Жамият | 18:08 / 06.02.2024
34392
7 дақиқада ўқилади

“Яхта сотиб олиш Ўзбекистонда машина сотиб олишдан арзон” – денгизда яшайдиган ўзбек дастурчиси ҳикояси

Улуғбек Боймуродов – геномика, биотехнология бўйича дастурчи эксперт. Стенфорд университети битирувчиси. У Стенфордда инсон танасини ўрганиб чиқиш учун “атлас” яратиш, Колумбия ва Ню-Йорк университетларида касалларнинг генетик ва клиник маълумотларини бирлаштириб, блокчейнда сақлаш бўйича лойиҳаларда иштирок этган. Ўзбекистонлик дастурчининг Мексикада ўз яхтаси бор: у тўфонсиз мавсумда, денгизда кун кечиради.

Ўзи, АҚШ ва Мексикадаги ҳаёти ҳақида

— Асли Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида туғилиб ўсганман. Мактабда ўқиб юрганимда Flex дастури грантини ютиб олганман. Бу грант АҚШ давлат департаменти томонидан таклиф қилинган. Дастур АҚШда оила билан бирга бир йил яшаб, 10-синфни ўша ерда ўқиш имкониятини берган. Қайтиб келиб мактабни Қаршида битирганман. Ўқишга киришга имкон бўлмагач, Америкага қайтиб, Community коллежида ўқишни бошлаганман. Коллежда, академик ва жамият ишларида фаол бўлганим учун “Phi Beta Kappa” фахрий жамиятининг мингдан ортиқ коллежлардаги бўлимларига хизмат қилиш учун вице-президент этиб сайлашган, бу менга катта имкониятларни очган.

Стенфорд университетида юз фоизлик грант билан ўқидим. Стенфордда технология тадбиркорлиги йўналиши яхши ривожланган, мен ҳам шунга қизиқиб, ўқишни битиришдан олдин дўстларим билан технология маҳсулотларини бозорга чиқарганмиз. Бу орқали дастурлашни ўрганиб, шу соҳада қолганман. Ҳозир биотехнология ва геномика соҳаси бўйича IT архитектураси, янги дастурлар яратиш, илмий ишлар учун янги маҳсулотлар яратиб бериш бўйича контрактор бўлиб ишлайман.

Cоҳаси ҳақида

— Генетика/Геномика, бу инсон танасидаги ҳужайралардаги жараёнларни ўрганади. Дейлик, бир ҳужайра ўртасидаги ядрода инсон танаси, тўқималари бўйича барча маълумотлар сақланган бўлади. Бу жуда катта илм, биз ҳали буни тўла тушуниб етганимиз йўқ.

Бу соҳадаги ишлар асосан тиббиёт учун қилинади. Бу орқали касалликларни олдиндан билиш, мойилликни аниқлаш ва олдини олиш мумкин. Кўпинча саратон касалликлари бўйича изланиш бўлади. Бундан ташқари, қариш жараёнини секинлаштириш ёки олдини олиш бўйича ҳам ишланади. Генетика орқали бошқа соҳадаги олимлар халқлар қандай қилиб дунёнинг турли жойларига тарқалиши, келиб чиқиши ҳақида ҳам илмий ишлар қилиш мумкин.

Айнан менинг соҳам ҳужайрани ўрганаётган олимларга ҳужайрадаги маълумотларни таҳлил қилишга ёрдам беради, маълумотларни модуллаштириш учун кучли, катта-катта компютерлар талаб қилинади. Маълумотлар ҳаммаси бир-бирига уланиб, хулоса чиқариб, олимларга тақдим қилинади. Охирги хулосани олимлар тиббиёт одамларига беради. Мен ўзимнинг дастурлаш хизматларимни мижозларга тақдим этаман. Бу жараён кўп давом этади.

Бунда турли дастурлар ёзиш ёки аллақачон ёзилган алгоритм дастурларини илмий ишга киритиш керак бўлади. Маълумотлар ҳаммаси бир-бирига уланиши керак. Умуман, мана шу ишлар билан шуғулланаман. Баъзи тадқиқотчилар илмий ишини қандай олиб бориш мумкинлиги ҳақида мен билан маслаҳатлашишади ҳам, шунда мен уларга турли алгоритмларни тақдим этаман ёки янги ёзиб бераман.

Ҳизматларидан кимлар фойдаланиши ҳақида

— Биринчи буюртмачим Стенфорд университети бўлган. У ерда инсон танасини ўрганиб чиқиш учун “атлас” яратиш ва уни регуляция қилиш бўйича лойиҳада ёрдамлашганман. Шу вақтгача бор маълумотлар шулар, функциялари қуйидагича деб сунъий ақлдан сўраш мумкин. Шундай қилиб, биз бор маълумотларни бутун дунё олимларига етказиб бериш устида ишлаганмиз.

Охирги лойиҳам Колумбия ва Ню-Йорк университетларининг бирлашган геном марказида касалларнинг генетик ва клиник маълумотларини бирлаштириб, блокчейнда сақлаш бўлди. Бу блокчейн барча маълумотларни ҳимоя қилади ва у маълумотлардан ким, қанча фойдаланаётганини кўрсатиб беради. Бу ишимиз яқинда чоп этилиши ҳам мумкин.

Ҳозирги кунда эса ракка қарши курашишда ёрдам берадиган сайт ва таҳлил қилиб, маълумотларни тушунарли даражада кўрсатадиган қўлланма яратяпмиз.

Иш ва яшаш жойи, яхтадаги кун тартиби

— Ҳозирги пайтда доимий яшаш жойим – Ўзбекистонда. Охирги доимий иш жойим АҚШда бўлган, у ердан кетиб мустақил дастурчи сифатида хизматларимни таклиф қила бошлаганман. Ҳозир АҚШга буюртмачилар билан танишиш, муаммоларини ўрганиш, шартномалар тузиш учун келиб кетаман, ҳозир ҳам шу масалалар билан Калифорниядаман.

Ўзбекистонда ҳам доимий яшамайман. Рақамли номад (Digital nomad)лар дейишади, ҳар хил жойга кўчиб юриб ишлаб юрадиган, мен худди шундай, кўпроқ турли жойда яшаб ишлашни яхши кўраман. Охирги 3 йилда кўпроқ Мексикада яшаб, яхтамда туриб ишлаганман. Тўфонлар мавсумида Ўзбекистонга қайтаман, у ерда ҳам зериксам, Индонезия ёки Шри-Ланкага бориб, сёрфинг билан шуғулланаман.

Одатда, эрталаб яхта қишлоқ, бирор шаҳарча ёнидаги бўғозда ёки оролда бўлади. Тонгда кофе тайёрлаб ичаман, атрофдаги табиатни томоша қиламан. Кейин Старлинк интернети орқали об-ҳаво маълумотларини кўриб, яхта қаерга бориши кераклигини текшираман. Агар яхта учун етарли шамол бўлмаса, ўтириб дастур ёзаман ёки сувга шўнғиб найза билан балиқ овлайман. Балиқни тозалаб овқат қиламан. Умуман, овқат тайёрлаш менга ёқади, бошқа халқлар таомларини тайёрлашга ҳам ҳаракат қиламан. Шу билан 3-4 соат вақтим кетиб қолади. Овқатланиб бўлгач, ё табиатни томоша қилиб, завқланаман, дастур ёзаман ёки китоб ўқийман, шу билан кун кеч бўлади.

Мексикада яхта сотиб олиш тартиби ҳақида

— Бунинг ўз йўллари бор. Бошқа мамлакатга бориб машина сотиб олишдан фарқи йўқ. Пулини тўлайсиз ва ўзингизнинг номингизга ўтказасиз. Ҳужжатларга қўл қўйилади. Яхта ўзингизники, хоҳлаган жойга сузиб борасиз. Яхшироқ жойга қўймоқчи бўлсангиз, пул тўлайсиз. Бўлмаса лангар ташлаб қўйсангиз ҳам бўлади. Пулини айтадиган бўлсак, Ўзбекистонда машина сотиб олишдан яхта сотиб олиш арзонроқ. Жуда катта яхта сотиб олмайсиз, у қанча катта бўлса, шунча бошқариш қийин бўлади. Менинг яхтам ўзимнинг танамнинг кучи билан бошқара оладиган даражада. Лекин сизга жуда кўп завқ беради, ўз уйингиздек бўлади. Меҳмонхонага пул тўламайсиз, балиқ овласангиз, овқатга ҳам пул сарфламайсиз.

Яхта сотиб олиш учун турист бўлишнинг ўзи кифоя. Ўзимнинг яхтамни 20 минг доллар атрофидаги нархга сотиб олганман ва яна 10 минг долларлик асбоб ускуна ўрнатганман. Яхтам хавфсиз ва чўкмайди, ҳар қандай тўфонга ҳам бардош беради.

• Суҳбатни тўлиқ ҳолда Kun.uz’нинг You tube саҳифасида кўришингиз мумкин.

Мадина Очилова суҳбатлашди.
Оператор – Мирвоҳид Мирраҳимов,
Монтажчи – Низомжон Тошпўлатов.

Мавзуга оид