Иқтисодиёт | 20:34 / 06.02.2024
18854
3 дақиқада ўқилади

Хориждан автомобил импорти 2,4 баробарга ошди

2023 йил 1 январдан бошлаб ишлаб чиқарувчининг дилери бўлмаган шахсларга ҳам янги автомобил олиб киришига рухсат берилгач, ўтган йили 2022 йилга нисбатан 2,4 баробар кўпроқ енгил автомобил импорт қилинди. Хитойдан импорт 5,2 баробарга ўсиб, хориждан олиб келинаётган ҳар 10 та автомобилдан 8 таси шу мамлакат ҳиссасига тўғри келмоқда.

Фото: Pixabay

2023 йилда Ўзбекистонга 73 204 та енгил автомобил импорт қилинган. Бу – 2022 йилги кўрсаткич (30 388 та)дан 2,4 баробарга юқори. Бу ҳақда Статистика агентлиги маълум қилди.

Таққослаш учун, енгил автомобил импортининг ўсиши 2022 йилда 12,7 фоиз, 2021 йилда эса 5,2 фоиз бўлган.

Тахмин қилиш мумкинки, ўтган йили кузатилган 240 фоизлик ўсиш – янги автомобилларни фақат ишлаб чиқарувчининг дилерлари импорт қилиши мумкинлиги ҳақидаги талаб бекор қилингани билан боғлиқ. Бу чеклов 2023 йил 1 январдан бошлаб олиб ташлангач, расмий дилерлар билан биргаликда, кўплаб импортёрлар ва ҳатто жисмоний шахслар ҳам хориждан автомобил олиб келиб сота бошлади.

2023 йилда кўзга ташланган яна бир ёққол тенденция – автомобил импортида Хитойнинг улуши 2022 йилдаги 36,9 фоиздан ўтган йили 79,3 фоизга етган. Хитойдан олиб келинган автомобиллар сони бир йилда 5,2 баробарга ошган.

2023 йилда Ўзбекистонга энг кўп автомобил етказиб берган давлатлар – Хитой (58 076 та), Корея Республикаси (11 481 та) ва АҚШ (2 210 та) бўлди.

Ўзбекистонга енгил автомобиллар импорти

Мамлакатлар 2021 2022           2023
Хитой 8 880 11 159 58 076
Корея Республикаси  6 472 9 414 11 481
Россия 4 539 1 499  
Қозоғистон 4 470 7 208  
Полша 1 204    
АҚШ 490 555 2 210
Литва 428    
Таиланд 250    
Германия 115 125 228
Япония 97 157 419
БАА   128 64
Ҳонгконг     454
Ҳиндистон     65
Буюк Британия     49
Бошқа мамлакатлар 122 143 158
Жами 27 067 30 388 73 204
Қиймати $588,2 млн   $1,8 млрд

Статистика агентлиги маълумотлари Кореядан ҳам енгил автомобил импорти ортиб бораётганини кўрсатяпти. Хусусан, бу давлатдан 2021 йилда 6472 та, 2022 йилда 9414 та, 2023 йилда эса 11481 та енгил автомобил олиб келинган. Ўтган йили корейс иномаркаларининг импортдаги улуши 15,6 фоизни ташкил қилган.

Қозоғистон ва Россия асосий рўйхатдан чиқиб кетиб, “бошқа мамлакатлар” қаторига қўшилган; АҚШ эса ўз ўрнини мустаҳкамлаб боряпти.

Умуман, президент матбуот хизматининг 2024 йил 6 февралдаги маълумотига кўра, сўнгги 3 йилда Ўзбекистонда электромобиллар сотуви 10 баробар кўпайган. 2023 йилда импорт қилинган автомобилларнинг 35 фоизини электромобиллар ва гибридлар ташкил қилган.

Аввалроқ, “иномарка”ларнинг фақат дилерлар томонидан сотилиши тартиби қайта тикланиши мумкинлиги хабар қилинганди..

Мавзуга оид