Жаҳон | 17:51 / 04.02.2024
16059
11 дақиқада ўқилади

“Ўзига оғдирмоқчи” — экспертлар ХХР раисининг “Толибон” элчисидан ёрлиқ олгани ҳақида

АҚШ кучлари Афғонистондан кетгач, Хитой бу ерда ўз таъсирини ўрнатишга қарор қилган, ҳозирда глобал ва минтақавий куч марказлари ўртасида “Толибон” масаласида “савдо” кетяпти, дейди афғоншунос Суҳроб Бўронов. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга кўра, тан олмаслик – “Толибон”га нисбатан дунё давлатлари қўлидаги кам сонли таъсир воситаларидан бири бўлиб қоляпти.

30 январ куни Хитой Халқ Республикаси раиси Си Жинпинг Пекинда бир қатор хорижий давлатлар элчилари қаторида Афғонистон Ислом Амирлиги элчисидан ҳам ишонч ёрлиғини қабул қилиб олди. Бу билан Хитой бундай қадамни қўйган илк давлатга айланди.

Kun.uz Афғонистоннинг бевосита қўшниларидан бири бўлмиш Хитойнинг “Толибон”га оид сиёсатини муҳокама қилиш учун “Геосиёсат” дастурига сиёсий таҳлилчилар Сухроб Бўронов ва Камолиддин Раббимовни таклиф этди.

— Хитойнинг “Толибон” элчисини расман қабул қилиш қарорини қандай факторлар ёки минтақавий вазиятлар тақозо этди?

Сухроб Бўронов: — Хитойнинг Афғонистондаги хатти-ҳаракатлари, сиёсати қандай эканига даврий равишда эътибор бериш керак. 2021 йилда “Толибон” ҳокимиятни эгаллагандан кейинги даврдаги минтақавий ва глобал сиёсий ўзгаришлар Хитойни “Толибон”га нисбатан сиёсатини тезлаштиришга ундади. АҚШ Украина ва Яқин Шарққа эътибор қаратиб турган бир пайтда Хитой бундай вазиятдан фойдаланишга уриняпти, вазият тақозоси ҳам бу. АҚШ кучлари Афғонистонни тарк этгач, Хитой бу ерни бўшлиқ сифатида қабул қилиб, бу ерларда Хитой таъсири бўлиши керак деган стратегия ишлаб чиқиши лозим эди.

Яна бир нарса бор: АҚШ ва Россиядан фарқли равишда Хитой Афғонистон билан бевосита чегарадош. Бу омил Хитой учун иқтисодий ва стратегик хавфсизлик нуқтаи назардан ҳам муҳим. Ишонч ёрлиғи қабул қилиниши тан олишни англатмайди ҳали, бу ҳақида Хитой расмийлари ҳам айтди. Хитой ТИВ матбуот котиби тан олишнинг асосий шарти инклюзив ҳукумат тузилиши ва терроризмга қарши кураш эканини айтди.

Бу икки шарт жуда муҳим. Инклюзив ҳукумат дегани минтақавий консенсус билан боғлиқ. Хитой кузатяптики, Афғонистон масаласида минтақавий консенсусга эришилмади. Шундай шароитда Хитой ўзи “Толибон” билан яқинлашиш йўлидан боряпти. Бошқача айтганда, “Толибон”га нисбатан сиёсати “аввал иқтисод, кейин сиёсат” деган тамойилдан боряпти.

Камолиддин Раббимов: — Ҳокимиятга “Толибон” келгач, Афғонистон геосиёсатда тўлиқ Хитой ўз олдига минимум ва максимум вазифаларни қўйган эди. 20 йиллик урушда АҚШ, коллектив Ғарбда “Толибон” ёки Афғонистондаги жиҳодий гуруҳларни Хитойга қарши қўйиш ҳаракатлари бўлди, яъни шундай маълумотлар кенг тарқалган. Хитой бундан қўрқади, чунки Хитойнинг бешдан бир қисмини ташкил этувчи Уйғуристонда мусулмонлар яшайди, Ислом динини қаршилик кўрсатиш мафкураси сифатида Хитойнинг парчаланишидан Хитой қўрқади. Шунинг учун ҳам “Толибон” Хитойга қарши душман бўлмаслиги керак, деган вазифа қўйилган. Хитойнинг “Толибон”га нисбатан дипломатияси анча эҳтиёткор, тил топишишга уринади.

