Ўзбекистон | 08:51 / 14.02.2024
6856
2 дақиқада ўқилади

Қоидабузарлик учун машина эгасига эмас, уни бошқарган шахсга жарима қўллаш ҳақидаги қонун рад этилди

Қонунчилик палатаси депутатлари ушбу норма коррупция ҳолатларини келтириб чиқариши мумкинлигини билдирган. 

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Қонунчилик палатаси мажлисида махсус автоматлаштирилган фото ва видео техника воситалари орқали қоидабузарлик қайд этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка транспорт воситасини фуқаролик-ҳуқуқий тартибда фойдаланган шахс тортилиши назарда тутилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Маълум қилинишича, масъул қўмита томонидан қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилиш таклиф этилган. Аммо депутатлар томонидан ушбу нормага доир турли фикрлар билдирилиб, коррупция ҳолатлари келиб чиқиши мумкинлиги қайд этилган.

Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси овозга қўйилган ҳамда етарли овоз тўпламаганлиги туфайли рад этилган.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга жисмоний ва юридик шахсга тегишли транспорт воситасидан фойдаланиб содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус автоматлаштирилган фото ва видео техника воситалари орқали қайд этилган тақдирда, транспорт воситасини фуқаролик-ҳуқуқий тартибда бошқариш ёки фойдаланиш ҳуқуқини олган шахсларни маъмурий жавобгарликка тортишни белгиловчи қўшимча киритиш назарда тутилганди.  

Амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 17(1)-моддасида махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка транспорт воситасининг мулкдори тортилиши белгилаб қўйилган.

Ўзгартиришларга кўра, ушбу бандни «транспорт воситасининг мулкдори» деган сўзлардан кейин «ёки мазкур транспорт воситасини фуқаролик-ҳуқуқий тартибида фойдаланган шахс» деган сўзлар билан тўлдириш таклиф этилганди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид