Ўзбекистон | 15:58 / 10.02.2024
17049
10 дақиқада ўқилади

Автобус саройларидаги битмаган метан-шохобчалар: Ҳукумат даражасидаги лойиҳага ким тўсқинлик қиляпти?

Тошкентдаги автобус саройлари ҳудудида метан-шохобчалар қуриш учун бир нечта тадбиркорга ажратилган ерлар қайтариб олинган. “Тошшаҳартрансхизмат” хусусий шерикларни ўз вақтида устав фондини шакллантирмасликда айблаяпти, тадбиркорлар эса сармоя киритишларига тўсиқлар бўлганини айтмоқда.

Ҳукумат қарори билан бошланган лойиҳа

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил март ойидаги 129-сонли қарорига кўра, пойтахтдаги автобус саройлари филиалларида шу (2017)нинг ўзида сиқилган табиий газ (метан) шохобчалар ташкил этиш белгиланган. Шунга мувофиқ “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тадбиркорларга ДХШ асосида шохобчалар қуриш таклифи билан чиққан.

Кейинчалик aвтобус саройларида шохобча қуриш таклифи сармоядорлар томонидан қабул қилиниб, лойиҳаларни реализация қилишга киришилган. Аммо бугунги кунга келиб, 2020 йилда бу ишга бош қўшган икки тадбиркор афсусда. Уларнинг Kun.uz’га мурожаат қилиб айтишича, деярли қурилиши якунланган жойларини масъуллар улардан тортиб оляпти.

Биринчи ҳолат “MAXX PETROL-OIL” МЧЖ раҳбари Жамшид Маҳкамов билан боғлиқ. Маҳкамов эгалик қиладиган компания 8-автобус саройи филиалида шохобча қуриши ва бу шахобчада газ етказиб бериши керак бўлган “Tashbus Petrol” МЧЖнинг 70 фоиз улушдори ҳисобланган(Статистика агентлигининг 2024 йил 10 февралдаги маълумотларига кўра, айни вақт бу МЧЖ 100 фоиз “Тошшаҳартрансхизмат” АЖга тегишли. 2020 йилда давлат рўйхатидан ўтган “MAXX PETROL-OIL” МЧЖ фаолияти тугатилган). Унинг айтишича, келишувга асосан метан-шохобчани қуриш ишлари 2020 йил июл ойидан бошланиши режа қилинган.

Юнусободдаги 8-автобус паркида ишни бошлаганимиздан кейин бироз вақт ўтиб, ишни бошлаб давом этаётганимизда [8-автобус саройининг] бизга қўйган мажбуриятлари бор эди. Яъни СССР вақтидан қолган дизел “заправка”си бўлган, шуни кўчириб бериш шарти бор эди, чунки биз у ерда қурилиш қилишни режа қилган эдик. Тезлик билан шу дизел “заправка”сини кўчириб бердим. Кейин зудлик билан ҳудуддаги ҳамма жойи бўлмаса ҳам, деярли ярмидан кўп қисми эски асфалт билан қопланган эди, мен уни билганим йўқ. Тез-тез шу ерни аслфалт қилиб беринглар деб шошилинчда айтиб қолишди, ўша ҳудудни асфальт қилиш керак бўлди. Рози бўлиб, шуни қилиб бердим.

Орадан 2 кун ўтиб, президент ташрифи бўлиб қолди. [Қурилиш қилаётган ҳудуднинг] ёнида янги бино қуриб битказилганди, шу ерга келиб қолганларида [АГТКС қуриладиган] жойга ҳам кириб қолдилар. Ўша вақтда мен сафарда эдим, кейин менга хабар келди: бу жой бошқа жойга кўчирилишини, ўрнига қандайдир институт қурилишини айтишди. “Майли, агар президентга шундай таклиф қилинган бўлса, кутамиз, менга ҳам таклиф билан чиқишар, балки”, – дедим. Чунки ҳудудга сармоя киритиб қўйгандим. 1,25 млрд миқдорида харажат қилиб, қурилиш рухсатномаларини олиб, тайёр қилиб қўйгандим. Босқичма-босқич ишлаб кетаётган вақтимда ишимиз тўхтади”, – дейди Жамшид Маҳкамов.

