Иқтисодиёт | 14:00 / 08.02.2024
20126
5 дақиқада ўқилади

Водий вилоятларида метан-шохобчалар билан боғлиқ вазият ҳафта охиригача яхшиланиши айтилди

Фарғона водийсининг қатор ҳудудларидаги АГТКСларда бир неча кундан буён узун навбатлар юзага келган. Бу эса такси нархлари ошишига сезиларли таъсир кўрсатган. Энергетика вазирлигининг Kun.uz'га маълум қилишича, таъминот билан боғлиқ вазият 10-11 феврал кунларигача ўнгланади.

Фото: Kun.uz

Сўнгги кунларда Фарғона водийсидаги метан газ тўлдириш шохобчаларида давомийлиги бир неча километр бўлган автомобиллар навбати юзага келган.

Kun.uz'га мурожаат қилган ҳайдовчиларнинг маълум қилишича, газ тўлдириш шохобчаларидаги навбатларнинг юзага келиши шохобчаларга табиий газ узатишдаги чекловлар билан боғлиқ.

“Андижон вилоятидан ёзяпман. Йигирма кундан ошди, “заправкалар”да узун навбатлар юзага келган. Шунинг учун бир кун олдин кечки пайт келиб, навбатга тураман. Кечаси билан шу ерда қоламан. Йўлкиралар каррасига ошиб кетган. АИ-80 бензинини топиш муаммо, бори ҳам қиммат”, дейди мурожаатчилардан бири.

Бошқа бир мурожаатчи метан газ муаммоси қачон ҳал бўлишини, нима учун айнан Фарғона водийсида шундай ҳолат кузатилаётганини расмийлар тушунтириб беришини сўраган.

“Вилоятимизда 10 кундан ошди, “газ заправкалар” ишламайди. Масъул ташкилотлар жим. Халқ учун арзони АИ-80 бензини эди, лекин у йўқ. АИ-92 қиммат – 10 500 сўмдан 12 минг сўмгача, сифатини-ку билмаймиз. “Газ заправкалар” очилиши ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса гапирмайди. Кўп қаватли уйларда ҳам газ паст, суюқ овқат ҳам 1 соатда пишяпти”, – дея ёзган бошқа бир наманганлик мурожаатчи.

Аввалроқ, Фарғона вилоятининг Данғара туманида жойлашган автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида уч нафар шахс ўртасида жанжал келиб чиққани ва бир киши вафот этгани хабар қилинганди. Ижтимоий тармоқларда жанжал навбат талашиш оқибатида юзага келгани ҳақида хабарлар тарқалган.

“Вазият 10-11 феврал кунларигача ўнгланади”

Энергетика вазирлиги ахборот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, метан шохобчаларда ҳар бир ҳудуднинг ўзидан келиб чиқиб режа-график қилинган.

“Газ босими паст. Агрегатларнинг кучи етмаяпти тортишга. Газни борган сайин чуқурдан тортиб оляпмиз. Шунинг ҳисобига табиий газ биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини иситишга йўналтириляпти.

Метан “заправка”ларда эса ҳар бир ҳудуднинг ўзидан келиб чиқиб режа-график қилинган. Режа-графикни юритиш ваколати ҳудуд маъмуриятларига берилган. Улар мавжуд газ захирасини аҳолига, ижтимоий соҳа объектларига ва метан “заправка”ларга тақсимлашади.

Қишнинг совуқ пайтида ва куннинг тиғиз вақтида ҳар бир ҳудуд ўзидаги вазиятдан келиб чиқиб чекловларни юмшатиши ёки кучайтириши мумкин. Прогнозларга кўра, вазият 10-11 феврал кунларигача ўнгланади”, – дейилади вазирлик изоҳида.

Қўшимча қилинишича, АГТКСлардаги етишмовчилик ўрнини қоплаш учун “Ўзбекнефтгаз” тарафидан водий вилоятларига режадагидан кўпроқ автобензин ва дизел ёнилғиси йўналтириляпти.

Маълумот учун, 2024 йилда Ўзбекистон тарихидаги энг илиқ январ қайд этилган. Совуқ ҳаво икки марта (ойнинг ўртасида ва охирги беш кунлигида) кузатилган. Ўртача ойлик ҳаво ҳарорати иқлим меъёридан 3-4 даражага, шимолда 1-2 даражага юқори бўлган.

Ўзбекистонда газ қазиб олиш йилдан йилга қисқариб бормоқда

Расмийларнинг берган маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 1,8 трлн куб метр газ захиралари бор. Шундай бўлса-да, сўнгги йилларда мамлакатда газ қазиб олиш муттасил равишда қисқариб бормоқда. Хусусан, 2021 йилда 53,8 млрд куб, 2022 йилда 51,7 млрд куб, 2023 йилда эса 46,7 млрд куб метр газ қазиб олинган. Ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайиши мавжуд конлардаги захираларнинг камайиб бораётгани ва технологик йўқотишлар билан изоҳланганди.

Ўтган йилдан бошлаб маҳаллий қазиб олиш тақчиллигини Туркманистон ва Россиядан газ импорт қилиш ҳисобига қоплашни бошлади. Жумладан, август ойида расмий Тошкент ва Ашхобод йилига 2 млрд кубометргача газ етказиб бериш бўйича қисқа муддатли битим имзолади. Октябр ойида эса рус газини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб бериш жараёнига старт берилди. Ўшанда жорий йилги куз-қиш мавсумида ички эҳтиёжлар импорт қилинадиган газ ҳисобидан қопланиши айтилганди.

Мавзуга оид