Жамият | 17:59 / 13.02.2024
34191
12 дақиқада ўқилади

“Уй олма, қўшни ол” — пойтахтдаги ижара ташвишлари ҳақида ҳаётий ҳикоя

Ўқишни битиргач, институтнинг ўзида олиб қолишди, талабаларга дарс бера бошладим. Кўп ўтмай уйландим ва оиламни ҳам Тошкентга олиб келдим. Ўша пайтларда ижарама-ижара юриб сарсон бўлганимни ҳеч қачон унута олмасам керак. Кунларнинг бирида навбатдаги марта уй эгаси ижара уйдан чиқариб юборди...

Фото: Kun.uz

Ҳаётий ҳикоялар” туркумидан бериб борилаётган навбатдаги ҳикоянинг қаҳрамони – ўқитувчи-устоз. У ўқишни битириб пойтахтда қолгач, бир неча йил ижарама-ижара юриб сарсон бўлган.

Электрон почтамга юборган мактубида у ана шу оворагарчиликлар тафсилотларини ҳикоя қилади.

— Тошкентга илк марта мактабни битиргач, олий таълим муассасаларидан бирида ўқиш учун келганман. Ўша йилиёқ Шарқшунослик институтига ўқишга кирдим.

Омадим чопиб тўрт йил институт ётоқхонасида яшадим ва бошқа талабалар каби ижарага уй қидириш ташвишидан қутулдим. Ижара уйларда турадиган ҳамкурсларимнинг машаққатларини кўриб турардим.

Ижара уй топиш муаммо бўлса, қўшнилар билан “келишиб” яшаш ундан бадтар муаммо эди. Буни бир марта ижара уйда яшайдиган ҳамкурсимникига меҳмонга борганда сезганман.

Ўша куни кечки пайт ош қилдик ва сузиб энди ейишни бошлаганимизда уй эгаси келиб қолди. У бизни битталаб санаб чиқди, сўнг “Нега бир киши кўп. Сенлар тўрт киши турамиз дегандинг. Беш киши чиқяпсан. Ё ижара ҳақини ошираман ёки бошқа ошиқча одамни кўрмай”, деди безрайиб.

Ҳамкурсим бешинчи одам меҳмон эканини айтганди, “Қулоғимга лағмон илма. Аввалроқ келганимда ҳам ортиқча чиққан одамни меҳмон дегандинг. Умуман меҳмон етаклаб келма унда”, деган жавобни олди.

Ўшанда уй эгасини амаллаб чиқариб юбордик, унгача кайфият ҳам бузилиб бўлди, ош совиб қолди. Мен ётиб қолишни хоҳламай ётоқхонага қайтиб келгандим.

Шундан сўнг ўқишни битиргунимча ҳеч кимникига меҳмонга бормадим. Бироқ ўшанда ижара билан боғлиқ ғалваларнинг асосий қисми олдинда эканини билмасдим...

Ўқишни битиргач институтнинг ўзида олиб қолишди ва талабаларга дарс бера бошладим. Кўп ўтмай уйландим ва оиламни ҳам пойтахтга олиб келдим. Ўша пайтларда ижарама-ижара юриб сарсон бўлганимни ҳеч қачон унута олмасам керак.

Бу орада икки нафар фарзандли бўлдик. Айниқса, ёш боласи бор оиланинг ижарама-ижара кўчиб юриши жуда машаққат бўларкан. Гоҳида ҳаммасига қўл силтаб, ўзимнинг вилоятимга қайтгим келарди. Бироқ яхши маошли иш, ўрганиб қолган жамоадан кетгим келмасди.

Кунларнинг бирида навбатдаги марта уй эгаси ижара уйдан чиқариб юборди. “Ўғлимни уйлантиряпман, тўйдан кейин келин-куёв шу уйда яшайди”, деди у.

Аксарият ҳолларда ижарачи ёқмаса ёки қўшнилар шикоят қилаверишса уй эгалари ижарачини чиқариб юбориш учун “Уйни сотмоқчиман” ёки “Боламни уйлантиряпман” деган баҳоналар қилишарди.

Мени уйидан чиқариб юбораётган одам бундай қилди деб ўйламадим, ҳақиқатан уйланиш ёшидаги ўғли бор эди ва айрим пайтларда ижара пулини олишга келиб турарди.

Қидира-қидира шаҳарнинг яхши бир жойидан икки хонали уй топдим. Нархи ҳам қиммат эмас. Асосийси, мактаб ва боғча олдида, метрога яқин экан. Хотиним ва иккита болам билан кўчиб ўтдик.

Уй эгаси калитни бериб кетаётганида бирпас гаплашиб қолдик, “Агар кимдир безовта қилса бемалол қўнғироқ қилаверинг, анча мунчасига гапим ўтади”, деди. Қаерда ишлашини шунча сўрасам ҳам айтмади.