Бу ерда глобал контекст бор. “Толибон”нинг олдига инклюзив ҳукумат тузиш вазифасини қўйиш бўйича расмий ва норасмий келишувлар бор. Тўғри талаб бу. Кўп миллатли, кўп мазҳабли аҳоли яшайдиган Афғонистонда инклюзив ҳукумат бўлиши муҳим. Бугунги “Толибон” бир таркибли ҳокимият, этник пуштунларнинг улуши жуда катта. Глобал майдонда Ғарб ва Россия, Хитой ва Ғарб ўртасида геосиёсий курашлар кетяпти. “Толибон”ни ким биринчи бўлиб қолганларни инкор қилган ҳолда тан олар экан, деган масала ҳам турибди кун тартибида.

Хитойнинг мақсади минтақавий консенсусга кўра, тан олмай туриш эмас, балки “Толибон”га таъсир ричагларини сақлаш учун тан олмай турибди деб ўйлайман.

— Хитойнинг бу қадами Марказий Осиё ва глобал миқёсдаги сиёсий динамикаларга қандай таъсир ўтказади?

Сухроб Бўронов: — Хитойнинг бу ҳаракати – де-факто қадам. Ишонч ёрлиғини қабул қилган ягона давлат бўлиб турибди. Глобал даражадаги яна бир жиҳати бор, яқинда Доҳа конференцияси ўтказилади, унда Афғонистонга дахлдор бўлган давлатлар вакиллари иштирок этади. Бу конференцияда Афғонистон бўйича консенсусга эришиш кўзда тутилган, давлатлар ўз позициясини музокаралар орқали аниқлаштиришга ҳаракат қиляпти. Хитой мана шу конференциядан олдин ўз позициясини кўрсатиб қўймоқчидек. Лекин минтақавий консенсус масаласи қийин бўлиб турибди, Эрон, Покистон каби давлатлар ҳам инклюзив ҳукумат тузиш талабини қўйяпти. Эрон манфаатларида муҳим рол ўйновчи ҳазоралар бор, улар ҳам ҳукумат таркибида бўлишини истайди Эрон. Покистон 1,7 млн қочоқларни депорт қилди, бу эса минтақавий консенсус қийин бўлаётганини билдиради. Марказий Осиё давлатлари эса вазиятни кузатяпти кўпроқ, Доҳа конференциясидан кейин кўп масалалар ойдинлашади.

— Покистондан депортация қилинганлар Ўзбекистон билан чегара ҳудудларга жойлаштириляпти, деган хабарлар ҳам бор. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин?

Сухроб Бўронов: — Бундай хабарлар бор, аммо тасдиқлаш имкони йўқ. Лекин айтиш керакки, Афғонистонда пуштунлаштириш сиёсати давом этяпти, яъни уларни махсус жойлаштириш, шимолга кўчириш давом этяпти.

— Хитойнинг бу қадами АҚШ ва Россиянинг Афғонистон бўйича сиёсатига таъсир қиладими?

Камолиддин Раббимов: — Ўйлашимча, маълум бир таъсири бўлади. Лекин Хитой “Толибон”ни тан олишга шошилмайди, юқорида айтганимдек, таъсир воситаси сифатида. Агар Россия “Толибон”га Ғарб билан алоқаларни чеклаш ёки шунга ўхшаш шарт қўяётган бўлса, Россия ҳам “Толибон”ни тан олишга шошилмайди. Қолаверса, Хитой ва Россия ўртасидаги маълум бир тафовут кўзга ташланиб қолиши мумкин.

Декабр ойида Қозоғистон “Толибон”ни террористик ташкилотлар рўйхатидан чиқарди. Чунки Қозоғистон Афғонистондаги барқарорликдан манфаатдор, Ўзбекистон ҳам. Қозоғистоннинг Афғонистон орқали ўтувчи транзит йўлларига кучли қизиқяпти, чунки бу Россияни чеклаб ўтиш имконини беради. Қозоғистон ва Ўзбекистон учун Афғонистон тинчлиги муҳим, бу геосиёсий мустақилликни мустаҳкамлашга имкон беради.

АҚШ учун Афғонистондаги вазият ташқи сиёсатида 3-ўринга тушиб қолди. Коллектив Ғарб шартларини айтган, Афғонистондан чиқиб кетиб бўлишган, шунинг учун бу ерда йўқотадиган нарсалари йўқ. Афғонистон учун муҳим нарсалардан бири Ғарб томонидан музлатилган Афғонистон маблағлари. “Толибон”ни тан олмаслик, легитимлик бермаслик охирги кучли таъсир воситаси сифатида сақлаб қолиняпти.

Сухроб Бўронов: — Катта давлатларнинг позицияси ҳар хил. АҚШ томони Хитойнинг “Толибон” билан алоқалари тўғрисида қарашларини эълон қилиб, Вашингтоннинг “Толибон” билан боғлиқ сиёсати ўзгармаслигини айтди. Аммо ўзгаради деб ўйлайман, чунки АҚШнинг эътиборини Яқин Шарқдан яна Афғонистонга қаратиш учун қадамлар бўляпти, Трамп ҳам ўз чиқишларида айтяпти. Яна бир сабаби Доҳа конференцияси бўлиши мумкин.

