Жаҳон | 18:22 / 08.02.2024
8158
11 дақиқада ўқилади

“Европа билан ҳамкорликка кўп қиррали, стратегик жиҳатдан ёндашиш керак” — экспертлар

Январ ойида Европа Иттифоқи Марказий Осиёда ўз иштирокини кенгайтириш бўйича резолюция қабул қилди. “Геосиёсат” дастури икки минтақа муносабатларидаги ўзгаришлар, Россияни четлаб ўтиб Европани Хитой билан боғловчи транспорт йўлаги ва 5+1 форматлари ҳақида сўз юритиш учун сиёсий таҳлилчилар Фарҳод Толипов ва Камолиддин Раббимовни таклиф этди.

— Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янгиланган стратегияси нимани англатади?

Фарҳод Толипов: — ЕИ Марказий Осиё бўйича асосий 2007 ва 2019 йилларда стратегия қабул қилган. Учинчи стратегия бўляптими-йўқми – мен учун мавҳум. Яқинда Европада бир конференцияда бўлдим, у ерда ЕИнинг Марказий Осиё бўйича вакили менга Марказий Осиё бўйича янги стратегияга ҳожат йўқ, 2019 йилдаги стратегия жуда яхши ишланган, шунинг амалий ишлаши ҳақида ишлар бўляпти, деди. Балки қандайдир ўзгартириш киритилар. Ҳозир ҳам ўша стратегияни ўқисак, унинг матни эскирмаган, масалалар долзарб бўлиб турибди. Янгилашга ҳожат йўқ, шунинг ўзини амалга оширса ҳам, анча катта иш бўларди.

ЕИ билан муносабатларимизда стратегиядаги масалалар бўйича нималар амалга ошди, деб сарҳисоб қилсак, ҳали кўп ишлар борлигини кўриш мумкин. Шу маънода ҳали янги стратегия қабул қилинмаса керак, ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

— Европа Иттифоқи комиссияси ва МО республикалари ташқи сиёсат вазирлари нима сабабдан 5+1 форматидаги саммитларни ўтказишни афзал кўрмоқдалар ва бу формат келгусида янада кенгайиши мумкинми?

Камолиддин Раббимов: — Бу формат ташқи дунё минтақани яхлит кўраётганидан дарак, бизнинг ютуғимиз бу. Бу беш республиканинг тарихи ҳам бир-бири билан боғлиқ, битта. Совет иттифоқи даврида парчаланди. Лекин Россия пропагандаси ўзбек деган миллатни биз ўйлаб топдик дейиши ҳам ғирт ёлғон.

Ташқи дунё минтақани битта кўриши минтақа истиқболи учун ютуқ ҳисобланади. ЕИда Франция, Германия каби давлатлар билан 5+1 форматида учрашувлар бўлаётган эди. Биринчи марта 5+1 тарзда ЕИ ва Марказий Осиё саммити бўлади Самарқандда. Самарқанд бўлишининг ҳам рамзий маъноси бор, яъни бирорта давлат пойтахти эмас, минтақанинг тарихий маркази бўлгани учун.

ЕИ учун Марказий Осиёнинг геосиёсий аҳамияти ўзгариб боряпти. Бир неча йиллар олдин ЕИнинг Марказий Осиёга геосиёсий қараши 2 та нарсани мақсад қилиб қўяр эди: Афғонистондаги хавфсизлик ва Россиянинг геосиёсий лойиҳаларига шубҳа билдириш, ишончсизлик. Империячилик кайфияти кучайган фонда Украина урушидан кейин Марказий Осиёга эътибор кучайди. Чунки бир томондан геосиёсий вазият, иккинчи томондан ЕИнинг хавфсизлиги, энергетикаси, Хитой, умуман, Шарқ билан алоқаларида Марказий Осиёнинг аҳамияти ниҳоятда ўсди.

Фарҳод Толипов: — 5+1 форматлари нисбатан янги феномен, охирги йилларда кучайяпти. Лекин ЕИ сиёсатида Марказий Осиёга яхлит минтақа сифатида қараш 90-йиллардан бошланган эди. Яъни айнан С5+1 шаклида мулоқот қилмаган бўлса-да, биринчилар қаторида минтақа сифатида қараган. 2007 йилда Марказий Осиё бўйича стратегия қабул қилинган, ЕИда Марказий Осиё бўйича дипломатик вакил лавозими ҳам киритилган.

Илмий фаолиятим давомида ЕИнинг Марказий Осиё бўйича дипломатик вакиллари билан суҳбатлашганман, фикр алмашганман. Бундан ташқари, ЕИнинг хавфсизлик масалалари бўйича комиссари Федирика Могерини хоним (2014-2019) доим биз Марказий Осиё билан интеграцион тажрибамизни бўлишишга тайёрмиз, деган фикрни билдириб келган. Марказий Осиё интеграциясидан манфаатдор эканликларини кўрсатиб келишган.

