Ўзбекистон | 18:04 / 08.02.2024
13800
4 дақиқада ўқилади

Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази қалбаки дорилар сотувга чиқарилганидан огоҳлантирди

Наманганда фелдшер тайёрлаб сотган «Зодак», «Анаферон», «Хилак Форте» ва «Витамин B6» номли қалбаки дорилар Андижон, Фарғона ва Тошкент шаҳарларидаги дорихоналарда сотувга чиқарилгани маълум бўлди.  

Фото: Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази

Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази яширин цех шароитида тайёрланган қалбаки дорилар сотувга чиқарилганидан огоҳлантирди

Маълум қилинишича, ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Чортоқ туман тез ёрдам бўлими фелдшери томонидан яширин цех шароитида тайёрланган “Зодак”, “Анаферон”, “Хилак Фортэ” ва “Витамин B6” номли қалбаки дори воситалари Андижон, Фарғона ва Тошкент шаҳарларидаги дорихоналарда сотувга чиқарилгани аниқланган.  

Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази Ўзбекистон ҳудудида дори воситалари ва тиббиёт буюмларнинг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи (идоравий мансублиги, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар) барча ташкилотларни огоҳликка чақирди.

“Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисидаги қонун ва қонуности ҳужжатларига, шунингдек, дори воситалари ва тиббий буюмлар муомаласини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мажбурий риоя этиш фармацевтика соҳасида лицензия талаблари ва шартлари этиб белгиланган.

“Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддасига мувофиқ, сифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини харид қилиш, чакана реализация қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тақиқланади.

Шу ўринда, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган “Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида ягона низом”га мувофиқ, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилмаган, сифатсиз, қалбакилаштирилган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини сақлаш ва (ёки) реализация қилиш лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузилиши ҳисобланиб, лицензиянинг амал қилишини белгиланган тартибда тўхтатилишига олиб келишини эслатиб ўтамиз.

Юқоридагиларга асосан, мазкур лицензия талаблари ва шартларини бузган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи (идоравий мансублиги, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар) барча ташкилотларни фаолият учун берилган лицензияси бекор қилиниб, қатъий чоралар кўрилиши тўғрисида огоҳлантирамиз”, дейилади марказ хабарида.

Олдинроқ ДХХ Наманган вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда «Зодак», «Анаферон», «Хилак Форте» ва «Витамин B6» номли қалбаки дори воситаларини тайёрлаш ҳамда сотиш билан шуғулланган фелдшерни қўлга олганди. Чортоқ туман Тиббиёт бирлашмасининг тез ёрдам бўлими фелдшери 1000 дона қалбаки «Зодак» дори воситасини Андижон вилоятига сотиш мақсадида олиб кетмоқчи бўлган вақтида ушланган. Унинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда дори воситалари ишлаб чиқариш учун мўлжалланган яширин цех борлиги аниқланиб, 763 дона «Анаферон», 2125 дона «Зодак», 4000 дона «Витамин B6» дори воситалари, 570 дона номсиз флаконларда сироплар, дори воситаларини қадоқлашда фойдаланиладиган флаконлар, қутилар, йўриқнома ва ёрлиқлар процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 186-3-моддаси 2-қисми «б» ва «э» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, фелдшерга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Мавзуга оид