“Ўзбекистонда 13 феврал куни қарийб 1 млн ўқувчи мактабга бормаган” — вазирлик расмийси
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг бошқарма бошлиғи Азамат Камолов маълумотига кўра, дарсларга келмаган қарийб 1 млн ўқувчининг 800 мингдан ортиғи сабабли, салкам 95 минги эса мактабга сабабсиз равишда бормаган. Таъкидланишича, эндиликда бу болалар билан Миллий гвардия ходимлари ишлаб, уларни мактабга қайтариш чорасини кўради.
Мактаблардаги инспектор-психологлар штати ИИВдан Миллий гвардияга ўтказилгани муносабати билан 14 феврал куни АОКАда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Миллий гвардия ходимлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда масъуллар Kun.uz мухбирининг жараёнда нима сабаб дастлаб давоматни яхшилашга эътибор қаратилаётганига оид саволига жавоб берди.
Миллий гвардия марказий девони бошқарма бошлиғи Зафар Алимовнинг айтишича, бу вазиятда ишни давоматдан бошлаш тўғри.
“Ишни нимадандир бошлаш керак? Миллий гвардия органларига мактабга мунтазам равишда келмаётган болалар билан ишлаб, уларнинг шароитини ўрганиб, мактабга қайтариш вазифаси юклатилган. Дейлик, шундай қилмоқчимиз. Болалардан ким келмаяпти, ким келаётганини аниқлаш учун давомат[ни билиш] дегани.
Бошида жуда кўп жойларда 30 фоизга яқин болалар келмаётгани айтилди. Лекин ўрганиб кўрганимизда, 30 фоизга яқин болаларнинг келмаётганлик сабаблари ажратиб олинган”, – деди у.
Алимов бу борадаги аниқ статистик рақамларни келтирмади. Маълумот учун, республика бўйича жами 6,5 млн нафар ўқувчи ва 10 мингдан ортиқ мактаб бор.
Ходим мактаб таълимидан норози бўлиб, болаларини ноқонуний диний таълим муассасаларида ўқитиш ҳолатларини ҳам аниқлаш муҳимлигини таъкидлади.
“Биз уларни аниқлаб олишимиз, улар билан қандай ишлашимизни режалаштириб олишимиз керак. Шу билан бирга, оилавий маросимлари, тўй-ҳашам, маърака бўлиши мумкин. Улар билан ишлаймизми ёки йўқ? Биз ўзимиз ишлайдиган болалар контингентини ажратиш ва улар билан ишлашнинг алоҳида йўналишларини белгилаб олишимиз керак. Ҳар битта болага алоҳида ёндашишимиз керак”, – деди у.
Шунингдек, Зафар Алимов электрон тизимда болалар давомати 95-98 фоиз қилиб ёзилган бўлса-да, асл ҳолатда келмайдиган ўқувчилар сони кўпроқ эканини айтиб ўтди.
“Ўзига яраша сабаблар билан [рақамлар орасида] тафовут юзага келди. Ҳозиргача 1 ҳафта ўтган бўлса, биз бу тафовутларни тўғрилаб олдик. Мактаб ўқитувчиларининг давомат белгилаши ва kundalik.com дастурига киритишини тартибга келтириб олдик. Энди биз мунтазам равишда келмаётган, қайсидир сабаблар билан чет элга ёки бошқа ҳудудга чиқиб кетган ўқувчиларнинг ҳаммасини ўрганамиз. Ўрганганимиздан кейин сизга статистик маълумотларни етказамиз”, — деди Миллий гвардия вакили.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг бошқарма бошлиғи Азамат Камолов эса бир кунлик давомат статистикасини очиқлади. Унга кўра, 13 феврал санасида kundalik.com платформасида салкам 1 млн нафар бола мактабга бормагани қайд этилган.
“Рақамларда айтадиган бўлсак, жараён бошланган вақтда ҳақиқатан ҳам юқори сохта рақамлар аниқланганди. 13 феврал кунги давоматни айтишим мумкин, kundalik.com'даги кўрсаткичга кўра, республика бўйича 6 млн 386 минг 163 нафар ўқувчи бўлса, kundalik.com'нинг ўртача 85,4 фоизи бўляпти-да, қарийб 14-15 фоиз боламиз келмаяпти.
929 минг 999 нафар бола республика бўйича 1 кунда мактабга бормаяпти. Улар билан синф раҳбари боғланиб, аниқлаштирганда 835 минг 215 нафари сабабли бўляпти, 94 минг 784 нафар сабабсиз дарсга келмаяпти”, – деди у.
Камоловга кўра, мунтазам равишда мактабга бормаётган болалар билан Миллий гвардия ходимлари ишлаши ва нима сабаб таълим жараёнида иштирок этмаётганининг сабаблари ўрганилиши йўлга қўйилади.
Мавзуга оид
07:30
Ўрта Чирчиқда 9-синф ўқувчиси синфдошлари томонидан калтакланди
13:56 / 22.11.2024
Ўзбекистонда ҳар етти ўқувчидан камида биттаси мактабда ўзини хавфсиз ҳис қилмайди, нега?
12:10 / 24.10.2024
Ўқувчилар ота-оналари қайси маҳсулот истеъмолига рухсат бермаслиги айтилди
12:58 / 17.10.2024