Ўзбекистон | 09:02 / 09.02.2024
10350
1 дақиқада ўқилади

Норин дарёси устига узунлиги қарийб 500 метр бўлган кўприк қурилади

2024 йилда бунёд этилиши кутилаётган кўприкнинг лойиҳа қиймати 53,6 млрд сўмга тенг.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Уйчи тумани орқали Учқўрғон ва Норин туманларини вилоят маркази билан боғловчи янги йўл ва Норин дарёси устига кўприк қурилмоқда. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Уйчи туманидаги ўрганишлари жараёнида умумий узунлиги 17.5 км.ни ташкил этувчи мазкур лойиҳа тақдимоти билан танишган.

Республика йўл қурилиш дирекцияси буюртмачилигида бош пудратчи “Тошкент кўприклардан фойдаланиш” ДУК томонидан Норин дарёси устига 2024 йилда қиймати 53,6 млрд сўмлик 482 метр узунликда кўприк қурилади. Жами объект қиймати 184,9 млрд сўмни ташкил этади.

Қайд этилишича, мазкур лойиҳа орқали Уйчи, Норин туманларида транспорт тирбандликлари ва келгусида юзага келиши мумкин бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, 100 дан зиёд МФЙларда яшовчи 450 минг аҳоли ва 100 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларига янада қулайлик яратиш мақсад қилинган.  

Мавзуга оид