Ўзбекистон | 15:05 / 07.02.2024
19981
8 дақиқада ўқилади

“Боламнинг сумкаси ўзидан оғир” – мактаб ўқувчиси сумкаси оғирлиги қанча бўлиши керак?

Болалар кўтарадиган мактаб сумкаси уларнинг тана вазнининг 10 фоизи атрофида бўлиши керак. Лекин мақола учун фикри ўрганилган ота-оналар болаларининг сумкалари меъёрдан анча оғир эканини айтишди. Бу елка, бўйин оғриқлари, қомат бузилишига сабаб бўлиши мумкин. Айрим ота-оналар айни сумка оғирлиги учун ҳам болаларини мактабга ўзлари олиб бориб-келишга мажбур.

Фото: Kun.uz

Мактаб ўқувчилари ҳар куни турли оғирликдаги сумкалари билан мактабга боради. Мактаб сумкаси биринчи синфдан то битирувчи синф бўлгунга қадар болаларга ҳамроҳлик қилади. Бу сумкалар олийгоҳларга кирганда кичрайиб фақат дафтарлар ва ноутбукдан иборат бўлиб қолиши мумкин. Лекин бола ривожланишининг энг муҳим босқичларидан бири бўлган мактаб даврида ҳамма болалар оғиргина сумкаларни кўтариб юриши керак.

Ўқувчи сумкасининг идеал оғирлиги қанча?

Тадқиқотчиларга кўра, бола тақадиган сумканинг оғирлиги унинг тана вазнининг 10 фоизидан ошмаслиги керак. Масалан, Ўзбекистонда болалар 7 ёшда мактабга чиқишади ва бу пайтда уларнинг ўртача тана вазни 23 кгни ташкил қилади. Демак, улар учун ўртача 2,3 кгли сумка кўтариш меъёр ҳисобланади. 10 ёшли бола (4-синф ўқувчиси) эса ўртача 32 кг бўлади. Унинг сумкаси эса 3,2 кг атрофида бўлиши керак.

Бундан ташқари, сумкаларнинг оғирлиги яна бир қанча омиллар билан белгиланади:

  • Боланинг жисмоний ҳолати;
  • У сумкани кўтариб юрадиган вақт ва масофа;
  • Сумканинг сифати.

Оғир сумка бола соғлигига ёмон таъсир қиладими?

Доимий оғир сумка билан мактабга қатнаш боланинг орқа ва бўйин қисмида оғриқ, елкасида эса ноқулайлик ҳиссига сабаб бўлиши, чарчоқ кучайишига олиб келиши мумкин.

Америкалик педиатр Бредли Вайнбергнинг сўзларига кўра, оғир сумка тақиб юриш:

  • Боланинг қомати ҳолати ва ҳаракат мувозанати ўзгариши сабабли орқа ва бўйин оғриғи ривожланишига олиб келиши;
  • Бола мувозанатига салбий таъсир қилиши сабабли йиқилиш ва бошқа жароҳатларга олиб келиши мумкин.

Бундан ташқари, мушак-скелет тизимида оғриқ, нотўғри тана тузилиши ҳам оғир сумка кўтариш сабаб рўй бериши мумкин.

Болаларнинг ўсиш плиталари сумка оғирлиги сабаб ортиқча стрессдан таъсирланиши мумкин. Бу билан уларнинг бўй ўсиши тўхтамайди. Лекин кейинчалик артритнинг эрта бошланишига олиб келиши мумкин.

Оғир сумкаларга оид бир мақолада 12-14 ёшли болаларда умуртқа поғонаси ўсишининг муҳим босқичи рўй беради, шунинг учун бу ёшдаги болаларда қўшимча эҳтиёт чораларини амалга ошириш кераклиги айтилади.

Ўзбекистонда болаларнинг сумкаси оғирми?

Мақола учун мактаб сумкалари ҳақида ота-оналар фикри ўрганилди. Уларга кўра, мактабда ўқийдиган болаларининг сумкалари анча оғир.

Оналардан бирининг ёзишича, 1-синф қизининг вазни 19 килограмм, сумкаси 4-5 кило атрофида. 4-синф ўғлининг сумкаси ҳам ўзининг тана вазнига нисбатан анчайин оғир.

  • "Ўғлим 4-синф. Папкасининг оғирлигидан менинг елкам оғриб кетади то мактабига олиб боргунча", дейди оналардан бири. "Қизим 7-синф, сумкаси зил-замбил. Шанбадан ташқари қолган кунлари 6 соат дарс бўлади, китобларининг ҳажми катта, ҳажми ноқулай", дейди яна бошқа бир она. Яна бир онанинг фикрига кўра, боласи 4-синфда ўқийди, сумкасини ўзи зинадан олиб чиқиб бермаса, кўтара олмайди.
  • "Қизим 7-синфда ўқийди, сумкасини кеча мактабга тайёрлаб қўйган пайти ўлчадик, 8,5 кг чиқди. 6 та китоб, дафтарлари ва ўзига керакли қўшимча нарсалари билан шунча оғирликда бўларкан".
  • "3-синф қизимнинг сумкаси 6-7 кг чиқади. Ҳалиям мактабга эрталаб дадаси олиб бориб қўяди. Лекин қайтишда ўзи кўтариб келиши керак".
  • "5-синф қизимнинг сумкасида тош борга ўхшайди. "Қандай кўтарасан?", десам, "Оғирмас" дейди. Лекин анча оғир".
  • "Қизимнинг жуссаси кичикроқ, 3-синф, вазни 26 кг. Сумкасини ўлчасам 6,5 кг чиқди. Ҳалиям бугун камроқ нарса олиб кетадиган куни экан".
  • "Қизим 9 ёш, сумкаси анчагина оғир, ундан ташқари мусиқа мактаби учун дарсликларини солса ва скрипкасини ҳам олса, юки унданам оғир бўлиб кетади".