Шу ҳолда тинчгина яшаб юрдик. Эрталаб ишга чиқиб кетаман, кечки пайт келаман. Қўшнилар билан ҳеч қандай муаммо йўқ, қандай яхши. Бироқ кўп ўтмай бу хотиржамлик йўқолди. Бунга биздан бир қават пастдаги уйнинг сотилгани сабаб бўлди.

Биз яшаётган уй тўрт қаватли бўлиб, ижара квартирамиз учинчи қаватда эди. Пастимизда кимдир яшайдими йўқми, билмасдик.

Кунларнинг бирида ишдан қайтсам хотиним пастдаги қаватда турадиган кекса ёшдаги аёл шикоят қилиб чиққанини айтиб қолди. Болаларим кўп тўполон қилаётганмиш, дупур-дупур овози унга тинчлик бермаётганмиш.

“Ҳозир яна чиқиб қолса керак, эрингиз билан ҳам гаплашаман деганди”, деди аёлим.

Қўшниларнинг шикояти деса ҳар доим ҳаловатим йўқолади. Чунки шикоятчи қўшни гапини сизга ўтказа олмаса, уйнинг эгасини қидириб топади. Сўнг у орқали асабингизни эговлайди. Охири қўл силтаб чиқиб кетишга мажбур бўласиз.

Хотиним болалар тўполон қилаётганмиш деганида ҳайрон бўлдим. Чунки боламнинг каттаси тушгача мактабда бўлади. Кичиги ҳали тўполон қила оладиган ёшга етмади. Каттаси мактабдан қайтгандан сўнг тушлик қилиб тўгаракка кетади. Шу билан мен ишдан қайтадиган пайтда келади.

Мен уйда бўлган пайтларимда болаларнинг қўшниларга овози етадиган даражада тўполон қилганини эслай олмайман. Мабодо пастдаги қаватда ён қўшниларнинг болалари тўполон қилаётган бўлса, биздан гумон қилмаётганмикан?

Кўп қаватли айрим уйларда оёқ остида ёғоч пол қилинмаган, оҳиста юрса ҳам пастдаги қаватдагиларга билинади. Биз яшаётган уйда ёғоч пол бор, ундаги овоз пастдагиларга билинмайди.

Кўп ўтмай аёл эшикни тақиллатиб келди. Ёши 65 ларга бориб қолган, сочни калта кесиб олган замонавийроқ аёл экан. Хотинимга айтган шикоятини менга ҳам қайтарди.

“Мени бир нечта касалим бор. Менга осойишта жой керак. Бу квартирани жуда тинч жой дейишгани учун яқинда олгандим. Мана энди сизни болаларингиз дупурлатиб дам олгани қўйишмаяпти”, деди у.

Шунда унга тўнғич фарзандим кундузи уйда бўлмаслигини, кичкинаси ҳали ёшлигини, кечки пайт ҳам бизникида тўполон бўлмаслигини, балки овоз ён қўшниларникидан чиқаётган бўлиши мумкинлигини айтдим. Бироқ аёл йўқ, овоз сизларникидан чиқяпти деб туриб олди.

Шунда аёлга болаларга эътиборли бўлишимизни, тўполон қилишларига йўл қўймаслигимни айтдим, бироз тинчланиб кетди. Аёлимга болаларга эътиборли бўлишни тайинладим. Иложи борича оҳиста юрадиган паст овозда гаплашадиган бўлдик. Болаларнинг овози умуман чиқмасди. Бироқ...

Бир неча кундан сўнг аёл яна келди. Ваъда бериб устидан чиқмаганимни, дупур-дупур овози тўхтамаганини айтди. Унга биз биринчи келгандан сўнг эҳтиёт бўлаётганимизни гапирсам ҳам тушунишни хоҳламади. Шу жойда у билан баҳслашиб қолдик.

Эшигимиз олдида туриб 102 га қўнғироқ қилди. Аёл диспетчерга муаммосини гапираётганда “Хотини ҳижобда экан, балки тақиқланган ташкилотларга аъзо бўлиши ҳам мумкин. Бир текшириб кўринглар”, деганда ёмон жаҳлим чиқди. Уни сўкиб юборишдан ўзимни зўрға тўхтатиб қолдим.

Бир зумда участка нозири билан бирга яна иккита ходим етиб келди. Уларга иш жойимни айтиб, ҳаммасини бафуржа тушунтирдим. Бироқ аёл бир гапни ушлаб олганди “болалари тинчлик бермаяпти”.

Ходимлар ҳужжатларимни текшириб кўришни ҳам унутишмади. Оилам билан вақтинча рўйхатдан ўтганман, уйни ижара шартномаси асосида олганман. Ҳужжатлардан камчилик топа олмагач аёлни “бўлди ўзимиз назоратга оламиз” деб олиб чиқиб кетишди. Ортда қолган бир ходим, “Домла узр, хизматчилик” деди, бош ирғаб қўйдим.

