Исроил қамоқхоналаридаги фаластинликлар, Залужнийни бўшатмоқчи бўлаётган Зеленский ва мигрантларга қарши Трамп — кун дайжести
Дунёда содир бўлан аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотлар шарҳи билан таништиришда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
ҲАМАС ўтган марта амалга оширилган «алмашув» схемасига ўхшаш битимга рад жавобини берган.
Фаластин ҳаракатини гаровдагиларни озод қилиш ва ўт очишни тўхтатиш бўйича потенциал келишув шартлари қониқтирмаяпти, деб хабар берган Ал-Арабия телеканали.
ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания бу борада «Исломий жиҳод» ҳаракати бош котиби Зиҳад ан-Наҳал билан келишувни муҳокама қилган. Томонлар ўт очишни тўхтатиш ташаббуси бўйича маслаҳатлашув ўтказиб, Ғазода ҳарбий ҳаракатларнинг тўлиқ тўхтатилишига олиб келувчи битимдан бошқасига рози бўлмасликларини билдиришган.
Бу орада Исроил ҳужумлари туфайли Ғазо секторида ҳалок бўлганлар сони 27 минг 365 кишига етган. 66 минг 630 киши ярадор бўлган.
Туркия ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан 120 кундан буён Ғазога ҳарбий агрессия қилаётган Исроил асло хавфсизликни кўзламаётганини таъкидлаб ўтди.
«Исроил хавфсизликни кўзламаяпти. Исроилга кўпроқ ер керак. Исроил фаластинликларга ўз давлатини қайтариб бергани куниёқ хавфсизликка эришади», — деган Фидан.
Исроилдаги фаластинлик маҳбуслар
Исроил қамоқхоналарида 9 мингга яқин фаластинликлар сақланмоқда. Уларнинг бир қисми Ғазо секторида ҳисобга олинган, деб хабар беради Исроилнинг «HaMoked» ҳуқуқбонлик гуруҳи.
Исроил ҳуқуқбонлик ташкилотининг мамлакат расмий маълумотларига асосланиб чиқарган баёнотига кўра, айни дамда Исроил қамоқхоналарида 8926 нафар фаластинлик маҳбус сақланмоқда.
Қамоқхоналарда сақланаётган фаластинликлар орасида 2690 нафари судланган, 2752 нафари ҳали суд қарорини кутмоқда, 3484 нафари эса айбловларсиз ва суд қарорисиз маъмурий ҳибсда ушлаб турилибди.
«Исроилнинг маҳбусларга муносабати уларнинг тенглик, муносиблик, оилавий ҳаёти, таълим олиш ва бошқа ҳуқуқларини бузади ва бу халқаро ҳуқуқ нормаларига зиддир», — демоқда «HaMoked» ташкилотидагилар.
Ҳибсдаги фаластинликларнинг аксарияти оккупация қилинган Фаластин ерларидан ушлаб келтирилган, бу эса оккупация остидаги ҳудудлардан маҳбусларни олиб чиқишни тақиқловчи 4-Женева конвенциясига зиддир.
АҚШнинг Яқин Шарқдаги зарбалари
АҚШ ва Буюк Британия Яманга яна ҳамкорликдаги авиазарбаларни беришди.
Маҳаллий ҳукуматга қарши исён қилган ҳусийчиларнинг Яманнинг 13 та турли ҳудудида жойлашган 36 та объектига авиазарбалар берилгани маълум қилинмоқда. Ҳужумлар асносида қурол-яроғлар омборлари, авиация, ракета комплекслари, радарлар, ракета ва дрон учириш қурилмалари йўқ қилинган, дейилади АҚШ Мудофаа вазирлиги хабарида.
АҚШ Қуролли кучлари марказий қўмондонлиги ушбу ҳужум натижасида ҳусийчиларнинг Қизил денгиздаги 6 та кемаларга қарши ракета тизимлари йўқ қилинганини ҳам таъкидлаган.
АҚШ Ироқ ва Суриядаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланиб келинаётган кучларнинг объектлари томон берилган авиазарбалар асносида 85 та нишондан 84 тасини йўқ қилган. Бу ҳақда CNN хабар бермоқда.
Эрон ўзининг Яқин Шарқдаги кемаларига ҳужум қилинса АҚШга уруш таҳдиди билан огоҳлантириш берди, деб ёзади Associated Press.
Нашрнинг Оқ уйдаги манбаларига асосланиб хабар беришича, Эроннинг Яқин Шарқ сувларида сузиб юрган «Беҳшод» ва «Савиз» кемаларига потенциал зарбалар Эрон ҳудудига қилинган зарбалар сифатида қабул қилиниши таъкидланган.
Эрон ташқи ишлар вазири ҳам АҚШ ва Буюк Британияга мурожаат қилди.
«Биз АҚШ ва Буюк Британиянинг Яманга ҳужуми, Ироқ ва Сурияга агрессиясини кескин қоралаймиз. Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон билан учрашувда урушни давом эттириш ечим эмаслигини аниқ қилиб айтган эдим.
Минтақанинг ғазабини синаманглар, биз Ироқ, Сурия, Яман ва Фаластиннинг хавфсизлигини минтақанинг хавфсизлиги деб ҳисоблаймиз», — деб ёзган Ҳуссайн Амир Абуллоҳиён X ижтимоий тармоғида.
Украинадаги истеъфолар эҳтимоли
Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийни истеъфога чиқаришни ўйлаб юрганини тасдиқлади.
Италиянинг Rai1 телеканалига интервю берар экан, Зеленский қайта юкланиш ва янгидан иш бошлаш зарурияти ҳақида гапирган.
«Бу ҳақда гапирар эканман, мен давлатнинг бошқарувчи шахсларини назарда тутмоқдаман, бу нафақат ҳарбий соҳага тегишли. Мен Залужнийни алмаштиришни ўйлаб юрибман, бу ҳақиқат», — деган Зеленский.
Унинг сўзларига кўра «бир инсонни алмаштириш ҳозироқ йўлга чиқишни англатмайди». «Бу мамлакат машинасини бошқариб бораётган бутун бошқарув гуруҳига тааллуқли», деган Зеленский.
Зеленский Россиянинг бортида ўнлаб украиналик ҳарбий асирлар бўлгани тахмин қилинаётган Ил-76 ҳарбий самолётининг уриб туширилишида масъулиятни Залужний гарданига қўйиб, уни ишдан бўшатиши мумкинлиги ҳақида Politika нашри колумнистларидан бири фикр билдирган.
Украинанинг Россияга ҳужумлари
2024 йил бошидан буён Украина Россиядаги еттинчи нефтни қайта ишлаш заводига зарба берган.
Пилотсиз парвоз қурилмаси ёрдамида уюштирилган ҳужум натижасида Волгоград шаҳридаги йирик нефтни қайта ишлаш заводининг йилига 3,5 млн тонна нефтни дастлабки қайта ишлаш қурилмаси ишдан чиқарилган.
Зарба натижасида кучли ёнғин келиб чиққан, ускунага зарар етган, ёнғин ўчирилган, ҳеч ким жабрланмаган. Энди ушбу нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқариш цикли носозликларни тузатиш даврида тўхтатилади.
ЛУКОЙЛ корпорациясига тегишли Волгоград нефтни қайта ишлаш заводи Жанубий федерал округдаги энг йирик нефт маҳсулотлари ишлаб чиқариш заводи бўлиб, унинг қуввати йилига 14,8 млн тоннага тенг.
Бу Украина дронларининг Россия нефтни қайта ишлаш заводларига биринчи зарбаси эмас. 31 январ куни Кстов шаҳридаги, 29 январда Ярославл шаҳридаги, 24 январда Туапсе шаҳридаги нефтни қайта ишлаш заводларига, 22 январда эса Ленинград области Уст-Луга портидаги нефт терминалига зарба берилган эди.
Экспертларнинг фикрича, Украина пилотсиз парвоз қурилмалари учиб бора оладиган зонада айни дамда Россиянинг 18 та нефтни қайта ишлаш заводлари жойлашган. Уларнинг йиллик қуввати 170 млн тонна бўлиб, Россиянинг жами нефтни қайта ишлаш қувватининг тенг ярмини ташкил этади.
Санкциялар остидаги Россия
Россия авиациясини тез орада қақшатқич зарба кутмоқда, деб ёзади The Wall Street Journal нашри. Бунга сабаб — Россияга авиацион бутловчи қисмлар етказиб беришга жорий этилган санкциялар.
Oliver Wyman маслаҳатчилари прогнозларига кўра, 2026 йилга бориб Россиядаги самолётлар парки 2 баробарга қисқаради ва бу жаҳонда энг катта ҳудудга эга бўлган давлат учун зарба бўлади. Санкциялар натижасида Россия авиакомпаниялари эҳтиёт қисмлар ололмаяпти, самолётларга тегишли техник хизмат кўрсата олмаяпти, дастурий таъминотни янгилай олмаяпти.
Германиянинг авиация ҳодисаларини кузатувчи Jacdec маълумотлар базасига кўра, 2023 йилда Россияда самолётлар носозлиги билан боғлиқ 74 та ҳодиса кузатилган. 2022 йилда бундай ҳодисалар сони 36 та бўлган.
Хавфсизлик бўйича мутахассисларнинг огоҳлантиришларича, доимий механик муаммолар йўловчилар хавфсизлигига катта таҳдид яратади ва пилотларга юкламани оширади. Бу жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Санкциялар оқибатларини кузатаётган экспертларга кўра, Россия авиакомпанияларига шасси ва тормозлар етишмовчилиги айниқса кучлироқ билинмоқда, улар самолётларни техник кўрикдан ўтказиш учун санкцияларга чап бериш борасида тажрибага эга бўлган Эронга жўнатишга мажбур бўлишмоқда.
Мигрантларга қарши Трамп
Агар Доналд Трамп АҚШ президентлигига қайта сайлангудек бўлса, биринчи навбатда Америка чегарасини ёпиш ва ноқонуний муҳожирларни оммавий депортация қилишни ташкил этиш ниятида эканини Fox News телеканалига берган интервюсида айтган.
Аввалроқ Техас губернатори Грег Эбботт ҳам журналист Такер Карлсонга берган интервьюсида штат чегараларини ноқонуний муҳожирлардан ҳимоя қилиш масаласида федерал ҳукумат билан зиддиятга тайёр эканини таъкидлаган эди.
Айрим хабарларга кўра, Доналд Трамп ноқонуний муҳожирлар ўтишининг олдини олиш учун Мексика билан чегарада зовур қазиш ва унга тимсоҳлар жойлаштиришни таклиф қилгани ҳам маълум бўлди.
Мавзуга оид
14:13 / 09.11.2024
Ғазодаги ҳарбий жиноятлар, НАТОдан Украинага янги ёрдам ва Ғарбни очкўзликда айблаган Путин — кун дайжести
15:34 / 08.11.2024
Ғазодаги касалхоналарга ҳужум, ҳусийчиларнинг огоҳлантириши ва Трампдан умид қилаётган Гуржистон — кун дайжести
13:12 / 07.11.2024
Ливан қишлоғига ҳужум, Трамп ғалабасидан хурсанд Исроил вазирлари ва Германияда парчаланган коалиция — кун дайжести
14:30 / 06.11.2024