Ҳақиқатан ҳам 2020 йилнинг 16 октябр санасида президент Юнусобод туманига ташрифи доираси 8-автобус саройи филиалида бўлган ва ўрнида қурилиш материаллари бўйича илмий-тадқиқот маркази ташкил этишни таклиф қилган. Бу бўйича Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси томонидан 14-сонли буйруқ ҳам қабул қилинган.

Орада кутишлар билан яна салкам 3 йилдан кейин тадбиркорга алоқага чиқилиб, қурилиш учун рухсат берилган. Маҳкамовнинг айтишича, у бу орада барча ҳужжатларни яна қайта янгилаган, 1,5 ой қурилиш қилган ва ишлар яна тўхтатилган: бунга сармоядорларнинг ўз вақтида лойиҳага инвестиция киритмагани асосий сабаб қилиб олинган.

“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ бошлиғи Анвар Жўраев август ойида таъсисчилар билан ўтказган йиғилишида шу важни келтириб, уставдан чиқиб кетишларини сўраган.

Умумий шартномада 1 йил ичида сармоя киритмаганимни айтишяпти, менга ҳали 1 йил бўлмади. 2020 йил 2 ой, 2023 йилда яна 2 ой – жами ишлаган вақтим 4 ой. 4 ой ичида 2 марта ҳамма ҳужжатларни янгиладим. Бу ҳужжатларни янгилаш ҳам жуда қийин нарса экан, мен бунинг ичига кириб билдим. Ким буйруқ берди бундай деб сўрасак, ҳокимият дейишяпти. Ҳокимият бу тадбиркорлардан жойлар олиб қўйилади деган экан. Ҳеч қандай асос йўқ”, – дейди у.

Иккинчи ҳолат. Жамшид Маҳкамовдан ташқари, шохобчасидан айрилаётган яна бир тадбиркор бор. Унинг вазияти бироз фарқ қилади. “Lulu LLC” МЧЖ раҳбари Ойбек Менглиев 2021 йилда 1-автобус саройи филиали билан қурилиш бўйича шартномага эришган. Унга кўра, қурилиш якунлангач газ етказиб бериш билан “Multi Gas System” МЧЖ шуғулланиши, унинг 70 фоиз улушига ““Lulu LLC” МЧЖ эгалик қилиши керак бўлган(Статистика агентлигининг 2024 йил 10 февралдаги маълумотларига кўра, айни вақт бу МЧЖ ҳам 100 фоиз “Тошшаҳартрансхизмат” АЖга тегишли. 2020 йилда давлат рўйхатидан ўтган “Lulu LLC” МЧЖ ҳозир ҳам мавжуд). Аммо бир йил вақт давомида филиалдаги ижарага берилган жой шохобча барпо қилиниши учун бўшатиб берилмаган.

Корхона масъуллари томонидан бизга қурилиш ишлари учун келишувда белгиланган ерни ажратиб беришга 2022 йилнинг май ойига келиб рухсат беришди. Унгача бўлган муддатда биздан олдин ижарага олиб ишлатган корхона билан шартномасини бекор қила олишмади. 2022 йилнинг май ойида 2023 йил апрел ойигача, яъни 11 ой давомида ҳужжатлаштириш жараёни давом этди. Унгача эса қурилиш ишларини олиб боришнинг имкони бўлмади. Шу сабабли бунга қадар бирор инвестиция киритишнинг иложи бўлмади.

Шунча кетишимизга оддий бир мисол: Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасидан тегишли хулосани олишнинг ўзига 6 ойдан кўпроқ муддатни йўқотганмиз. Яъни ўша вақтда ҳар хил баҳона, сабабларга кўра, биз томондан берилган аризаларга ўз вақтида жавоб берилмаган, ҳужжатлар ўз ватқида кўриб чиқилмаган. Шунинг учун биз ишимизни ўз ватқида тугата олмаганмиз.

Биз, яъни инвестор томонидан қанча сўров, қистовларга қарамасдан корхона раҳбари сифатида ўзимга бириктирилган ишларни имконият доирасида бажарганмиз. 2023 йилнинг апрел ойига келиб, қурилиш учун рухсатларни тўлиқ олганмиз. Шу вақтдан ишни бошлаган бўлсак, 27 июлга қадар 3 млрд 700 млн сўмлик ишни бажариб бўлганмиз”, – дейди Менглиев.

