Жамият | 19:25 / 08.02.2024
19946
5 дақиқада ўқилади

“Болаларимга ўргатиш учун ўзим ўргандим” – 3 фарзанди ҳам президент мактабида ўқиётган она ҳикояси

Бир пайтлар ўзида олий таълим олиш имкони бўлмаган навоийлик она фарзандлари илмли бўлиши учун ўзида бор барча имкониятларни ишга солди. Ҳозир унинг 3 фарзанди ҳам Навоий шаҳридаги президент мактабида ўқийди.

Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида яшовчи оила 3 нафар фарзандини Навоий шаҳридаги президент мактабида ўқитмоқда. Болаларнинг отаси Мурунтау кони қўриқлаш хизматида ишлайди, онаси Сарвиноз Холманова эса ўрта маълумотли. 3 фарзанди ҳам нуфузли мактабда ўқиётган оила Зарафшондан Навоийга болалари мактабга қатнашига йўлкира топиб беришга қийналишади, бироқ болаларининг билимли бўлиши учун ўзларида борини бера олишади.

Hudud24 нашри болаларнинг онаси Сарвиноз Холманова билан суҳбатлашди.

“Болалигимда асосий вақтим далада ўтган, пахта чопардик. Шунинг учун норози бўлардим: бизнинг кўп вақтимиз пахта чопиш билан ўтяпти, дарс қилишга кам вақт топамиз деб. Пахтадан қоладиган вақтимга ловия экиб, ўзим йиғиштириб олиб, ўқишга киришга маблағ йиғишга ҳаракат қилардим. Ҳеч ким ишлатмайдиган ерларга ловия экиб сотиб, Самарқанд шаҳрида 3 ойлик компютер курсида ўқиганман.

Оиламизда қизлар 17-18 ёшларида турмушга чиқади, лекин менинг ўқиш ниятим борлиги учун 20 ёшимгача узатишмаган”, деб эслайди Сарвиноз Холманова.

Турмушга чиққач, оилавий вазият туфайли ўқиш режалари амалга ошмай қолади. 3 фарзанди кетма-кет туғилган аёл бор вақтини болалари яхши ўқишига сарфлайди.

“Бошиданоқ катта ўғлимнинг математикадан иқтидорли эканини сезардим, шунинг учун яхшироқ мактабларда ўқитишга ҳаракат қилардик.

Уйимизга янги кўчиб чиққан вақти электр ўтказа олмагандик. 3 йил шу тарзда яшадик ва шу орада қизим, кичик ўғлим туғилди. Улар ҳали чироқ нималигини билмасди, шунинг учун ҳеч қаерга меҳмонга олиб бормасдим. Агар меҳмонга борсак, чироқ нималигини билиб қолишса, уйга қайтгач ичи сиқилади деб шундай қилардим.

Бир куни болаларимнинг девордан мўралаб қўшнининг уйидаги телевизордан мултфилм томоша қилиб ўтиришганини кўриб қолдим. Шундан кейин биз ҳам нақдга бўлмаса-да телевизор сотиб олдик. Лекин уни кўп кўрмасдик, бир ҳафтада бир томоша қилардик, сабаби телевизордан кўп нарса олиб бўлмайди. Болаларим президентнинг китоб ўқиган болалар келажакда телевизор томоша қилган болаларни бошқариши ҳақидаги гапларидан мотивация оларди”, дейди она.

Сарвиноз опанинг айтишича, 2013 йили уларнинг оиласи Зарафшон шаҳрига кўчиб келади. У катта ўғлини гимназияга қўйишни, яхши таълим олишини режа қилганди. Лекин оилада "прописка" бўлмагани учун боласини оддий мактабларга ҳам олмасди. Яна рус тилини ҳам билмайди деган сабаб билан мактаб директори Сарвиноз опанинг ўғлини мактабга қабул қилмаслигини айтади. Лекин аёлнинг “Бир имкон бериб кўринг”, деган гапидан сўнг мактабга қабул қилади. “Прописка” тизими бекор бўлгач қизининг мактабда ўқиши муаммосиз ҳал бўлгани она учун аҳамиятли бўлади.

“Болаларимга ўргатиш учун ўзим атайлаб шахмат ўйнашни ўргандим. Болалар ҳам қизиқиш билан ўрганди, лекин вилоят ва республика мусобақаларига олиб боришга шароитимиз бўлмаган.

Навоий шаҳрида президент мактаби очилган йили икки фарзандим: ўғлим ва қизим ҳужжат топширган ва иккаласи ҳам кирган. Лекин камбағал оила бўлганимиз учун кўпчилик “Бу ерда генийларнинг болалари ўқийди. Сенинг болаларинг ҳам шу мактабга ҳужжат топширдими?” деб кулишган. Лекин бирданига ҳар иккала фарзандим ҳам ўқишга кирган экан”, дейди Сарвиноз Холманова.

Кейин эса кичик ўғил ҳам айни шу мактабга ўқишга киради.

Сарвиноз Холманова фарзандларининг олий таълимни ҳам нуфузли жойларда олишини орзу қилади. Шунинг учун ҳам ишга киришга кўп ҳаракат қилган. Айтишича, “Агар ишга кирсам, мен бор пулимни болаларимнинг ўқишига сарфлайман, бунинг билан давлатга фойдам тегади”, дейман. Лекин иш топишим қийин бўлди.

Президент мактабида Адлия вазирлиги масъуллари билан бўлган учрашувлардан биридан сўнг 3 фарзанди битта мактабда ўқиётган оила ҳақида гап боради ва шу воқеадан сўнг Сарвиноз опа Зарафшон шаҳар Адлия бўлимига ишга киради. 

Сарвиноз опанинг фарзандлари умумтаълимни тугатиб, хориждаги халқаро ОТМларда таълим олишни режа қилган. 

Мавзуга оид