Ўзбекистон | 15:15 / 15.02.2024
14012
3 дақиқада ўқилади

«Соҳанинг қуйи бўғинидаги деҳқон ва фермер ҳам рақобатбардош бўлиши керак» — Шавкат Мирзиёев

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташриф буюрди. Ташрифдаги илк манзил «Асака текстил» кластерининг тўқимачилик корхонаси бўлди.

«Бу улкан мажмуа иқтисодий контрастнинг ёрқин мисоли. 2016 йилгача бу ер ташландиқ жой эди. Давлатимиз раҳбари тадбиркорларга берган руҳ ва мадад натижасида бу ерда босқичма-босқич янги бинолар қурилиб, 2022 йил августда ишга туширилди. Бугунги кунда 83 миллион долларлик лойиҳа эвазига хомашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган тўлиқ «занжир» ташкил этилган.

Хусусан, кластер тизимида Андижон вилоятининг Улуғнор ва Жалақудуқ туманлари ҳамда Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида 11 минг 200 гектар майдонда пахта етиштирилади. Шундан 2 700 гектарда томчилаб суғориш йўлга қўйилган», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Асакадаги корхонага Швейцария, Италия, Туркия, Германия, Япониядан ускуналар келтириб ўрнатилган. У йилига 11 минг тонна ип-калава, 8 минг тонна момиқ ва трикотаж мато, 12 минг тонна ип ва матони бўяш, 6 минг тонна тайёр трикотаж ва сочиқ ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ерда 3 минг 200 киши ишламоқда.

Корхонада хорижий ҳамкорлар талабига асосан сифат назорати, касб ўргатиш маркази ташкил этилган. Бўёқ цехидан чиққан сувни тозалаш иншооти ҳам ишга туширилган.

Умуман, кластер томонидан 102 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилиб, йиллик 50 миллион долларлик экспорт қуввати яратилган.

Келгуси йилларда кластер томонидан Улуғнор туманида 70 минг тонна пахта толасини қайта ишлаш заводи,  тикув-трикотаж ва пайпоқ ишлаб чиқариш корхонаси ташкил қилиниши режалаштирилган. Уларда яна 1 минг 600 дан зиёд иш ўрни очилади.

Шу ерда Андижон вилояти мисолида пахта-тўқимачилик саноатини ривожлантириш концепцияси бўйича ахборот берилди. Ишлаб чиқариш таннархи 15 фоизга қисқартирилиши, 65 фоиз қўшилган қиймат яратилиши, дизайнер ва технологлар мактаби ташкил этилиши қайд этилди. Нуфузли брендлар ва ритейлерлар жалб этилиб, тармоқ корхоналари экспорти 800 миллион долларга етказилади. 

Давлат раҳбари кластер билан фермерлар ўртасидаги муносабатларда манфаатдорликни ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

«Қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини ривожлантиряпмиз. Мақсадимиз - ерга нисбатан эътиборни, маҳсулот етиштирадиганлар манфаатини кучайтириш. Соҳанинг қуйи бўғинидаги деҳқон ва фермер ҳам рақобатбардош бўлиши керак», - деди Шавкат Мирзиёев.

Президент корхонада ишлаётган тикувчи аёллар билан суҳбатлашди. Уларнинг айримлари ўз туманида юқори маошли иш пайдо бўлгани учун меҳнат мухожирлигидан қайтиб келган.

Мавзуга оид