Ойбек Менглиевнинг айтишича, шохобча қурилишининг 80 фоизи якунланган, фақатгина пардозлаш ишлари қолган, холос.

Тадбиркорга кўра, “Тошшаҳартрансхизмат”нинг собиқ раҳбари Анвар Жўраев инвесторлар томонидан сарфланган суммаларни ҳисоблатиб, Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳисобидан қоплатиш учун келишишга уринган. Лекин тадбиркорларнинг харажатлари тўлиқ сумма чиқмагани сабабли бу ижобий ҳал этилмаган.

Kun.uz аввалроқ ҳолат юзасидан “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раиси (эндиликда собиқ) Анвар Жўраевнинг ўзи билан боғланган эди. У ўзи раҳбарлик қилаётган компания тўртта тадбиркор билан судлашаётганини айтганди.

2019 йилдан кейин 4 нафар тадбиркор билан газ “заправка” қуриш бўйича шартнома тузганмиз. Устав фондимиз 70/30, яъни 30 фоизни “Тошшаҳартрансхизмат” ва 70 фоизини тадбиркор шакллантириши керак эди. “Тошшаҳартрансхизмат” томонидан 30 фоизи тўлиқ шакллантирилган, 4 нафар тадбиркордан бирортаси шакллантирмаган.

2023 йилда 4 нафари билан учрашганимизда ҳар хил важлар келтиришган, лекин шакллантиришмаган.

Биз уларни уставдан чиқариб ташлашлари учун ўрнатилган тартибда судга мурожаат қилдик. Қонучиликка кўра, 1 йил давомида устав фондини шакллантиришлари керак эди. Лекин бу иш амалга ошмаган. 3 йил давомида бирорта иш бўлмаган, ваҳоланки, биз уларга ер ажратган эдик.

Ана энди бу йил [2023 йил назарда тутилмоқда – таҳр.] газда юрадиган мингта автобус бўлгани учун катта эҳтиёжимиз бор. Шунинг учун уларни суд қарори билан таъсисчилар рўйхатидан чиқариб юбориб, ўзимиз 2024 йилнинг биринчи чорагидан бошлаб қурилишни якунлаб, ишга туширмоқчимиз. Мингта автобусимиз бор, ўзимиз “заправка” қиламиз энди”, – деганди Жўраев.

Шу ўринда қизиқ савол туғилади, “заправка” қурилиши масаласи нима учун аввалроқ ҳал қилиб қўйилмаган? Ваҳоланки, тадбиркорлар билан 2020 йилда шартнома қилинган.

Анвар Жўраевга кўра, бундан аввал ҳам тадбиркорлар билан учрашилган, 2023 йилда долзарб бўлгани учун масала кўндаланг қўйилган. Лекин тадбиркорлар буни рад этди: уларнинг айтишича, уставни шакллантириш ва вақтида инвестиция киритиш бўйича учрашувлар бўлмаган.

Ҳозирда тадбиркорлар ва АЖ ўртасидаги суд Тошкент туманлараро иқтисодий судида, кейинроқ апелляция инстанциясида ҳам кўриб чиқилган ва иш “Тошшаҳартрансхизмат” фойдасига ҳал қилинган. Фуқаролар апелляция шикояти Олий судга мурожаат қилишган. 1-автобус саройи филиали билан қурилиш бўйича шартнома қилган тадбиркор Ойбек Менглиевга тегишли "Lulu LLC" МЧЖ ишда ютқазган. "Maxx Petrol-oil" МЧЖга оид иш тафтиш инстанциясида кўрилмоқда.

Лойиҳани бошида турган “Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг раиси Анвар Жўраев эса жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ва мансаб соҳтакорлиги каби жиноятларда айбланиб, қамоққа олинган.

Шундай қилиб, Ҳукумат талаби билан бошланган лойиҳа боши берк кўчага кириб қолган: миллиардлаб маблағ тиккан тадбиркорлар сарсон, автобуслар метан “заправкалари” тақдири номаълум.

Маълумот учун, Тошкентда мингдан ошиқ метан газида ҳаракатланадиган автобуслар бор. Улар ҳозир ҳам бошқа автомобиллар қатори умумий “заправка”лардан фойдаланишмоқда. Режага кўра, яқин йилларда уларнинг сони янада ошади.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.

Мавзуга оид