Жамият | 12:44 / 15.02.2024
16353
2 дақиқада ўқилади

Андижонда фуқаро бир вақтда 2 нафар собиқ хотинига алимент тўлади

Андижон вилоятида яшовчи фуқаро бирданига икки нафар собиқ турмуш ўртоғига алимент бўйича қарздорликни тўлаб берган. Бу ҳақда Kun.uz’га МИБ матбуот котиби хабар берди.

Фото: МИБ ахборот хизмати

Маълум бўлишича, Жалақудуқ туманида яшовчи А.С. оилавий келишмовчиликлар сабаб икки маротаба уйланган ва иккала аёлидан ҳам фарзанд кўрган. Бироқ ҳозирда уларнинг иккиси билан ҳам яшамайди. Суд қарори билан иккала аёлнинг фойдасига болалари учун алимент ундирилиши белгиланган.

А.С. 2009 йилдан буён М.Қ.га ва 2015 йилдан эса З.Ш.га алимент тўлаб келган. Алимент тўловларини ўз вақтида тўламагани сабабли иккала собиқ турмуш ўртоғига тўлаши керак бўлган алимент қарздорлиги йиғилиб қолган.

Ундирувчилар МИБга мурожаат қилиб алимент пуллари ундириб берилишини сўраган. Бюронинг Жалақудуқ туман бўлими ходимлари томонидан ижро ҳаракатлари олиб борилиб, алимент қарзларини тўламаслик жавобгарликка сабаб бўлиши қарздорга тушунтирилган.

Шундан сўнг, қарздор А.С.дан ундирувчи М.Қ.га 13,4 млн сўм ва З.Ш.га 22 млн сўм алимент қарздорлиги ундириб берилган.

Аввалроқ, қашқадарёлик ота алимент эвазига уч нафар фарзандига Тошкент шаҳридан уй олиб берганди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид