Ўзбекистон | 07:42 / 06.02.2024
3168
2 дақиқада ўқилади

Миср томонидан тақдим этилган гепатитга қарши дорининг навбатдаги туркуми Ўзбекистонга етиб келди 

Миср ҳукумати 2025 йилга қадар умумий қиймати 4,2 млн доллар бўлган жами 800 минг дона С ва В гепатитларига қарши дори воситаларини инсонпарварлик кўмаги сифатида Ўзбекистонга тақдим этади.

Фото: Дунё АА

Миср томонидан Ўзбекистонга инсонпарварлик ёрдами тариқасида ажратилган гепатитга қарши дори воситасининг навбатдаги партияси Тошкентга жўнатилди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Маълум қилинишича, Миср соғлиқни сақлаш вазирлиги билан олиб борилган музокаралар натижаси ўлароқ, ушбу мамлакат ҳукумати томонидан инсонпарварлик ёрдам сифатида ажратилган С ва В гепатитларига қарши дори воситаларининг жорий йилдаги навбатдаги партиясини Ўзбекистонга юборишга келишилган. 

“Uzbekistan Airways” авиакомпанияси Миср ҳукумати томонидан ажратилган С гепатитига қарши “Sofosbuvir-400mg” дори воситасининг 2024 йилдаги учинчи партиясини Шарм аш-Шайхдан Тошкентга етказиб берган. Жами 12 дона қутида 6 720 та «Sofosbuvir-400mg» дори воситаси Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-текшириш институти томонидан беморларга тақсимланади.

Қайд этилишича, Миср томони 2025 йилга қадар умумий қиймати 4,2 миллион доллар бўлган жами 800 минг дона (40 тоннага яқин) С гепатитига қарши “Даклатасвир” ва “Софосбувир” ҳамда В гепатитига қарши “Энтекавир” дори воситаларини инсонпарварлик кўмаги сифатида Ўзбекистонга тақдим этади.

Миср ҳукумати 2023 йил давомида С ва В гепатитларига қарши умумий қиймати 696 минг АҚШ долларга тенг бўлган дори воситаларини Ўзбекистонга етказиб берган. 

Мавзуга оид