Ўйлашимча, Афғонистонда яқин келажакда хавфсизлик масаласи чигал бўлиб турибди. Чунки БМТ Хавфсизлик кенгашининг январ ойи бўйича ҳисоботида Афғонистондаги турли гуруҳлар ҳақида аниқ маълумотлар келтирилган. Афғонистонни бошқариладиган беқарорлик майдонига айлантириш эҳтимоллари ҳам мавжуд, менимча.

— Афғонистонда тинчлик бўлишини хоҳлаётган, “Толибон” билан келишаётган томонлар АҚШнинг яна Афғонистонга киришига йўл қўядими?

Камолиддин Раббимов: — Трамп Афғонистонга қайтиш ҳақида айтяпти, лекин бундай бўлиши эҳтимоли жуда кам, менимча. Биринчидан, АҚШ Афғонистонда 20 йил урушиб, олдига қўйган 3 та вазифанинг баъзиларига вақтинча эришди, баъзиларига умуман эришолмади. 2021 йилда эса бу вазифалар умуман бажарилмаган эди. “Толибон” АҚШ қайтишига рози бўлмайди. Бундай вазиятда куч ишлатишга тўғри келади, бунинг учун Конгресс рухсати керак бўлади. Аммо АҚШда янги консенсус шаклланган, мусулмон дунёсига бостириб боришни маъқуллашмайди.

Сухроб Бўронов: — АҚШнинг билвосита таъсир воситалари кўп. Афғонистонни қайта тиклаш бўйича ташкилот бош инспектори Жон Соканинг маълумотига кўра, АҚШнинг турли ННТлари Афғонистонга 3 млрд доллар маблағ киритилган. Бундан ташқари, ҳарбий жиҳатдан қўлловлар ҳам давом этяпти.

— Хитойнинг ушбу қарори БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан қандай қабул қилинади?

Камолиддин Раббимов: — БМТ ичидаги ташкилотлар билан “Толибон” ўртасида секин-секин яқинлашиш бўляпти. БМТнинг “Толибон”га асосий шарти хотин-қизлар ҳуқуқини таъминлаш, этник камчиликлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш кабилар. “Толибон”га муттасил тарзда сигнал бериляпти. “Толибон”нинг ичида мана шу шартларни англаш, амалга ошириш борасида зиддиятлар бор. Ўнг кучлар бу шартларни қабул қилмоқчи эмас, сўл томон эса бу шартларни қабул қилишга тайёр. “Толибон”ни тан олмасдан, унга таъсир ўтказиш фойда бериши мумкин. Лекин қайсидир давлат шартлар бажарилмасидан тан олса ҳам, БМТ қаршилик қилолмайди, бу давлатларнинг ички масаласи.

Сухроб Бўронов: — БМТ “Толибон”ни террористик ташкилотлар рўйхатига киритган, шунинг учун унинг овози сифатида БМТга таъсири кучли бўлган давлатлар гапиряпти, хусусан, АҚШ.

— Хитойнинг бу хатти-ҳаракатлари янги бир саҳифа очадими?

Камолиддин Раббимов: — “Толибон” сиёсий ҳокимиятини расман тан олмасдан элчи юборяпти ва элчи қабул қиляпти. Бу маълум бир дипломатик, халқаро ҳуқуқий коллезияни шакллантиради. Халқаро вазиятдан келиб чиқиб, Хитой Афғонистондаги вазиятга қараб туролмайман, қўйган шартларим бор, вазият хавотирга бўлади, де-факто алоқада бўламан, лекин “Толибон” сиёсий тузумини легитим сифатида тан олмайман, деган позицияда.

Сухроб Бўронов: — Хитойнинг “Бир макон – бир йўл” лойиҳасида Афғонистон транзити муҳим рол ўйнайди. Лекин хавфсизлик кафолати муаммолари бор, шу муаммолар туфайли Хитой босқичма-босқич бу жараёнга киришмоқчи. Хитой стратегияси Марказий Осиё ва Жанубий Осиё билан ҳам боғлиқ, чунки 3 та йўлакдан кўра Афғонистондан ўтказиш Хитой учун мақбул вариант.

Ҳозир “Толибон” устидан савдо сиёсати кетяпти, яъни глобал ва минтақавий куч марказлари “Толибон”ни ўзига оғдиришга ҳаракат қиляпти. Шу маънода бу кучлар маълум бир сигналлар, муждалар беришга ҳаракат қиляпти, биринчиси эса Хитой бўлди.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид