Жаҳон | 17:59 / 05.02.2024
10343
2 дақиқада ўқилади

«Мен бундай алмаштириш ҳақида ўйлаяпман». Зеленский — Залужнийнинг истеъфоси эҳтимоли ҳақида

Фото: Kaniuka Ruslan / Украинформ / ABACAPRESS / Scanpix / LETA

Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийни истеъфога чиқариш имкониятини кўриб чиқаётганини тасдиқлади. У бу ҳақда Италиянинг Rai News 24 телеканалига берган интервюсида айтиб ўтган.

«Бу Украина бошқаруви масаласи. Шубҳасиз, қайта ишга тушириш, янгидан бошлаш керак», — деган Украина президенти ОАВда у Залужнийни ишдан бўшатмоқчи экани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан изоҳ бериб.

«Бу ҳақда гапирганда, мен фақат маълум бир сектор, масалан ҳарбий соҳадаги эмас, балки бир қатор давлат амалдорларини алмаштиришни назарда тутяпман. Мен бундай алмаштириш (Залужний) ҳақида ўйлаяпман, аммо гап фақат бир кишини алмаштириш ҳақида эмас», — дея қайд этган Зеленский.

У агар Украина урушда ғалаба қозонишни истаса, украинлар «тўғри ижобий энергияга эга бўлиши кераклиги»ни таъкидлаган. «Шунинг учун мен қайта ишга тушириш, алмаштириш ҳақида гапиряпман, мен биргина шахсга эмас, мамлакат раҳбарияти йўналишига тааллуқли бўлган жиддий нарсани назарда тутяпман», — деган Зеленский.

  • Украина ва Америкадаги нашрлар маълумотига кўра, Володимир Зеленский 29 январ куни ўтказилган йиғилишда Валерий Залужнийга тез орада Украина қуролли кучлари бош қўмондонлигидан истеъфога чиқиши ҳақида маълум қилган. Аввалига Украина президенти офисидагилар ва Украина мудофаа вазирлиги Залужнийни истеъфога чиқариш режалаштирилгани ҳақидаги хабарларни рад этаётганди. Украина ҚК бош қўмондонини лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармон ҳозирча имзоланмаган.

Мавзуга оид