Жаҳон | 12:42 / 08.02.2024
13593
3 дақиқада ўқилади

Бағдодда «Катаиб Ҳизбуллоҳ» гуруҳи етакчиси ўлдирилди

Ироқ пойтахти Бағдод шаҳрида Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи «Катаиб Ҳизбуллоҳ» шиа гуруҳи етакчиси Абу Бакир ал-Саъдий ўлдирилди.

Фото: Reuters

У ва икки тансоқчиси америкаликлар дрони зарбасига учраган машинада бўлишган, уларнинг учаласи ҳам ҳалок бўлган.

Пентагондагилар Абу Бакир ал-Саъдий минтақадаги америкалик ҳарбийларга ҳужумларни ташкиллаштиришга масъул бўлганини билдирган.

АҚШ Ироқдаги ўзи террорчи санайдиган мазкур «Катаиб Ҳизбуллоҳ» гуруҳини америкаликларнинг Иорданиядаги базасига ҳужумда ҳам айблаган, январ ойи охиридаги ҳужум оқибатида америкалик уч нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганди.

АҚШнинг Ироққа бостириб киришидан кейин тузилган «Катаиб Ҳизбуллоҳ» шиа гуруҳи Эроннинг сўнгги вақтларда америкаликларнинг минтақадаги базаларига ҳужумлар уюштираётган иттифоқчилари орасида энг асосийларидан бири саналади.

АҚШ баёнотига кўра, «Катаиб Ҳизбуллоҳ» Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпуси билан яқин алоқа ўрнатган ва бир неча бор Эроннинг ёрдами ва кўмаги билан коалиция кучларига ҳужумлар уюштирган.

Январ ойида, америкаликларнинг Иорданиядаги базасига ҳужумдан кейин, «Катаиб Ҳизбуллоҳ» Ироқ ҳукуматини ноқулай аҳволга солиб қўймаслик учун Америка қўшинларига ҳужум қилишни тўхтатишини эълон қилганди.

Шунга қарамай, америкаликлар чоршанба куни кечқурун Бағдоднинг Маштал туманида шундай суиқасд уюштиришди. Бу гавжум кўчада ҳаракатланган машинага йўлланган аниқ зарба эди.

АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги (Centcom) ҳужум маҳаллий вақт билан соат 21:30 да амалга оширилгани, унинг натижасида «АҚШнинг минтақадаги кучларига ҳужумларни режалаштириш ва ижро этишга тўғридан тўғри масъул бўлган қўмондон» ўлдирилгани ҳақида хабар берди.

«Айни вақтда тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлгани ёки атрофдагиларга зарар етказилгани тўғрисида маълумот йўқ», — дейилган қўмондонлик баёнотида.

BBC жамоаси воқеа жойига етиб борганида у ерда намойишчилар тўпланганига ва шундай ҳайқираётганига гувоҳ бўлишган: «Америка — энг катта иблис».

Ўтган йил октябр ойида Ғазо секторида уруш бошланганидан буён Америка қўшини деярли ҳар куни ракета ёки дронлар зарбаларига дучор бўлмоқда.

Америкаликлар дрони тўғридан тўғри Ироқ пойтахтига жавоб зарбаси йўллаши минтақада Қўшма Штатлар томонидан жиддий эскалация юзага келтирилиши сифатида баҳоланади.

Ироқдаги маҳаллий гуруҳлар аллақачон ўч олишга чақиришмоқда.

Америка қўшинларига ҳужумлар уюштиришда айбланган яна бир гуруҳ бўлмиш «Ҳаракат ал-Нужаба» — «мақсадли ўч олиш» ваъда қилинган баёнот чиқарган ва «бу жиноят жазосиз қолмаслиги» билан таҳдид қилган.

Аммо, Қўшма Штатлар томонидан бундай реакция бўлиши кутилган ҳол эди, чунки Америка стратегияси нафақат ҳарбийлашган гуруҳларнинг инфратузилмалари бўйлаб зарбалар беришни, балки уларнинг етакчиларини йўқ қилишни ҳам ўз ичига олади.

Мавзуга оид