Шундан сўнг ҳаловатим батамом йўқолди. Кечки пайт ишдан қайтар эканман, “аёл бугун ҳам чиқиб дийдиё қилмасин-да”, деб ўйлардим.

Бу орада кўп қаватли уйнинг “раиси” ва маҳалла раисига алоҳида ҳисобот бердим. Вазият эса ўзгармади. Аёл келса эшик очмайдиган бўлдик. У эшикни роса тақиллатиб, баланд овозда нималардир деб кетарди.

Шундай пайтларда “асаби ёмон бўлса, қандай қилиб узоқ вақт эшикни тақиллатиб, баланд овозда бақириб туриш мумкин?” деб ўйлардим. Ишқилиб аёл уйнинг эгасига чиқмасин, акс ҳолда у вазиятни тушунмаслиги ва бизни чиқариб юбориши мумкин.

Бекорга хавотирланмаган эканман, кунларнинг бирида уйнинг эгаси қўнғироқ қилди. Айтишича, аёл шикоят қилган. Унга вазиятни тушунтирдим. Муаммо аёлнинг ўзида эканлигини айтдим. У аёл қўймаса чиқариб юборишини айтди. Кайфиятим бузилди.

Орада бир ҳодиса содир бўлди ва шу билан муаммодан қутулдим. Мустақиллик байрамига бир неча кун таътил берилди. Туғилиб ўсган қишлоғимга бориб келмоқчи бўлдик.

Кетишдан олдин уйнинг калитини биринчи қаватда турадиган “дом”имизнинг “раиси”га қолдирдим ва бир ҳафталарда қайтишимни айтдим. Шу билан аёлнинг ғавғоларидан вақтинча қутулдик.

Таътилдан қайтган куним кечки пайт аёл пайдо бўлди. Бу сафар эшикни очдим. У яна ўша эски гапларини такрорлаб, уни хотиржам яшашга қўймаётганимизни айтди. Шу жойда аёлнинг соғлигида нимадир муаммо борлигига аниқ ишонч ҳосил қилдим.

Югуриб тушиб уйнинг “раис”ини бошлаб чиқдим ва опани эшитинг дедим. Шунда у ҳам муаммо бизда эмас, аёлда эканини тушуниб етди. “Раис” аёлга “булар бир ҳафта уйда бўлмади, қишлоққа кетганди” деганди нафи бўлмади. Аёл гапириб-гапириб тушиб кетди.

Мен уйнинг эгасига қўнғироқ қилдим ва вазиятни тушунтирдим. Эртаси куни кечки пайт у келди, бирга аёлнинг олдига тушдик. Аёл уйнинг эгасига бақира кетди: “Ўғлим фалон вазирликда ишлайди, ҳозир келяпти. Унга айтаман, ижарачингни қувиб юборади. Мен узоқ йиллар судя бўлиб ишлаганман. Қонунларни яхши биламан”.

Шунда уй эгаси хотиржам ҳолда, майли ўғлингизни кутаман, фалонча фалончиевич ҳалиям вазирми, ўғлингиз унинг қўл остида ишлаяптими? Балки сиз билан ўғлингизни тийиб қўйишга унинг кучи етар”, деди. Шу билан аёлнинг овози ўчди.

Кўп ўтмай ўрта ёшлардаги бир йигит келди. Аёл “қара булар менга кун беришмаяпти” деб у билан йиғлаб кўришди. Йигит аёлни юпатиб ичкарига киритиб юборди.

Сўнг гап бошлади:

Акалар, узр. Онам бетоб. Ҳар куни болаларинг дупур-дупур қилади деб биз билан яшашни хоҳламай алоҳида яшашни хоҳлади. Йўқ деганимизга ҳам қўймади, уй олиб беришга мажбур бўлдик. Уйни ҳам ўзи топган. Шу жойга кўчиб ўтаман деганида ҳам тўхтатиб қололмадик. Бироқ янги қўшнилар билан шу муаммо содир бўлишини ўйламабмиз. Шифокорлар муаммо руҳият билан боғлиқ дейишган. Ҳар доим қулоғига дупурлаган овозлар эшитиларкан. Шифокорлар тинчлантирадиган дорилар тавсия қилишган, уларни ичган пайтларида тинч юради. Дорини ичмаган пайтларида шу аҳвол. Онамни олиб кетаман ва дориларни ичишига эътиборли бўламиз”.

Йигит такрор-такрор узр сўраб онасининг олдига кириб кетди. Кўп ўтмай аёл кўринмай қолди, ўғли олиб кетди шекилли. Орадан бир неча ҳафта ўтгач пастда бегона киши кўриниб қолди, билсак уй бошқа одамга сотилибди.

Ўзим уй сотиб олгунча бир неча йил ўша жойда тинч яшадик. Ҳозир ким ижара уйдан гап очса, бир пайтлар сарсон бўлганларим ва ўша опа эсимга тушади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид