Ўзбекистон | 16:02 / 09.02.2024
6103
2 дақиқада ўқилади

Марказий сайлов комиссиясининг 14 нафар аъзоси ваколатлари тугатилди

Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида қабул қилинган қарорлар билан Марказий сайлов комиссияси таркибида ўзгаришлар бўлди.

Фото: Kun.uz

2024 йил 9 феврал куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Марказий сайлов комиссиясининг таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилган.

Мажлисда Марказий сайлов комиссиясининг бир қатор аъзолари – Мариника Бабаназарова, Ферузахон Аҳмедова, Суяржон Қурбонқулов, Шуҳрат Сирожиддинов, Ирода Кенжаева, Алишер Исоқбоев, Орзигул Қозихонова, Шерзодхон Қудратхўжа, Гулноза Исмоилова, Алишер Усмонқулов, Орифжон Бозоров, Шуҳрат Жўраев, Муяссар Қодирова ҳамда Эргаш Юсуповнинг ваколатларини тугатиш бўйича қарорлар қабул қилинган.

Шунингдек, Қонунчилик палатаси депутати Мухтабар Ҳусанова ҳамда МСК Котибияти Сайлов қонунчилиги ва замонавий технологиялар бўйича ўқув маркази директори Халмухаммед Палуаниязовни Марказий сайлов комиссияси аъзоси этиб сайлаш тўғрисида ҳам қарор қабул қилинган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қарорлар Сенатга юборилган.

Эслатиб ўтамиз, сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун ҳамда Сайлов кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, Марказий сайлов комиссияси Олий Мажлис палаталари томонидан тўққиз нафар аъзодан иборат таркибда тузилиши белгиланган.

Мавзуга оид