бу маҳалла фаолларининг норозилигига сабаб бўлган ва уларнинг талаб-хоҳиши билан ўзи ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзган. Унинг ўрнига ушбу маҳалладаги хотин-қизлар фаоли вақтинча раис вазифасига тайинланган”, дея ҳолатга изоҳ берганди ўшанда вилоят Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси ахборот хизмати.

Kun.uz манбаси Аҳрор Арслоновнинг акаси (исми шарифлари таҳририятга маълум) Самарқанд вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Шунқор Худойбердиев билан қуда эканини айтмоқда. У маҳалла раислигига сайлангунга қадар Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ инспектори вазифасида ишлаган.  

 

Мавзуга оид