— Марказий Осиё мамлакатлари учун бу Транскаспий транспорт йўлакнинг геосиёсий аҳамияти нимада ва бу уларнинг ташқи сиёсатида қандай ўзгаришларни юзага келтириши мумкин?

Фарҳод Толипов: — Охирги вақтларда экспертларимиз, медиа, расмий доиралар коридорлар, ташқи иқтисодий алоқаларни диверсификация деб атаган ҳолда, турли йўлларни, истиқболли лойиҳаларни кўрсатишга ҳаракат қилишяпти. Булар тўғри гап, лекин бу масаланинг ичига кириб бориб, рақамларга, структурага қарайдиган бўлсак, унчалик осон масала ҳам эмас. Хитой ҳам айнан шу масала устида бош қотиряпти, у ҳам Россияга боғлиқ бўлмаган йўлларни излаяпти. Ҳозир Марказий Осиёдан ўтиб Транскаспий йўналишидан Европага чиқиш ишларини бошлаган.

Битта мисол айтаман. Ўтган йили Шанҳайда бўлган конференцияда Хитой ва ЕИ томонлари савдо алоқаларини муҳокама қилар экан, худди ўртада бошқа давлатлар йўқдек муҳокама қилишди. Шунда мен Марказий Осиё, Кавказ минтақаларидаги давлатлар нима дейди, қандай вазият бўлади, шуни ҳам муҳокама қилиш керак, дедим. Шундан кейин бу бўйича ҳам алоҳида муҳокамалар бўлиши керак деган фикрга келишди. Яъни бир қарашда, муҳокама қилишда осон бўлиб кўринади, бошқаларнинг манфаатлари бор, мос келмай қолиши мумкин. Шу сабаб бу борада ҳали изланишлар керак бўлади.

Камолиддин Раббимов: — Марказий Осиёнинг 5 та республикаси сўнгги бир ярим асрда Россияга кучли боғланди, маълум вақт таркибида ҳам бўлди. Шу сабаб йўллар Россияга боғланиб қолган. Бир сўз билан айтганда Россия монополиясида. Монополиядан чиқиш шарти ҳам бир қанча муқобил йўллар яратишдир. Фарҳод ака айтгандек, техник томонлари жуда оғир бунинг, катта тоғлар, чўллар бор, молиялаш масаласи бор. Ҳали Европанинг ўзида ҳам Хитой билан савдо алоқаларида икки хил қараш бор. ТрансАтлантик қарашли, яъни АҚШ тарафдорларига бу ёқмайди.

ЕИдаги қудратли давлатлар муқобил, денгиз йўлидан бошқа йўлларни ҳам излайди. Олдин Марказий Осиёга потенциали кам минтақа сифатида қаралар эди. Чунки денгиз йўллари арзон эди, минтақада ҳам ҳозиргидек якдиллик йўқ эди, Россиянинг ҳам таъсири катта эди. Бугунги кунда шундай қараш борки, агар АҚШ ва Хитой жиддий конфликтга борса, денгиз йўллари тизими издан чиқиши мумкин, шу сабаб муқобил йўл керак. Бу эса Марказий Осиё ролини оширяпти. Бизнинг манфаатларимиз эса Россия монополиясидан чиқиш ва эркин савдо орқали фойда кўриш бўлади.

— Марказий Осиё минтақавий хавфсизлиги ва барқарорлиги соҳасида Европа Иттифоқининг қандай роли бор?

Фарҳод Толипов: — Бу саволни ЕИ ва АҚШ вакилларига доим бераман учрашувларда. Стратегияларда, бошқа ҳужжатларда Марказий Осиёнинг хавфсизлиги борасида жуда катта гаплар бор, лекин мабодо реал таҳдидлар юзага келса, айтилган ишларни қандай амалга оширасиз, қандай чоралар кўрилади, деб сўрайман. Лекин европаликлар ҳам, америкаликлар ҳам жавоб беришолмади. Яъни де-юре даражасидаги ҳужжатлар, баёнотлар бор, аммо де-факто даражасига кўчганда катта масофа борлигини кўриш мумкин. Шу масофани қисқартириш керак.

Улар саволларга жавоб беролмай қоляпти, деяпмиз, лекин айни пайтда ўзимиз ҳаракат қилишимиз керак яқинликка. Ўзимизнинг имижимизни, жозибадорлигимизни оширишимиз керак, бундан ташқари, минтақавий яқин ҳамкорлик билан ҳам уларнинг олдида статусимиз ўсиши мумкин. 2019 йилдаги Марказий Осиё бўйича стратегиясининг биринчи бобида ҳам минтақавий ҳамкорликка, интеграцияга урғу берилган.

Камолиддин Раббимов: — ЕИ Афғонистонда хавфсизлик ва давлатчилик шаклланишида катта рол ўйнади, лекин бу стратегия иш бермади ва 2021 йилда ҳокимиятга толиблар келди. Лекин эътибор бериш керак, ЕИ давлатлари, АҚШ доим биз давлатларнинг мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини қадрлаймиз, дейди.

Геосиёсий контекстда олсак, постсовет ҳудудидаги кучли давлатнинг бошқа кучсизроқ давлатларга босими кўп учради. Масалан, Россиянинг Украинага босқини, Гуржистоннинг парчалаб ташланиши. Марказий Осиёнинг 5 республикасида ҳам иқтисодий, ҳудудий, ижтимоий ва бошқа муаммолар бор, бу муаммолар Россия томонидан тўлиқ расмийлаштирилмаган. Чунки минтақа ҳали аксилроссия бўлгани йўқ, бизнинг минтақа давлатлари геосиёсий мустақилликни Украина, Болтиқбўйи давлатлари, Кавказ республикалари даражасига олиб чиқишга интилмади эҳтиёткорлик юзасидан, баъзида эса бу эҳтиёткорлик ошиб ҳам кетди.

ЕИ минтақамиз интеграцияси ва мустақиллигидан манфаатдор. Уларнинг стратегияси маъноси шундайки, иқтисодий қудратли ва геосиёсий мустақил бўлиши керак, чунки қўшни қудратли давлатлар томонидан ютилиб кетмаслиги лозим. Бу нарса очиқдан-очиқ айтилмайди одатда, лекин бизнинг манфаатларимизга тўғри келадиган ёндашув бу.

— Келажакда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё муносабатлари ўртасида қандай потенциал стратегик шерикчилик ёки зиддиятлар юзага келиши мумкин?

Фарҳод Толипов: — МО ва ЕИ ҳақида гап борганда, савдо йўллари, коридор, иқтисодий фойда ҳақида гап боради, мана шу тор қарашдан воз кечиш керак. ЕИ билан ҳамкорликка кўп қирралилик, стратегик томонлама ёндашиш керак. Қадриятларга таянган сиёсат деган нарса бор, яъни фақат иқтисодий эмас, давлатчилик нуқтайи назардан яқин муносабатлар.

Темур даврида ҳам Европа билан алоқалар бўлган. Халқимизда ҳам европача шароит, қурилиш кабиларга қизиқиш катта, умуман, евроцентризм бизга бегона эмас. Юқорида айтилгандек, минтақамиз Россия, Хитой қуршовида турган бир пайтда Европага интилиб геосиёсат олиб бориш Марказий Осиё учун ютуқ бўларди. Лекин айтганимдек, Европа ҳам шунчаки Марказий Осиёни қўлламайди, интилиш, қадриятларга таянган сиёсат бўлиши керак. Биламизки, Европа, АҚШ шартли ёрдамлар беради, яъни демократия, инсон ҳуқуқлари кабиларни талаб қилган ҳолда, қадриятлар булар. Табиийки, шартларга амал қилинмаса, танқид қилинади, ёрдам қисқаради. Ўзининг аъзоси бўлган Венгрияга ҳам мана шундай сиёсат олиб боряпти ЕИ, қадриятларга таянган сиёсат мана шундай кучли. Шуни инобатга олган ҳолда ЕИ билан муносабатларни қуриш керак.

Камолиддин Раббимов: — ЕИ бугунги кунда оғир даврни бошдан кечиряпти. ЕИ интеграциялашган, конфедерация шаклида ривожланган энг яхши иттифоқ намунаси. Инсон ҳуқуқлари, либерализм таъминланди. Лекин эркин жамият бўлгач, зиддиятлар табиий равишда бўлади. ЕИ, умуман, сўнгги бир неча асрдаги Ғарбий Европа дунёдаги сиёсий тафаккур ўчоғи бўлиб келяпти. Асосий сиёсий-фалсафий оқимлар, ғоялар, мафкураларнинг ўчоғи Европа. Европада бошланган колониялизм оқибатида Россия бизга бостириб келди, кейинчалик мустамлакаларни озод қилиш сиёсати ортидан эса кеч бўлса ҳам мустақилликка эришдик. Яъни Европа шундай муҳим нуқтаки, у ердаги ғоялар дунёнинг асосий трендларини кўрсатиб берадиган марказ сифатида кўрилади.

Биз учун ЕИ аҳамияти шундаки, мустақиллигимизни сақлашдаги геосиёсий турфа хиллик ва мувозанат тизими. Марказий Осиё ва ЕИ муносабатлари шундай бўлиши керакки, минтақамиз атрофидаги қудратли давлатларга ютилишга йўл қўйиладиган, тийиб туриладиган бўлиши керак.

Фарҳод Толипов: — Брюсселда Марказий осиёлик мутахассислар билан учрашувда бир таклиф бергандим, балки шундандир ёки ўзларида шу ғоя пайдо бўлгандир: ҳозир Марказий Осиё давлатлари ва ЕИдаги давлатлар ўртасидаги алоҳида ҳамкорлик, бундан ташқари, юқори ташкилотларнинг (ЕИ, НАТО, Европа Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти) биргаликдаги умумий стратегияси орқали сиёсат олиб бориш ишлари устида ҳам ишланяпти.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид