Жаҳон | 14:53 / 08.02.2024
6699
2 дақиқада ўқилади

Сайлов арафасидаги портлашлар. Покистонда 30 га яқин киши ҳалок бўлди

Покистоннинг Белужистон вилоятида Миллий мажлис (парламентнинг қуйи палатаси) учун сайловлар арафасида иккита портлаш содир бўлди. Камида 27 киши ҳалок бўлиб, ўнлаб кишилар яраланган.

Фото: AFP

Биринчи портлаш Афғонистон билан чегарадан 100 км жануби-шарқдаги Кветтадан 50 км масофада жойлашган Пишин шаҳрида, мустақил номзод Асфанд Хон Какарнинг офиси олдида содир бўлган.

BBC мухбири хабар беришича, Какар бу вақтда ўз тарафдорлари билан учрашув ўтказаётганди. Портлаш қурбонлари сони 14 кишини ташкил этган, 25 киши яраланган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган фотосуратларда автомобил ва мотоцикллар портлаш кучидан бўлакланиб кетгани акс этган.

Иккинчи портлаш эса саккиз кишини ҳаётдан олиб кетган, унинг тафсилотлари аниқлаштирилмоқда. Полиция вакили AFP агентлигига айтишича, портлаш Киллаҳ-Саиф-Уллаҳдаги бош бозорда рўй берган ва ДУИ-Ф партиясининг сайловолди офисига қарши қаратилган.

8 февралга белгиланган сайлов арафасидаги кунларда Белужистон ва Ҳайбер-Пахтунхва вилоятларидаги куч ишлатиш билан боғлиқ бир қанча ҳолатлар кузатилганди. Январ ойи охирида Ҳайбер-Пахтунхвада мустақил номзод Реҳан Зеб Хон отиб кетилган, Покистон халқ партияси номзодига ҳам ҳужум уюштирилганди.

Белужистон расмийлари овоз бериш жараёни режа бўйича ўтказилишини маълум қилган.

«Хотирингиз жам бўлсин, биз террорчиларга бу муҳим демократик жараёнга путур етказиш ёки уни бузишга йўл қўймаймиз», — дея ёзган вилоят ахборот вазири Жан Ачакзай ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Мавзуга оид