Баъзи оналарнинг айтишича, улар боласининг сумкаси оғирлиги учун ҳам ўзи мактабга олиб бориб, олиб келади.

АҚШда яшовчи ўзбек онаси эса болалари мактабга дарсликлар олиб бормаслигини, дарс вақти Ipod’дан фойдаланилишини, болалар мактабдан фақат ўзига қизиқ бўлган бирор китобни уйда ўқиш учун олиб келишини, шунинг учун ҳам сумкалари оғир эмаслигини билдирди.

Дарсликлар ҳажмига талаб борми?

Мактаб ўқувчиларининг сумкасида, асосан, дарсликлар ва дафтарлар бўлади. Қонунчилик бўйича эса дарсликлар оғирлиги учун меъёрлар белгиланган. Унга кўра, дарслик вазни:

  • 1-4-синфлар учун 300 граммдан;
  • 5-6-синфлар учун 400 граммдан;
  • 7-9-синфлар учун 500 граммдан;
  • 10-11-синфлар учун эса 600 граммдан ошмаслиги керак.

Масалан, 7-синф ўқувчиси бир кунда 6 та дарсликни ўзи билан мактабга олиб борса, фақат дарсликларнинг ўзи 3 кг бўлади. Қўшимча дафтарлар ва ручкалар, сумканинг ўзининг оғирлиги, ўқувчи ўзи билан олиб борадиган сув ва тушлик (агар олиб борса) қўшилса, бола учун анчайин оғир килограмм ҳосил бўлиши мумкин.

Сумкалар оғирлигини қандай камайтириш мумкин?

Болаларга орқага тақиладиган оддий сумка ўрнига аравачали сумкалар олиб бериш мумкин. Бундай сумкаларнинг оғирлиги бола тана вазнининг 20 фоизигача бўлса ҳам болага ноқулайлик туғдирмайди. Лекин ҳар доим ҳам аравачали сумкалар ечим бўлмаслиги мумкин. Сабаби қор ва ёмғирли ҳавода улар билан мактабга бориш ноқулай. Бундан ташқари, қишлоқ ҳудудларида мактабга борадиган болажонлар учун аравача суришга мос йўлаклар бор-йўқлиги ҳам савол остида.

Рюкзакни танлашда эса унинг тузилишига алоҳида аҳамият бериш керак. Елкага осиладиган тасмалари кенг бўлиши муҳим. Энсиз тасмали рюкзаклар оғир бўлганда елкага ботади ва оғриқ пайдо қилиши мумкин. Рюкзаклар ҳажми белнинг пастки қисмидан энсиз, кўкрак айланасидан энлироқ бўлмаслиги керак. Шунингдек, улар тикилган мато, сумканинг ҳажми енгил эканига ҳам эътибор қаратиш керак.

Яна боланинг сумкасини мунтазам текшириб, ундан ортиқча нарсаларни олиб ташлаш ва фақат энг кераклиларини қолдириш зарур.

Турли давлатларда ўқувчилар сумкаси оғир бўлиб кетмаслиги учун синф шкафларидан фойдаланилади. Лекин Ўзбекистонда умумтаълим мактабларида болалар дарслик ва бошқа керакли нарсаларини мактабда қолдириб кетиши одатий ҳолат эмас.

Болалар оғирини енгил қиладиган бирор иш қилиш мумкинми?

Эҳтимол, бу мавзу кичик ва аҳамиятли эмасдек туюлиши мумкин, лекин мавзу ҳафтасига 5-6 кун белгиланган меъёрдан 2 баробар оғир сумкани тақиб мактабга кетадиган ўсиш ёшидаги болалар соғлиги ҳақида. Болалар саломатлиги, уларнинг келажакда елка, бўйин ёки бел оғриғидан азият чекмаслиги, хунук қоматли одамга айланмаслиги учун нафақат ота-оналар, балки уларга масъул ва алоқадор бўлган ҳар қайси бўғин бош қотириши керак.

Мактабларда ҳар бир синфхонада ўқувчилар учун кичик шкафлар ўрнатиш, дарсда баъзи дарсликларнинг электрон тарзда (бунда ҳам ўқувчининг кўзи зарарланмаслиги ва бошқа хавфсизлик масалаларини жиддий ўрганиб чиқишга тўғри келиши мумкин) бўлишига рухсат бериш ва балки яна бошқа ечимлар топишга уриниб кўриш мумкин.

Мавзуга оид